frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Маҳмуд Мисрий эътирофи

15.10.2024   18741   1 min.
Маҳмуд Мисрий эътирофи

­– 15-16-октабр кунлари Ўзбекистоннинг гўзал ва қадимий Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” номли халқаро конференция ўтказилмоқда. Мазкур нуфузли анжуманда иштирок этаётганимдан бениҳоя шодман.

Конференция доирасида Ўзбекистон халқаро ислом академиясида муассаса вакиллари билан мулоқот олиб бордик. Бу ерда “Қўлёзмаларни тадқиқ қилишнинг назарий асослари” номли китобимнинг ўзбек тилидаги тақдимоти ҳам ўтказилганидан жуда қувондим. Академия ва “Дорул Махтутот” маркази ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини муҳокама қилдик, тажриба алмашдик. 

Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бераман. Ўзбекистон тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурадиган диёр.  Ўзбек халқи шу юртда туғилиб вояга етган, ўзининг ниҳоятда серқирра илмий-ижодий фаолияти билан дунё аҳлини лол қолдирган, дунё тамаддуни ривожига беадоқ ҳисса қўшган улуғ аждодлари билан фахрланса арзийди. 

Шарқ бир неча асрлар давомида тараққиётнинг ўзаги бўлиб келган. Бугун ҳам унинг нури умумбашарий маданий ва илмий мерос сифатида кенг нур сочаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Президент ташаббуси билан ўтказилаётган “Ислом – тинчлик ва эзгулик” дини мавзусидаги халқаро конференция эса ҳозирги глобаллашув жараёнида ислом мўътадиллик ва бағрикенглик дини эканини намоён қиладиган муҳим маърифат майдони эканини таъкидламоқчиман.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг буюк аллома ва мутафаккирларнинг дунё, хусусан, мусулмон илм-фани ва цивилизацияси равнақига қўшган муносиб ҳиссаси, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳияти бўйича фундаментал тадқиқотлар ўтказишга оид дастурлар, илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларни ўтказишни қўллаб-қувватлаб билдирган ташаббусларини юқори баҳолайман.

Маҳмуд Мисрий,
Туркиянинг Истанбул шаҳридаги қўлёзмаларни ўрганишга ихтисослашган “Дорул Махтутот” маркази бош директори

https://iiau.uz/oz/news/3434

Бошқа мақолалар

От изини той босар

14.08.2026   45569   1 min.
От изини той босар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».


Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.


Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:


– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.

– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...

– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.

Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.

– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.

– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.


Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.


Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.


Акбаршоҳ РАСУЛОВ