Кавказ мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайхул ислом Аллоҳшукур Пошозода бу нуфузли конференция ҳақида фикрларини билдирди:
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат қурилишида шундай улуғвор меросга, бой маънавий манба ва чуқур мазмунли асосга таянадики, бу ютуқлар ўз номини тарихга зарҳал ҳарфлар билан ёздириб, Ўзбекистоннинг асрлар давомида чўққида бўлишига мустаҳкам кафолат беради. Ўзбекистоннинг Ибн Сино, Форобий, Беруний, Улуғбек каби олимлари, Имом Бухорий, Термизий, Мотуридий каби улуғ дин пешволари, Амир Темур ва Бобур каби буюк саркардалари, Алишер Навоий каби шеърият усталари ва бошқа кўзга кўринган тарихий шахслари башарият тарихига беқиёс ҳисса қўшиб, исломнинг улуғ маданий-маънавий меросини бойитганлар, шунингдек, Европа уйғониш даврига туртки берганлар.
Аллоҳга шукрки, ислом олами учун туганмас хазинага эга бўлган биродар Ўзбекистон ўзининг қудратли сиёсий етакчиси бошчилигида тарихий-маънавий миссиясини муваффақиятли давом эттирмоқда.
Бой тарихий ва маънавий меросга асосланиб, Ўзбекистон билан бўлган маданий-маънавий алоқаларни сақлаш ва ривожлантириш Озарбайжон учун ҳам ҳар доим катта аҳамиятга эга бўлиб келган. Бугунги кунда Президентимиз Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасидаги биродарлик ришталари халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада юксалтиришга, жумладан, маънавий соҳалардаги алоқаларнинг ривожланишига улкан туртки бермоқда.
Бир хил этник илдизларга, ўхшаш тарих ва менталитетга эга бўлган қардош халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги сифат босқичига кўтарилишини, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги Иттифоқчилик қарорини беқиёс фахр ва ифтихор манбаи деб ҳисоблаймиз. Қорабоғ заминида Ўзбекистон томонидан қуриб берилган Мирзо Улуғбек номидаги ўрта мактабнинг нафис ва муҳташам биноси ўзбек халқининг қардош совғаси сифатида Озарбайжон халқи учун ниҳоятда азиздир.
Ислом оламининг ажралмас қисми бўлган, миллий ва маънавий қадриятларига содиқ дунёвий, намунавий давлат моделлари бўлган Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг доно, глобал тафаккурга эга давлат етакчиларининг бу йўналишда, шунингдек, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини дунё миқёсида танитиш, унинг қадриятларини ҳимоя қилиш ва исломофобияга қарши курашишдаги алоҳида ўрни бор. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2017 йилни “Ислом ҳамжиҳатлиги йили” деб эълон қилиш қарорини Президент Шавкат Мирзиёев Ислом олами учун зарур деб баҳолаган ва Тошкентда “Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида Ислом ҳамжиҳатлиги” халқаро конференциясини ўтказишимизга ўз хайр-дуосини берган эди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизацияси марказини барпо этиши дин, илм ва замонавийликнинг уйғунлашган бирлиги рамзи ва ривожини ифодалайди.
Бугунги нуфузли тадбирни ўтказиш қарорини Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг юксак минбаридан баён қилган эдилар. Шукрки, Президентнинг глобал ғоя ва ташаббуси ўз самарасини бермоқда ва ислом динининг гуманистик моҳиятини юксак даражада тақдим этиш нуқтаи назаридан муҳим форум Ўзбекистон мезбонлигида амалга ошмоқда.
Ушбу нуфузли конференцияда Ислом оламининг машҳур, обрўли диний ва жамоат арбоблари иштирок этмоқда. Ишончим комилки, Тошкент форуми Ислом оламининг манфаатларини ҳимоя қилиш ва юқори даражада тақдим этиш йўлида ўзига хос ҳисса қўшади. Қардош Ўзбекистон атеизм ҳукмрон бўлган даврда ислом нурини ўчирмаган маёқ ролини бажарган. Советлар Иттифоқи даврида бу нурга эргашиб, 500 йиллик тарихга эга бўлган Мир Араб мадрасасига, Тошкент Ислом Академиясига юзланган авлод вакили сифатида, ўз ватаним Ўзбекистоннинг бугунги кунда ҳам бу миссияни давом эттираётганидан фахрланаман.
Яна бир бор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқи ва давлатининг ривожи ҳамда Ислом оламининг юксалиши йўлида олиб бораётган эзгу фаолиятларига Аллоҳдан барака тилайман. Парвардигор давлатларимизни, Озарбайжон-Ўзбекистон иттифоқини, халқларимизни ва доно давлат раҳбарларимизни ҳимоя қилсин! Аллоҳ Таоло Ислом оламини, мусулмон умматини доимо улуғда барқарор қилсин, ер юзида тинчлик ҳукмрон бўлсин!
Н.Усмонова,
manba: ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан