Бу юртда неча асрлардан бери Ислом дини равнақига ҳисса қўшган буюк алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Абу Мансур Мотуридий каби зотлар етишиб чиққан. Улар Ислом оламида ёрқин из қолдирган сиймолардир. Улар қолдирган мерос ислом ҳақиқатини ифодалаган.
Мазкур конференциянинг уламолар юртида ўтказилишида ҳам чуқур маъно бор. Ислом динининг тинчлик ва осойишталикни тарғиб қилиши, бағрикенгликни таъкидлашида ушбу етук уламоларнинг алоҳида ўрни бор.
Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама алоқалар қадим тарихга бори тақалади. Бугун бу давлатлар ўртасидаги муносабатларга урғу берадиган бўлсак ушбу муносабатларнинг мустаҳкам асосларга барпо этилганини кўрамиз. Бу борада бир қанча йўналишларга эътибор қаратмоғимиз мумкин бўлади. Хусусан, Миср давлати биринчилардан бўлиб Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини эътироф этиб, ўзининг элчихонасини бу юртда очишга шошилгани ва 1994-йилда эса Миср заминида Ўзбекистон элчихонаси очилганини қайд этиш даркор.
Кейинги йилларда ушбу икки давлат ўртасидаги илмий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муносабатлар ривожланганлигини икки давлат раҳбарларининг ташрифлри орқали билишимиз мумкин. 2018-йилда Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси жаноблари Ўзбекистонга ташриф буюрди, 2023-йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноблари Мисрга ташриф буюрди. Бу ташрифлар икки томонлама ҳамдўстлик алоқаларнинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этди.
Мен тўхталиб ўтмоқчи бўлган яна бир жиҳат – Ўзбекистонда кенг тарқалиб, намоён бўла бошлаган диний-маърифий соҳадаги изчил ўзгаришлардир. Бу ислоҳотлар, илмий-интеллектуал ҳаракат Президент юритаётган сиёсатда очиқ-ойдин ўз ифодасини топган. Бу эса Ислом цивилизацияси меросини қадрлаш, илм-фан ва уламоларга эҳтиром кўрсатиш орқали ўз ифодасини топади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур анжуманга ташриф улароқ Ўзбекистон Президенти бу табаррук заминда муҳим ислоҳотларни олиб борганини, хусусан Ўзбекистонда маънавий-маърифий, диний ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда, ислом меросини бойитиш, уламоларига юксак эҳтиром кўрсатишини гувоҳи бўлдик.
Назир Муҳаммад Айяд,
Миср Араб Республикаси муфтийси
Cавол: Мен макулатура сотиш билан шуғулланаман. Гоҳида ушбу қоғозлар орасидан эскирган Қуръон варақлари ва бошқа диний ёзуви бор қоғозлар ҳам чиқиб қолади. Уларни нима қилсам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Маълумки, динимизда Аллоҳ таолонинг каломи ҳамда гўзал исмлари ёзилган қоғоз ва бошқа нарсаларни хорлаш ёки беҳурмат қилишдан қайтарилган, аксинча уларни эъзоз ва эҳтиром қилишга буюрилган. Шунинг учун, бундай муқаддас битикли қоғозларни макулатурага топшириш мутлақо ярамайди.
Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай хитоб қилади:
ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ
“Гап шудир: Кимки Аллоҳнинг шиорларини улуғ деб билса, бас, албатта, бу дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32 оят).
Демак, оят ва ҳадислар ёзилган китоб ёки варақлар ўқиш учун яроқли бўлса, уларни ҳеч бир йўл билан йўқ қилиш жоиз бўлмайди, балки уларни фойдаланадиган кишиларга топшириш лозим.
Аммо улар эскириб, ўқишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган бўлса, уларни тоза бир латтага ўраб, оёқ ости қилинмайдиган ерга кўмилади. Бу ҳақда Аллома Ҳаскафий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Фойдаланиб бўлмайдиган китоблардан Аллоҳ таолонинг фаришталар ва Пайғамбарларнинг исми ўчирилади ва ёқиб юборилади. Ўчирмасдан туриб ҳам оқар сувга оқизиб юборишнинг зарари йўқ. Кўмиш ҳам мумкин. Кўмиш энг афзал йўлдир. Зеро, Анбиёлар ҳам дафн этилганлар” (“Дуррул мухтор” китоби).
Демак, сизнинг қўлингизга келиб тушган муқаддас ёзувли варақларни имкони бўлса, кўмилади ёки ёқилади. Агар бу иш машаққат туғдирса, махсус воситалар ёрдамида ёзувларини кетказиб, қайта ишлаш мумкин.
Ҳозирга келиб эса, қоғозлардаги ҳар қандай ёзувларни кеткиза оладиган махсус воситалар ишлаб чиқилган. Шунга кўра, замонавий фатво марказлари ёзув ва ҳарфлари тўлиқ ўчирилган ва махсус ишлов берилган қоғозларни қайтадан фойдаланиш мумкинлигига фатво бермоқдалар. Бунинг сабаби улардаги оят ва ҳадис ҳамда бошқа диний ёзувлардан асар қолмаганидир.
Бу ҳақда Аллома Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: "Қуръон ёзилган лавҳ (доска, тахта)ни ўчириб, уни дунё ишига ишлатса, жоиздир" ("Ал-Баҳр ар-Роиқ" китоби).
Бундан ташқари олдинги вақтларда қоғоз ва китоблар кам бўлгани учун, уларни ерга кўмиш машаққат эмас эди. Ҳозирда эса, уларнинг ҳажм ва миқдори кўпайгани сабабли бу миқдордаги китоб ва қоғозларни кўмиш катта машаққат ва сарф-харажат талаб қилади. Динимиз эса, машаққатга буюрмайди.
Шу билан бирга уларни кўмиб юборилса, ҳеч ким фойдалана олмайди. Аммо уларни қайта ишлаб қоғоз ҳолига келтирилса, қайтадан фойдаланиш мумкин. Бироқ, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу амалиёт жараёнида мусҳаф ёки оят ёзилган қоғозларни ушлашда уларнинг ҳурматини жойига қўйиш, таҳоратли ёки қўлқопли бўлиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази