Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш бўй кўрсатади. Мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг тумуш ободлиги осойишталик туфайлидир.
Шу нуқтаи назардан айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида ўтказилаётган “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзуидаги нуфузли халқаро конференция нафақат юртимизда балки дунёда тинчлик ва барқарорликнинг аҳамиятини тарғиб қилишда муҳимдир.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 19 сентябрда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзуида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу эзгу ташаббуси халқаро ҳамжамият томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Мазкур халқаро конференцияда Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Иордания, Ўмон, Россия, АҚШ, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Покистон каби дунёнинг 22 мамлакатидан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар қатнашаётгани бунинг ёрқин ифодаси.
Конференцияда бугунги тахдикали ва мураккаб даврда тинчликпарвар ислом динининг бағрикенгликка йўғрилган таълимотини ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш, мавжуд ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари батафсил муҳокама қилинади. Шунингдек, анжуман Ўзбекистоннинг бағрикенглик ва ҳамжиҳатликка асосланган намунавий сиёсатини жаҳонга танитиш йўли ҳамдир.
Таъкидлаш жоизки, дунёнинг турли минтақа ва давлатларида инсоннинг яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиши ва иқтидорини намойиш этиши каби ҳаётий ва табиий ҳақ-ҳуқуқлари турли даражада поймол қилинаётган бир даврда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшамоқда. Халқаро конференция ислом динининг тинчликпарвар, маърифатга йўғрилган ғоялари хусусида мамлакатимиз ва хорижий олимлар, экспертлар, уламоларнинг ўзаро фикр юритиши учун қулай мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.
Мамлакатимизда фуқаролар диний эркинлигини таъминлаш, бағрикенглик, ислом маърифий ғоясини тарғиб этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Эътиборли жиҳати, юртимизда янги масжидлар, улуғ аждодларимиз номи билан аталаётган мажмуалар қад ростламоқда, диний таълим муассасалари очиляпти. Соҳада халқаро ҳамкорлик тобора ривожланиб, чет эллик таниқли уламолар диёримизга тез-тез ташриф буюрмоқда, нуфузли халқаро ташкилотлар билан алоқалар мустаҳкамланяпти. Буларнинг барчаси юртдошларимизга чексиз қувонч ва ўзгача ғурур бағишлайди.
Ислом дини айрим ёвуз мақсадли кимсалар зўр бериб айтаётганидек, жаҳолат тарқатадиган дин эмас, аксинча, ўз моҳиятига кўра, ҳақиқат, эзгулик, адолат, хайрихоҳлик ва бағрикенглик дини. Чин маънода унинг дунёда ёйилиши инсониятга адолат, хавфсизлик ва осойишталикни инъом қилиб, уни жаҳолат, адолатсизлик, тартибсизлик ва урушлар зулматидан сақлайди
Ислом дини тинчликни тарғиб қилиши ҳақида Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўплаб халқаро минбарларда ўз фикр ва ташаббусларини билдирган. Улардан келиб чиқиб, БМТ 2017 йил 21 декабрь куни “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилди. Мазкур ҳужжатда терроризм, зўравонлик, экстремизм ҳеч дин, миллат ва цивилизация билан алоқадор эмаслиги ва у билан боғлиқ ҳолда талқин қилинмаслиги лозимлиги белгилаб қўйилди.
Ислом инсоният бахтли бўлишига хизмат қилади. Бу олий мақсадни амалга ошириш учун тарғибот, тушунтириш, далилни асослаш йўлларига таянади. Динимизда мажбурлаш ва бўйсундириш йўқ. Ислом дини инсониятни тинчликка, омонликка, бағрикенгликка, дўстлик ва ҳамжиҳатликка, бунёдкорликка, илм-маърифатга даъват этади. Шунинг учун ҳам юртимиздан етишиб чиққан алломалар ўз асарларида инсониятни эзгуликка, яхши амалларга чорловчи мисраларни баён этган ва бунга умри давомида амал қилиб яшаган.
Ислом сўзининг маъноларидан бири ҳам тинчликдир. Муқаддас динимизда хотиржамлик инсон қалбидан бошланиши таъкидланади. Қалбдаги осойишталик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чорани ишга солади. Оиладаги тинчлик қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар орасига, сўнгра жамиятга кўчади. Давлат миқёсидаги тинч яшашга эса жамият тинч бўлгандагина эришилади.
Муқаддас динимиз нафақат мусулмонлар, балки бутун инсоният ва ҳатто барча мавжудотни раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Одамларни эзгуликка чақиришда фақат тинчлик ва фаровонлик муҳити бўлгандагина муваффақиятга эришилади. Зеро, тинчлик ислом мақсадлари ва манфаатларининг энг юқори поғонасида туради.
Инсониятнинг тинчликка эҳтиёжи сув ва ҳавога бўлган муҳтожлиги кабидир. Шунинг учун Қуръони каримда тинчликнинг ҳаётий зарурлиги ҳақида бир неча оятлар келган.
Тинчлик Аплоҳ таолонинг бандаларига неъмати ва марҳаматидир. Кейинги йилларда ҳам давлатимиз раҳбари томонидан бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Бунда, асосан, юртимиздан етишиб чиққан алломалар илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга урғу берилди.
Бугунги вазият ҳар биримиздан доимо ҳушёрлик ва огоҳликни, ёшлар тарбиясига масъулият билан ёндашишни, уларнинг билими ва саводхонлигини тинмай ошириб боришни, шу йўл билан жаҳолатга маърифатни қарши қўйиб, улар қалбини четдан бўлаётган барча хуруждан қаъий ҳимоя қилишни талаб этади. Бу борада ҳамма бирдек ҳаракатда бўлиши, огоҳ туриши, юртимиз тинчлиги, барқарорлиги учун ўзаро ҳамкорлик қилиши даркор.
Лоқайдлик, бепарволикка берилган ёки ўзим омон қолсам бўлди, каби нотўғри фикрда юрган кимсалар бунинг оқибати нимага олиб келиши тўғрисидаги қуйидаги ҳадиси шарифни ўрганиши кифоя:
“Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан, у киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: “Аллоҳнинт ҳадди – чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагипар сувга ҳожатлари тушса, юқоридагипарнинг олдидан ўтар эдилар. Улар: “Юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак, қандоқ бўларкан”, дедилар. Агар уларни истакпари ила қўйиб қўйсалар, ҳаммалари ҳалок булурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар, улар ҳам, бошқалар ҳам – ҳаммалари нажот топурлар” (Имом Бухорий ривоят қипган).
Жамиятда бир иллатнинг олдини олган, уни кўрганда қарши курашган биргина инсон, бутун бир миллатни қутқарган бўлади.
Бугун дунёда тинчлигини ва хотиржамлигини йўқотган мамлакат ва у юртларда истиқомат қилаётган инсонлар ҳаётлари, таъбир жоиз бўлса, нурафшон нурни йўқотган, зимистон ичида қолган инсонларга ўхшайди. Бу воқеликларни кўриб, эшитиб турган инсонлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлашлари, асраб-авайлашлари лозим. Шунинг учун ҳам биз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, фитна ҳамда бўҳтонлардан ҳимоя қилишимиз, манфур кимсаларнинг макр ва пуч ғояларига учмасдан, алданмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор этиб, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб қилишни долзарб вазифа сифатида билишимиз лозим.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масьул ходими
Манба: «Халқ сўзи» газетаси 2024 йил 15 октябрь, 210-сон
Cавол: Мен макулатура сотиш билан шуғулланаман. Гоҳида ушбу қоғозлар орасидан эскирган Қуръон варақлари ва бошқа диний ёзуви бор қоғозлар ҳам чиқиб қолади. Уларни нима қилсам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Маълумки, динимизда Аллоҳ таолонинг каломи ҳамда гўзал исмлари ёзилган қоғоз ва бошқа нарсаларни хорлаш ёки беҳурмат қилишдан қайтарилган, аксинча уларни эъзоз ва эҳтиром қилишга буюрилган. Шунинг учун, бундай муқаддас битикли қоғозларни макулатурага топшириш мутлақо ярамайди.
Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай хитоб қилади:
ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ
“Гап шудир: Кимки Аллоҳнинг шиорларини улуғ деб билса, бас, албатта, бу дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32 оят).
Демак, оят ва ҳадислар ёзилган китоб ёки варақлар ўқиш учун яроқли бўлса, уларни ҳеч бир йўл билан йўқ қилиш жоиз бўлмайди, балки уларни фойдаланадиган кишиларга топшириш лозим.
Аммо улар эскириб, ўқишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган бўлса, уларни тоза бир латтага ўраб, оёқ ости қилинмайдиган ерга кўмилади. Бу ҳақда Аллома Ҳаскафий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Фойдаланиб бўлмайдиган китоблардан Аллоҳ таолонинг фаришталар ва Пайғамбарларнинг исми ўчирилади ва ёқиб юборилади. Ўчирмасдан туриб ҳам оқар сувга оқизиб юборишнинг зарари йўқ. Кўмиш ҳам мумкин. Кўмиш энг афзал йўлдир. Зеро, Анбиёлар ҳам дафн этилганлар” (“Дуррул мухтор” китоби).
Демак, сизнинг қўлингизга келиб тушган муқаддас ёзувли варақларни имкони бўлса, кўмилади ёки ёқилади. Агар бу иш машаққат туғдирса, махсус воситалар ёрдамида ёзувларини кетказиб, қайта ишлаш мумкин.
Ҳозирга келиб эса, қоғозлардаги ҳар қандай ёзувларни кеткиза оладиган махсус воситалар ишлаб чиқилган. Шунга кўра, замонавий фатво марказлари ёзув ва ҳарфлари тўлиқ ўчирилган ва махсус ишлов берилган қоғозларни қайтадан фойдаланиш мумкинлигига фатво бермоқдалар. Бунинг сабаби улардаги оят ва ҳадис ҳамда бошқа диний ёзувлардан асар қолмаганидир.
Бу ҳақда Аллома Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: "Қуръон ёзилган лавҳ (доска, тахта)ни ўчириб, уни дунё ишига ишлатса, жоиздир" ("Ал-Баҳр ар-Роиқ" китоби).
Бундан ташқари олдинги вақтларда қоғоз ва китоблар кам бўлгани учун, уларни ерга кўмиш машаққат эмас эди. Ҳозирда эса, уларнинг ҳажм ва миқдори кўпайгани сабабли бу миқдордаги китоб ва қоғозларни кўмиш катта машаққат ва сарф-харажат талаб қилади. Динимиз эса, машаққатга буюрмайди.
Шу билан бирга уларни кўмиб юборилса, ҳеч ким фойдалана олмайди. Аммо уларни қайта ишлаб қоғоз ҳолига келтирилса, қайтадан фойдаланиш мумкин. Бироқ, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу амалиёт жараёнида мусҳаф ёки оят ёзилган қоғозларни ушлашда уларнинг ҳурматини жойига қўйиш, таҳоратли ёки қўлқопли бўлиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази