Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Ноябр, 2024   |   29 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:04
Қуёш
07:28
Пешин
12:17
Аср
15:14
Шом
16:58
Хуфтон
18:16
Bismillah
30 Ноябр, 2024, 29 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Мазкур конференция тинчлик ва эзгулик йўлидаги муҳим анжуманлардан бири бўлди

15.10.2024   1607   2 min.
Мазкур конференция тинчлик ва эзгулик йўлидаги муҳим анжуманлардан бири бўлди

Бу юртда неча асрлардан бери Ислом дини равнақига ҳисса қўшган буюк алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Абу Мансур Мотуридий каби зотлар етишиб чиққан. Улар Ислом оламида ёрқин из қолдирган сиймолардир. Улар қолдирган мерос ислом ҳақиқатини ифодалаган.

Мазкур конференциянинг уламолар юртида ўтказилишида ҳам чуқур маъно бор. Ислом динининг тинчлик ва осойишталикни тарғиб қилиши, бағрикенгликни таъкидлашида ушбу етук уламоларнинг алоҳида ўрни бор.

Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама алоқалар қадим тарихга бори тақалади. Бугун бу давлатлар ўртасидаги муносабатларга урғу берадиган бўлсак ушбу муносабатларнинг мустаҳкам асосларга барпо этилганини кўрамиз. Бу борада бир қанча йўналишларга эътибор қаратмоғимиз мумкин бўлади.  Хусусан, Миср давлати биринчилардан бўлиб Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини эътироф этиб, ўзининг элчихонасини бу юртда очишга шошилгани ва 1994-йилда эса Миср заминида Ўзбекистон элчихонаси очилганини қайд этиш даркор.

Кейинги йилларда ушбу икки давлат ўртасидаги илмий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муносабатлар ривожланганлигини икки давлат раҳбарларининг ташрифлри орқали билишимиз мумкин. 2018-йилда Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси жаноблари Ўзбекистонга ташриф буюрди, 2023-йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноблари Мисрга ташриф буюрди. Бу ташрифлар икки томонлама ҳамдўстлик алоқаларнинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этди. 
  Мен тўхталиб ўтмоқчи бўлган яна бир жиҳат – Ўзбекистонда кенг тарқалиб, намоён бўла бошлаган диний-маърифий соҳадаги изчил ўзгаришлардир. Бу ислоҳотлар, илмий-интеллектуал ҳаракат Президент юритаётган сиёсатда очиқ-ойдин ўз ифодасини топган. Бу эса Ислом цивилизацияси меросини қадрлаш, илм-фан ва уламоларга эҳтиром кўрсатиш орқали ўз ифодасини топади. 
Бир сўз билан айтганда, мазкур анжуманга ташриф улароқ Ўзбекистон Президенти бу табаррук заминда муҳим ислоҳотларни олиб борганини, хусусан Ўзбекистонда маънавий-маърифий, диний ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда, ислом меросини бойитиш, уламоларига юксак эҳтиром кўрсатишини гувоҳи бўлдик.

Назир Муҳаммад Айяд,
Миср Араб Республикаси муфтийси

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг қалбларига таскинлик берган оят

28.11.2024   1254   4 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг қалбларига таскинлик берган оят

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Сизни кимдир хафа қилганида ёки нимадандир маҳзун бўлганингизда ё ёлғизланиб қолганингизда ҳеч йиғлаганмисиз?

Бошингизга оғир синов тушганда, ғамга ботганингизда, оилангиз нотинч ёки фарзандларингиз билан боғлиқ муаммо бўлганда қандай қилиб муаммодан чиқишни билмай қолганмисиз?

Бундай вазиятдан қутулиш учун нима қилгансиз?


Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ўзлари якка ҳолда ўтириб, йиғлар эдилар. У зот алайҳиссалом оғир вазиятга гўёки чорасиз бир ҳолатга тушиб қолгандек ўзларини ҳис қилардилар. Шу пайт Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди:

﴿وَلَقَدْ نَعْلَمُ أَنَّكَ يَضِيقُ صَدْرُكَ بِمَا يَقُولُونَ فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَكُنْ مِنَ السَّاجِدِينَ وَاعْبُدْ رَبَّكَ حَتَّى يَأْتِيَكَ الْيَقِينُ﴾

“Албатта, Биз уларнинг айтаётганларидан сенинг дилинг сиқилишини яхши билурмиз. Бас, Роббинг ҳамди ила тасбиҳ айт ва сажда қилгувчилардан бўл. Ва сенга аниқ нарса (ўлим) келгунича Роббингга ибодат қил” (Ҳижр сураси, 97-99-оятлар).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло: “Эй Муҳаммад алайҳиссалом мушрикларнинг масхара қилаётганлари, келтираётган ширклари сизнинг қалбингизни маҳзун этаётганини билиб, кўриб турибман”, деб айтмоқда.

Аллоҳ таоло оятнинг давомида Ўз Расулига озор бераётган нарсалардан қутулиш йўлини ўргатди, бу оят Набий алайҳиссаломнинг қалбларига таскинлик берди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир муддат ваҳий тушмай қолди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам маҳзун бўлдилар. Мушриклар “Муҳаммаднинг Роббиси унга ғазаб қилди, уни тарк этди”, деб гап тарқатдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди:

“Чошгоҳ билан қасам. Сукунатга чўмган тун билан қасам. Роббинг сени тарк қилгани йўқ, сенга ғазаб ҳам қилгани йўқ” (Зуҳо сураси, 1-3-оятлар).

Аллоҳ таоло зуҳо ва тун билан қасам ичиб “Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ғазаб қилмаганини ва у зотни тарк этмаганини ҳам” маълум қилди.

Ҳа, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамиша Ўзи нусрат берган, доимо ҳар қандай қийинчиликлардан чиқиш йўлини кўрсатган, асло ўз ҳолларига ташлаб қўймаган. Бу оятлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларида умид учқунларини пайдо қилди.

Умид сабабли эзилган, қайғуга ботган қалб шифо топа бошлайди. Демак, мусибатга учраган банда билиши керак бўлган нарсаларнинг энг биринчиси шуки – Роббимиз бизни ҳеч қачон тарк этмайди, ўз ҳолимизга ҳам ташлаб қўймайди. У доимо биз билан бирга.

Аллоҳ таоло Зуҳо сурасининг давомида бундай марҳамат қилди:

“Ва албатта охират сен учун бу дунёдан яхшидир” (Зуҳо сураси, 4-оят).

Бу оят ҳар бир мўмин банда учун Қодир Аллоҳдан буюк инъомдир.

Бу оят қалбдаги сўнган умидни уйғотади.

Бу оятда Аллоҳ таоло: “Эй бандам, бу дунёда сенга етган ҳар қандай оғир мусибат, синов ҳам, сени ташвишга солаётган бу қийинчиликлар ҳам ўткинчи, ҳар қандай албатта муаммо ҳал бўлади. Лекин охират ва ундаги мукофотлар бу дунёдан яхшидир”, деб марҳамат қилмоқда. Унутманг! Бир қийинчиликнинг ортидан албатта икки енгиллик келади.

Аллоҳ таоло оятнинг давомида яна бундай марҳамат қилади:

“Ва тезда Роббинг сенга ато қилур ва сен рози бўлурсан” (Зуҳо сураси, 5-оят).

Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам, охиратда ҳам шу қадар кўп неъматларини берадики банда улардан рози бўлади. Шикоятга ҳам, яна қўшимчага ҳам асло ўрин қолмайди. Чунки Роббингиз сизга тайёрлаб қўйган нарсалар сиз учун фақат яхшилик ва хурсандчилик бўлади.

Шундай экан, бирор мусибатга учрасангиз асло маҳзун бўлманг, ғамга ботманг! Аллоҳ таолодан яхшиликларни умид қилинг. Аллоҳ таолонинг сизга берадиган жуда кўп мукофотлари бор. Уларни кўрганингизда бениҳоя бахтиёр бўласиз...

“У сени етим топиб жойлаб қўймадими?”
“Ва У сени ҳайрон ҳолда топиб, ҳидоятга бошламадими?”
“Ва У сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими?”
“Аммо етимга қаҳр қилмагин”.
“Ва аммо «соил»га зажр қилма”.
“Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла”
(Зуҳо сураси, 6-11-оятлар).

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар