Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Апрел, 2025   |   21 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:13
Қуёш
05:37
Пешин
12:27
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
19 Апрел, 2025, 21 Шаввол, 1446
Янгиликлар

Миср ва Ўзбекистон муфтийлари фатволар ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилади

16.10.2024   5379   1 min.
Миср ва Ўзбекистон муфтийлари фатволар ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилади

Шу йил 15 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Миср Араб Республикаси муфтийси доктор Назир Муҳаммад Айёд жаноблари икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, хусусан фатво йўналишида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилдилар. 

 Учрашувда Ўзбекистон ва Миср давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётганига урғу қаратиб, бунда икки давлат раҳбарларининг дўстона алоқалари турли йўналишлардаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига туртки бўлаётганини таъкидладилар. 

Мулоқотда таълим, илмий-тадқиқот, малака ошириш ва диний-маърифий соҳалардаги ҳамкорликлар тобора ривожланиб бораётганини қайд этдилар. 

Хусусан, Миср Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб ҳазратлари, Миср вақф ишлари вазирлиги ва Дорул Ифто билан доимий алоқалар ўрнатилганини қайд этди. Ўз навбатида, Ўзбекистон заминида ўтказилаётган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” номли анжуманнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Доктор Назир Муҳаммад Айёд жаноблари ўзаро алоқалар узоқ ўтмишга бориб тақалишини қайд этиб, Ўзбекистон Миср учун муҳим аҳамиятга эга мамлакат эканини таъкидлади. Шунингдек, бу юртда Ислом дини ривожи учун ҳисса қўшган буюк алломалар етишиб чиққани, жумладан, аҳли сунна вал-жамоа таълимоти асосчиларидан бири Имом Мотуридий, буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий кабиларнинг саъй-ҳаракатлари сабаб бутун Ислом олами XIV асрдан буён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳадисларидан баҳраманд бўлиб келаётганини алоҳида қайд этди. Назир Муҳаммад Айёд Ўзбекистондаги ўзгаришларни доимо кузатиб бораётгани, Марказий Осиёда ягона бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази фаолияти катта аҳамиятга молик эканини таъкидлади.

Келгусида ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва диний соҳа ходимлари ўртасида малака ошириш курсларини ташкил этиш борасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Миср ва Ўзбекистон муфтийлари фатволар ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилади Миср ва Ўзбекистон муфтийлари фатволар ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилади Миср ва Ўзбекистон муфтийлари фатволар ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилади Миср ва Ўзбекистон муфтийлари фатволар ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилади
МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Ўлим фариштаси хонада экан

11.04.2025   4227   3 min.
Ўлим фариштаси хонада экан
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда ниманинг устида ўлган бўлса, ана ўша узра қайта тирилади”[1], деганлар.

Демак, ким талбия[2] айтиб ўлса, талбия айтган ҳолда тирилар ва яна кимдир маст ҳолда ўлса, маст ҳолида тирилар экан.

Шу ўринда ўлимидан аввал қўшиқ айтган қиз ҳикоясини  эътиборингизга ҳавола қиламиз:

«Ранглари заъфарон, ҳолсиз қиз пичирлаб зўрға гапирар эди.

Доктор Абдул Муҳсин Аҳмад айтади: “Бу қизни текширган охирги шифокор мен эдим, қулоғимдан стетоскопни олдим. Қиз фақат бир сўзни такрорларди: “Худо хайрингизни берсин, таҳлил натижалари қандай экан?  Касалхонада диққинафас бўлиб кетдим. Қачон чиқаман бу ердан?” Мен қизнинг таҳлилларини  текширувга юбордим.

Олинган намуналар лабораторияда текширилмоқда эди, ўша онда ўлим фариштаси хонада экан-да... Мен хонадан ташқарида эдим. Шу пайт ҳамширанинг кўзлари катта-катта бўлган холда хонадан югуриб чиқди. Мен хонага кирдим. У ерда кўраётганларим бир неча лаҳзалар олдин кўрганимга сира ўхшамасди. Қизнинг ранги ўчган, кўзлари аланг-жаланг, қўл-оёқлари тортишган, лаблари титрарди... Юрак уриши секинлашиб, қон босими пасая бошлади. Унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун  ҳамма ишлар қилинди.

Қизга қараб: “Лаа илаҳа иллаллоҳ” дегин дедим. У лабларини қимирлатса-да, лекин бирорта ҳарф ҳам айта олмасди.

Калимаи шаҳодатни иккинчи маротаба такрорладим... Учинчи марта ҳам... У ўлим талвасасида эди. Унинг хириллашини эшита бошладим. Қиз бир нечта ҳарф айта бошлади. Мен яна калимани такрорладим...

Қиз энди хириллаганича қўшиқ айта бошлади. Ўлим фариштаси қизга қўшиқни тугатиб олишига имкон бермади, унинг руҳи танасини тарк этди.

Қиз ўлди... Ўлимидан аввал қўшиқ айтди... 

Энди у қиёматда Аллоҳ таолога қўшиқ айтган ҳолда юзланади...»[3]

Аллоҳим! Қиз ҳар куни бор овози ила чинқириб, бармоқларини тишлаган ҳолда йиғлаб: “Роббим! Мени бу ердан чиқар. Қасам ичиб айтаман, фақат Сен рози бўладиган нарсаларни эшитаман, ундан бошқасини эшитмайман. Фақатгина Сен рози бўладиган нарсаларни кўраман ва тунлари мижжа қоқмай намоз ўқиб чиқаман, ўлгунимча кундузлари рўза тутаман” деса ҳам, энди у ҳаётга қайтмайди.

«...Эй Роббим! Мени (яна ҳаётга) қайтаринглар.  Шояд, мен тарк этган жойим (дунё)да яхши амал қилсам, деб қолур. Йўқ! (У асло қайтарилмас). Бу ҳақиқатан у айтувчи бўлган сўздир. Уларнинг ортида, то қайта тириладиган кунларигача (икки дунё ўртасини тўсиб турадиган) бир тўсиқ бордир»[4].


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” 
номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Муслим ривояти.
[2]  Лаббайка Аллоҳумма лаббайкани айтиш.
[3]  “Унутилмас қиссалар” китобидан.
[4]  Муъминун сураси, 99–100-оятлар.