Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446
Янгиликлар

Шайхул ислом Аллоҳшукур Пошозода: “Бу диёрнинг алломалари Исломнинг улуғ маданий-маънавий меросини бойитганлар!”

15.10.2024   3617   4 min.
Шайхул ислом Аллоҳшукур Пошозода: “Бу диёрнинг алломалари Исломнинг улуғ маданий-маънавий меросини бойитганлар!”

Пойтахтимизда ташкил этилган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро нуфузли конференция қизғин суҳбатларга, ўзаро фикр алмашинувларга бой бўлмоқда. Унда ислом динининг тинчликпарвар ғоялари хусусида батафсил сўз юритилмоқда. Мазкур халқаро конференция исломнинг эзгу ғояларини тарғиб этишда олимларнинг якдил, ҳамжиҳат бўлишларига чорлаётгани билан ҳам аҳамиятли.

Кавказ мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайхул ислом Аллоҳшукур Пошозода бу нуфузли конференция ҳақида фикрларини билдирди: 

–   Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат қурилишида шундай улуғвор меросга, бой маънавий манба ва чуқур мазмунли асосга таянадики, бу ютуқлар ўз номини тарихга зарҳал ҳарфлар билан ёздириб, Ўзбекистоннинг асрлар давомида чўққида бўлишига мустаҳкам кафолат беради. Ўзбекистоннинг Ибн Сино, Форобий, Беруний, Улуғбек каби олимлари, Имом Бухорий, Термизий, Мотуридий каби улуғ дин пешволари, Амир Темур ва Бобур каби буюк саркардалари, Алишер Навоий каби шеърият усталари ва бошқа кўзга кўринган тарихий шахслари башарият тарихига беқиёс ҳисса қўшиб, исломнинг улуғ маданий-маънавий меросини бойитганлар, шунингдек, Европа уйғониш даврига туртки берганлар.  

Аллоҳга шукрки, ислом олами учун туганмас хазинага эга бўлган биродар Ўзбекистон ўзининг қудратли сиёсий етакчиси бошчилигида тарихий-маънавий миссиясини муваффақиятли давом эттирмоқда.  

Бой тарихий ва маънавий меросга асосланиб, Ўзбекистон билан бўлган маданий-маънавий алоқаларни сақлаш ва ривожлантириш Озарбайжон учун ҳам ҳар доим катта аҳамиятга эга бўлиб келган. Бугунги кунда Президентимиз Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасидаги биродарлик ришталари халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада юксалтиришга, жумладан, маънавий соҳалардаги алоқаларнинг ривожланишига улкан туртки бермоқда.  

Бир хил этник илдизларга, ўхшаш тарих ва менталитетга эга бўлган қардош халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги сифат босқичига кўтарилишини, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги Иттифоқчилик қарорини беқиёс фахр ва ифтихор манбаи деб ҳисоблаймиз. Қорабоғ заминида Ўзбекистон томонидан қуриб берилган Мирзо Улуғбек номидаги ўрта мактабнинг нафис ва муҳташам биноси ўзбек халқининг қардош совғаси сифатида Озарбайжон халқи учун ниҳоятда азиздир.  

Ислом оламининг ажралмас қисми бўлган, миллий ва маънавий қадриятларига содиқ дунёвий, намунавий давлат моделлари бўлган Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг доно, глобал тафаккурга эга давлат етакчиларининг бу йўналишда, шунингдек, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини дунё миқёсида танитиш, унинг қадриятларини ҳимоя қилиш ва исломофобияга қарши курашишдаги алоҳида ўрни бор. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2017 йилни “Ислом ҳамжиҳатлиги йили” деб эълон қилиш қарорини Президент Шавкат Мирзиёев Ислом олами учун зарур деб баҳолаган ва Тошкентда “Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида Ислом ҳамжиҳатлиги” халқаро конференциясини ўтказишимизга ўз хайр-дуосини берган эди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизацияси марказини барпо этиши дин, илм ва замонавийликнинг уйғунлашган бирлиги рамзи ва ривожини ифодалайди.  

Бугунги нуфузли тадбирни ўтказиш қарорини Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг юксак минбаридан баён қилган эдилар. Шукрки, Президентнинг глобал ғоя ва ташаббуси ўз самарасини бермоқда ва ислом динининг гуманистик моҳиятини юксак даражада тақдим этиш нуқтаи назаридан муҳим форум Ўзбекистон мезбонлигида амалга ошмоқда.  

Ушбу нуфузли конференцияда Ислом оламининг машҳур, обрўли диний ва жамоат арбоблари иштирок этмоқда. Ишончим комилки, Тошкент форуми Ислом оламининг манфаатларини ҳимоя қилиш ва юқори даражада тақдим этиш йўлида ўзига хос ҳисса қўшади. Қардош Ўзбекистон атеизм ҳукмрон бўлган даврда ислом нурини ўчирмаган маёқ ролини бажарган. Советлар Иттифоқи даврида бу нурга эргашиб, 500 йиллик тарихга эга бўлган Мир Араб мадрасасига, Тошкент Ислом Академиясига юзланган авлод вакили сифатида, ўз ватаним Ўзбекистоннинг бугунги кунда ҳам бу миссияни давом эттираётганидан фахрланаман.  

Яна бир бор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқи ва давлатининг ривожи ҳамда Ислом оламининг юксалиши йўлида олиб бораётган эзгу фаолиятларига Аллоҳдан барака тилайман. Парвардигор давлатларимизни, Озарбайжон-Ўзбекистон иттифоқини, халқларимизни ва доно давлат раҳбарларимизни ҳимоя қилсин! Аллоҳ Таоло Ислом оламини, мусулмон умматини доимо улуғда барқарор қилсин, ер юзида тинчлик ҳукмрон бўлсин!  

Н.Усмонова,  

manba: ЎзА

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Макулатурага топширилган Қуръон ва диний китобларнинг ҳукми

27.11.2024   1519   3 min.
Макулатурага топширилган Қуръон ва диний китобларнинг ҳукми

Cавол: Мен макулатура сотиш билан шуғулланаман. Гоҳида ушбу қоғозлар орасидан эскирган Қуръон варақлари ва бошқа диний ёзуви бор қоғозлар ҳам чиқиб қолади.  Уларни нима қилсам бўлади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Маълумки, динимизда Аллоҳ таолонинг каломи ҳамда гўзал исмлари ёзилган қоғоз ва бошқа нарсаларни хорлаш ёки беҳурмат қилишдан қайтарилган, аксинча уларни эъзоз ва эҳтиром қилишга буюрилган. Шунинг учун, бундай муқаддас битикли қоғозларни макулатурага топшириш мутлақо ярамайди.
Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай хитоб қилади:

ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ

“Гап шудир: Кимки Аллоҳнинг шиорларини улуғ деб билса, бас, албатта, бу дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32 оят).
Демак, оят ва ҳадислар ёзилган китоб ёки варақлар ўқиш учун яроқли бўлса, уларни ҳеч бир йўл билан йўқ қилиш жоиз бўлмайди, балки уларни фойдаланадиган кишиларга топшириш лозим.

Аммо улар эскириб, ўқишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган бўлса, уларни тоза бир латтага ўраб, оёқ ости қилинмайдиган ерга кўмилади. Бу ҳақда Аллома Ҳаскафий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Фойдаланиб бўлмайдиган китоблардан Аллоҳ таолонинг фаришталар ва Пайғамбарларнинг исми ўчирилади ва ёқиб юборилади. Ўчирмасдан туриб ҳам оқар сувга оқизиб юборишнинг зарари йўқ. Кўмиш ҳам мумкин. Кўмиш энг афзал йўлдир. Зеро, Анбиёлар ҳам дафн этилганлар” (“Дуррул мухтор” китоби).

Демак, сизнинг қўлингизга келиб тушган муқаддас ёзувли варақларни имкони бўлса, кўмилади ёки ёқилади. Агар бу иш машаққат туғдирса, махсус воситалар ёрдамида ёзувларини кетказиб, қайта ишлаш мумкин.

Ҳозирга келиб эса, қоғозлардаги ҳар қандай ёзувларни кеткиза оладиган махсус воситалар ишлаб чиқилган. Шунга кўра, замонавий фатво марказлари  ёзув ва ҳарфлари тўлиқ ўчирилган ва махсус ишлов берилган қоғозларни қайтадан фойдаланиш мумкинлигига фатво бермоқдалар. Бунинг сабаби улардаги оят ва ҳадис ҳамда бошқа диний ёзувлардан асар қолмаганидир.

Бу ҳақда Аллома Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: "Қуръон ёзилган лавҳ (доска, тахта)ни ўчириб, уни дунё ишига ишлатса, жоиздир" ("Ал-Баҳр ар-Роиқ" китоби).
Бундан ташқари олдинги вақтларда қоғоз ва китоблар кам бўлгани учун, уларни ерга кўмиш машаққат эмас эди. Ҳозирда эса, уларнинг ҳажм ва миқдори кўпайгани сабабли бу миқдордаги китоб ва қоғозларни кўмиш катта машаққат ва сарф-харажат талаб қилади. Динимиз эса, машаққатга буюрмайди.
Шу билан бирга уларни кўмиб юборилса, ҳеч ким фойдалана олмайди. Аммо уларни қайта ишлаб қоғоз ҳолига келтирилса, қайтадан фойдаланиш мумкин. Бироқ, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу амалиёт жараёнида мусҳаф ёки оят ёзилган қоғозларни ушлашда уларнинг ҳурматини жойига қўйиш, таҳоратли ёки қўлқопли бўлиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар