Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бўлиб ўтаётган бу муҳташам анжуман, нафақат мусулмонлар учун, балки улар билан диний бағрикенглик тамойиллари асосида умргузаронлик қилиб келаётган, қўни-қўшничилик муносабатларини олиб бораётганлар учун ҳам хайрлидир.
Ислом барча халқларни бирликка чорлайди. Ислом динига эътиқод қилувчи барча мўминлар орасида тарқалган салом сўзи ҳам “Сизга тинчлик, омонлик тилайман”, дегандир. Шу маънода, ислом номи билан боғланаётган хунрезликлар ва нохуш ҳодисалар замирида чин исломга хос бўлган эътиқод йўқ, десак, асло янглишмаган бўламиз.
Ота-боболаримиз минглаб йиллар мобайнида ислом динига эътиқод қилиб келади. Бу эзгу дин, Марказий осиёда яшаётган халқларнинг урф-одатларига қадар сингиб кетган ва бунда ҳеч қандай ғализлик кузатилмайди.
Бунга сабаб эса, соф ислом ақидасини, унинг маърифатини, инсонпарварлигию эзгу ғояларини ботил ақидалардан орифлик билан ажратиб бера олган уламоларнинг айнан Марказий осиёдан кўплаб етишиб чиққанидир. Бу эзгу таълимотлардан узоқлашган сари, фитналар кўпайигани бор гап. Шу боис, ота-боболаримизнинг тўғри эътиқод борасидаги тависиялари ва илмий меросига суянишимиз шарт.
Бугун ахборот глобаллашуви туфайли ботил ғоялар билан чалғиётган ёшлар кам эмас. Шу боис, уларга эътиқод нуқтаи-назаридан тўғри маълумот бериш, ёшларни ботил ақидалардан ўз вақтида огоҳ қилиб бориш, биз уламоларнинг вазифамиздир. Аллоҳ таоло ўз каломида “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз”, деб марҳамат қилади. Аллоҳга шукурки, Ўрта осиё халқи, ислом оламига танилган алломалари билан фахрланади. Муқаддас каломдаги “билганлар” ҳам шулар, аслида.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Хожа аҳмад Яссавий, Сиғноқий каби алломалар ҳақни ботилдан ажратган, умматга тўғри йўлни ва ислом маърифатини кўрсатиб берган кишилар эди. Мана шундай аждодларимизнинг мўътадил йўли эса, ёшларни радикал ғоялардан асрашда жуда муҳим. Бугунги анжуман айнан шу ҳақиқатни англатишга хизмат қилмоқда.
Науризбай Утпенов,
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий
Озарбайжон сафари давомида Туркий давлатлар муфтийлари ва анжуман иштирокчилари Боку, Фузулий, Ағдам, Шуша сингари шаҳарлардаги муборак қадамжоларни зиёрат қилишди. Хусусан, Боку шаҳридаги Саййид Яҳё Бакувий зиёратгоҳи ва "Шаҳидлар хиёбони"да бўлдилар.
Ташкилотчилар илтимосига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ағдам шаҳридаги тарихий “Жума” масжидида турли давлатлардан келган муфтийлар, уламолар ва мартабали меҳмонларга пешин намозида имомлик қилиб бердилар.
Зиёратлар асносида уламолар томонидан Қуръони карим оятлари ўқилиб, қардош эллар тинчлиги, барқарорлиги ва бирдамлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати