Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Ноябр, 2024   |   28 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:03
Қуёш
07:27
Пешин
12:16
Аср
15:14
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
29 Ноябр, 2024, 28 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Мазкур конференция тинчлик ва эзгулик йўлидаги муҳим анжуманлардан бири бўлди

15.10.2024   1599   2 min.
Мазкур конференция тинчлик ва эзгулик йўлидаги муҳим анжуманлардан бири бўлди

Бу юртда неча асрлардан бери Ислом дини равнақига ҳисса қўшган буюк алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Абу Мансур Мотуридий каби зотлар етишиб чиққан. Улар Ислом оламида ёрқин из қолдирган сиймолардир. Улар қолдирган мерос ислом ҳақиқатини ифодалаган.

Мазкур конференциянинг уламолар юртида ўтказилишида ҳам чуқур маъно бор. Ислом динининг тинчлик ва осойишталикни тарғиб қилиши, бағрикенгликни таъкидлашида ушбу етук уламоларнинг алоҳида ўрни бор.

Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама алоқалар қадим тарихга бори тақалади. Бугун бу давлатлар ўртасидаги муносабатларга урғу берадиган бўлсак ушбу муносабатларнинг мустаҳкам асосларга барпо этилганини кўрамиз. Бу борада бир қанча йўналишларга эътибор қаратмоғимиз мумкин бўлади.  Хусусан, Миср давлати биринчилардан бўлиб Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини эътироф этиб, ўзининг элчихонасини бу юртда очишга шошилгани ва 1994-йилда эса Миср заминида Ўзбекистон элчихонаси очилганини қайд этиш даркор.

Кейинги йилларда ушбу икки давлат ўртасидаги илмий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муносабатлар ривожланганлигини икки давлат раҳбарларининг ташрифлри орқали билишимиз мумкин. 2018-йилда Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси жаноблари Ўзбекистонга ташриф буюрди, 2023-йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноблари Мисрга ташриф буюрди. Бу ташрифлар икки томонлама ҳамдўстлик алоқаларнинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этди. 
  Мен тўхталиб ўтмоқчи бўлган яна бир жиҳат – Ўзбекистонда кенг тарқалиб, намоён бўла бошлаган диний-маърифий соҳадаги изчил ўзгаришлардир. Бу ислоҳотлар, илмий-интеллектуал ҳаракат Президент юритаётган сиёсатда очиқ-ойдин ўз ифодасини топган. Бу эса Ислом цивилизацияси меросини қадрлаш, илм-фан ва уламоларга эҳтиром кўрсатиш орқали ўз ифодасини топади. 
Бир сўз билан айтганда, мазкур анжуманга ташриф улароқ Ўзбекистон Президенти бу табаррук заминда муҳим ислоҳотларни олиб борганини, хусусан Ўзбекистонда маънавий-маърифий, диний ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда, ислом меросини бойитиш, уламоларига юксак эҳтиром кўрсатишини гувоҳи бўлдик.

Назир Муҳаммад Айяд,
Миср Араб Республикаси муфтийси

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Дадажон илтимос қўлларимни қайтариб беринг

28.11.2024   1351   6 min.
Дадажон илтимос қўлларимни қайтариб беринг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Дам олиш куни. Бир бола уй ичида ўйнар эди. Ўйнаб туриб бехостан деразани синдириб қўйди. Ойнанинг қарсиллаб синган товушини эшитган онаси кела солиб айюҳаннос қила кетди. “Ҳа, қўлгинанг узилиб тушсин сани илойим!.. Дадаси мана бу ярамасни қилган ишига қарамайсизми, деразани синдирди?!.. Қачон бундоқ ота бўлиб, болангизни уришасиз а?!..”.

Бу гаплар эрга оғир ботди ва ғазаб билан келиб, бор аччиғини болага сочди. Қараса ҳовлининг бир четида тахта бўлаги ётган эди. Ўшани олиб болани савалай кетди. Ҳали сенмисан, ойнани синдирадиган, дея боланинг кафтларини очиб таёқ билан шарақлатиб роса урди. Бола йиғлаб, чинқирар эди. Аммо ота шу топда нима қилаётганининг ҳам фарқида эмасди. Чунки, хотиннинг бояги ачитма гаплари уни ўз мувозанатидан чиқарганди. Яхши гапга илон инидан чиқади, ёмон гапга мусулмон динидан, деган сўз гўё мана шу ҳолатда ўз ифодасини топгандек эди.

У жонидан ортиқ кўрувчи ўғлини, жигарпорасини уриб чарчагач, бошини чангаллаганча ҳолсизланиб ерга ўтириб қолди. Куннинг аввалиданоқ бутун кайфияти бузилиб, дили хуфтон бўлди. Кейин сиқилиб кетганидан кўчага чиқиб кетди.

Бола эса оғриқдан ингранган кўйи базўр ўрнига етиб олди. Анча вақтгача кўз ёшлари тинмай, нафас олишга ҳам қийналиб, ўпкаси тўлиб, ҳиқиллаб ётди. Кўзлари бир нуқтага қадалиб қолган, даҳшатдан ўзини билмай ҳиқиллаб ётарди. Баданидаги оғриқлардан ҳам кўра, қалбига етган зарбалар алами уни кўпроқ қийнарди. Зеро, у дадасини жуда ҳам яхши кўрарди. Дадаси ҳам уни чексиз яхши кўрар, мен сен билан фахрланаман ўғлим, сен менинг ҳаётим давомчисисан, катта бўлсанг олим бўлиб, қори бўлиб мени масъуд қиласан, қиёматда бошимга тож кийдирасан, дея мақтаб қўярди. Аммо бугун у отасини умуман танимай қолганди.

У кечани ҳам мана шу алфозда ўтказди. Унинг бадани, айниқса икки қўллари кўкариб мўматалоқ бўлиб кетганди. Норасиданинг бу аҳволига осмон ҳам, Ер ҳам унсиз йиғлар, самодаги тўлин ой ҳам қовоғини солиб, маъюс тортган эди. Теварак атроф маъюс сукунат қаърига чўмган, золим, жоҳил отага эса гўё барча юлдузлар, атрофдаги барча дов-дарахту жонзотлар ҳам лисони ҳоли билан лаънат ўқиётгандек эди...

У бир неча кун ўрнидан турмади. Ейдиган овқатини ҳам онаси ётган жойига олиб келиб берарди. Ўғлининг шу ҳолга келишига ўзи сабабчи бўлиб, арзимаган нарса туфайли отасига урдирган ва қўлгинанг узилсин деб астойдил қарғаган она энди меҳрибон бўлиб қолганди.

Баданининг кўкарган жойларини бир-икки кунда ўтиб кетади, деб ўйлаб, докторга ҳам олиб боришмади.

Бир неча кундан кейин онаси эрталаб ўғлини уйғотишга келиб, қараса кафтининг кўкарган жойлари тарқаш ўрнига қоп-қора тусга кирган эди. Буни кўрган заҳоти “войдод, дадаси тез буёққа келинг!” деб қичқириб юборди.

Ота шарт ўрнидан туриб, ўғлининг хонасига югурди. Юз-кўзини даҳшат ва саросима қоплаб олганди. Ўғлининг қорая бошлаган қўлларини кўрдию, ўша заҳоти касалхонага олиб борди.

Шифокор болани кўрикдан ўтказгач, унинг қўллаларида қорасон (гангрена) пайдо бўлганини аниқлади. Боланинг кафтлари заҳарланган эди.

Маълум бўлишича, ота боласини урган ёғочда эски, занглаган майда михлар бор экан. Боланинг кафтларига урилганда ўша михлар унинг терисига кириб, зангнинг заҳри қон орқали баданига ўтиб кетган экан. Ота ўша вақтда азбаройи ғазаби қайнаб турганидан ёғочдаги михларга эътибор ҳам бермаган экан.

Шифокор боланинг икки қўлини билагидан жарроҳлик йўли билан кесиб ташлаш зарурлигини айтди. Агар кесилмаса, улардаги заҳар ва чириш тананинг бошқа аъзоларига ҳам ўтиб кетар экан.

Ота бу гапдан тамоман гангиб, карахт бўлиб қолди. Нима деб жавоб беришни ҳам билмасди. Шунда доктор: “Бу амалиётни дарҳол қилишимиз зарур, орқага суриш асло мумкин эмас”, деди, “бугун кафтни кесиш керак бўлса, эртага тирсаккача кесишга тўғри келиши мумкин, индинга эса бу ҳолат елкагача етиб боради. Вақт ўтган сари иллат баданга кўпроқ тарқайди. Охири амалиёт ҳам фойда бермай қолиши ва бу ҳолат ўлим билан тугаши мумкин!”.

Отанинг жарроҳлик амалиёти ўтказишга рози бўлишдан ўзга чораси қолмади ва ахийри бунга қарши эмаслиги ҳақида ноилож тилхатга имзо қўйиб берди. Боланинг икки кафти кесиб ташланди.

Бола наркоздан уйғонгач қараса, қўллари йўқ эди. Шунда у отасига мўлтиллаб боқиб: “дадажон илтимос мени кечиринг!.., илтимос!.., қўлларимни қайтариб беринг”.., бошқа ҳеч қачон ойна синдирмайман, энди яхши бола бўламан, бугундан бошлаб ҳечам тўполон қилмайман, мени кечиринглар!.. илтимо-о-о-с, қўлимни берақолинглар!..”, дея йиғлаб отасига ялина бошлади.

У ҳали ҳам отам мендан хафа ва қилган ишимга жазо тариқасида қўлларимни олиб қўйган, деб ўйларди.

Ота бундай оғир зарбага дош беролмади. Бунингдек аянчли кўргуликдан қочиб қутулгани жой тополмасди. Охири қаттиқ руҳий изтиробга тушиб қолганидан шифохонанинг юқори қаватида жойлашган беморхонанинг деразасидан ўзини ташлаб жонига қасд қилди, ўз ҳаётига якун ясади.

Зиё Ашраф