Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ким тилини мусулмонларнинг обрўсини тўкишдан, айбларини гапиришдан тиймаса Аллоҳ таоло у кишини вафоти вақтида тилига шаҳодат калимаси келишидан тўсиб қўяди.
Қуръони каримда иккита сура бор, иккиси ҳам "вайл" калимаси билан бошланган:
وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ
"Вайл (вой) бўлсин, ўлчовдан уриб қолувчиларга" (Мутоффифун сураси, 1-оят).
وَيْلٌ لِّكُلِّ هُمَزَةٍ لُّمَزَةٍ
"Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига «вайл» бўлсин" (Ҳумаза сураси, 1-оят).
Биринчи сура одамларнинг молига тажовуз қилганлар, иккинчиси одамларнинг обрўларига тажовуз қилганларга дўзах бўлиши ҳақидадир.
Бас, бу икки амалга яқинлашманг.
Мусулмон биродарингиз қилган хатосини тан олиб, сиздан узр сўраб келса, самимий узр сўраётганига аломатлар бор бўла туриб, унинг узрини қабул қилмаслигингиз таҳримий макруҳ бўлади. Чунки бу вазиятни ўзининг фойдасига суистеъмол қилиш ва биродардан ёмон гумон қилиш бўлади.
Ибн Жавдон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким мусулмон биродаридан узр сўраса-ю, аммо у қабул қилмаса, унга (ноҳақ) ўлпон йиғувчининг гуноҳи каби гуноҳ бўлади", деганлар.