Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Май, 2025   |   6 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:46
Қуёш
05:17
Пешин
12:25
Аср
17:18
Шом
19:27
Хуфтон
20:51
Bismillah
04 Май, 2025, 6 Зулқаъда, 1446

Уйқудан уйғонишдаги суннатлар

16.10.2024   3709   6 min.
Уйқудан уйғонишдаги суннатлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳнинг  ﷺ оламларга раҳмат экани бир жиҳатдан у зотнинг ҳар бир ишларида инсоният учун улкан фойда борлигини англатади. Ибрат назари билан боқажак одам Ислом уммати вакили бўлса, у учун Расулуллоҳ ﷺ тамомила ўрнак бўлади. Зеро, иймоннинг тақазоси ҳам шу!

Расуллуллоҳни  ўзи учун юксак намуна дея бу гапини иймон билан тасдиқ этган киши учун у зотнинг уйқудан уйғонишларидан тортиб барча кунлик ишларида ҳам буюк ҳикмат бўлади. Расулуллоҳнинг  феъллари шаръан эътиборли эканидан шариатда унга алоҳида суннат деган ҳукм жорий бўлди. Тўғри, биз кунлик такрорланадиган ишларни баъзида суннат ёки мустаҳаб эканини билмаган ҳолда ё унутиб қилишимиз мумкин. Айни вақтда бу ишларни фойдали деб ҳисоблагани учун қиладиган кишилар ҳам йўқ эмас. Аслини олганда мусулмон қандай йўл тутиши керак?! Қандай ният қилса, амалига ажр олади?! Бу икки саволга бериладиган ягона жавоб: Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган мўъмин Расулуллоҳга иқтидо қилиши зарур. Чунки бу Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг шарти ҳамда нажот калитидир. Расулуллоҳга ﷺ иқтидо қилиш замон ва макон танламайди. У зот вафот этган бўлсалар ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилиш, суннатларига астойдил эргашиш орқали иқтидо маъноси юзага чиқаверади.

Одатда, одам кунини уйқудан уйғониш билан бошлайди. Турган заҳоти юзни ювиб, оғизни чайиб ва шу каби бошқа ишларни эл қатори бажариш ҳам мумкин. Лекин! Келинг, Ислом аталмиш шарафли байроқ остида турган шахс сифатида фикр юритиб кўрамиз: шу вақтда Расулуллоҳ ﷺ нималар қилган эканлар:

  1. Уйқу дангасалиги ва уйқу асоратини қўл билан ююздан артмоқ

Бу орқали уйқунинг таъсирини кетказишни ният қилардилар

Имом Нававий ва ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ бунинг суннат эканига қуйидаги ҳадисни келтирганлар:

«Расулуллоҳ ﷺ уйғониб, ўтирдилар ва юзларини ишқалаб уйқуни артдилар». (Имом Муслим ривояти).

Демак, бу жараён уйқу таъсири тезроқ тарқалишига ёрдам берар экан.  Уйқудан уйғонган одам қўли билан юзларини артиб, баданини ишқаласа, тананинг фаоллиги ортиб, ётоқдан туриши осон кечади. Биз биринчи рақам остида келтирганимиз мазкур ҳадис сиртдан уйқудан турган одам қўлини уч маротаба ювмасдан туриб, идишга қўл урмаслиги борасидаги ҳадис билан ўзаро зиддек кўринади. Аммо аслида ундай хулоса қилишга шошилмаслик зарур! Чунки мутақаддим ва мутааххир уламолар идишга ювиқсиз қўлни солишдан қайтариқ ривоят қилинган ҳадисдаги наҳйга амал қилмасликка макруҳи танзиҳий ҳукмини берганлар. Соддароқ қилиб айтганда, уйқудан турган кишининг қўлида нажосат бўлмаса, унинг қўлидаги бир нав нопоклик нажосат ҳисобланмайди. Шунинг учун ҳам уйқудан уйғонган киши биринчи ҳадисга амал қилиб, юз-кўзларини ишқашининг зарари йўқ.

  1. Дуо қилиш. «Бизларга руҳимизни олганидан кейин қайта ҳаёт бахш этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Қайта тирилиб бориш унинг ҳузуригадир» (Имом Бухорий ривояти).

Дуо ибодат бўлиб, банда Раббисига нақадар муҳтож, нотавон эканини изҳор қилади. Дуо баъзилар тушунгани каби фақат сўровларни тақдим қилиш эмас. Бу жараён талаб деб аталади. Унда на руҳ бўлади ва на зорланиш. Дуо эса ихлос, тазарруъ, ожизлик изҳори каби муҳим нуқталарни ўз ичига қамраб олиши баробарида дуо қилаётган мўъмин киши дуосининг қабул бўлишидан умидвор ҳамда рад этилишидан қўрқиб. Уйқудан эсон-омон туриб олган киши ҳам, тавба қилиш учун берилган яна бир имконият, солиҳ амалларни қўлга киритиш фурсатини тақдим этгани учун Раббисига ҳар қанча ҳамд айтса ҳам кам. Қандай дуо қилишни эса Расулуллоҳнинг ﷺ суннатларидан ўрганиб оламиз:

  1. Мисвок тутиш. «Расулуллоҳ тунда уйқудан турганларида оғизларини мисвок билан тозалар эдилар» (Муттафақун алайҳ).

Инсон уйқудан турган пайти оғиз бўшлиғидан ноҳуш ҳид тарқалиши кузатилади. Бу эса одамнинг дилини ҳира қиладиган ҳолатдир. Бу муаммога ечим ўлароқ шариатда мисвок таклиф қилинмоқда. Ҳозирги кунда тиш пасталаридан фойдаланиш оммалашди. Бироқ, бу мисвакни қўйиб, фақат тиш пасталаридан фойдаланиш керак жегани эмас. Сабаби мисвок табиий восита ва унинг таркибида кўплаб фойдали кимёвий моддалар борки, уларнинг ҳаммасини инсон қўли билан бир ўринда жамлаш имкониз. Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат злароқ табиат бағрида арок дарахтини яратди. Унинг томирлари мисвок сифатида ишлатиладиган бўлди. Расулуллоҳга ﷺ суюкли бўлган амаллар орасида машҳури мисвок ишлатишдир. Мисвокнинг аҳамияти камайиб кетмаслиги учун ундан мунтазам фойдаланиб туришимиз ҳамда фарзандларимизни ҳам бунга одатлантиришимиз керак. Шу тариқа ҳам суннатга эргашган ҳам суннатнинг барҳаётлигига ҳисса қўшган бўламиз. Бу иккиси ҳам улкан иноятдир!

  1. Бурунни қоқишУ зот ﷺ айтадилар: «Сизлардан бирортангиз уйқудан турса, бурнини уч марта қоқиб ташласин, зеро шайтон унинг димоғи тунаган бўлади» (Муттафақун алайҳ).

Шайтон қандай қилиб инсоннинг бурнида тунаб қолишини билиш, Одам боласининг тоқати ва ақли етмайдиган масаладир. Расулуллоҳ айтдиларми, демак, мўъмин одам бу хабарни сўзсиз қабул қилади. Бу жиҳати тушунарли бўлди. Энди бошқа бир тарафдан олиб қаралса, шайтоннинг душман экани Қуръон ва ҳадисда келган. Унинг ҳам ўз лашкари бор. Биз уларни кўрмасак ҳам уларда бизни кўра олиш хусусияти мавжуд. Ҳаётда душманингиз бўлса, у нима қилади? Пайт пойлайди! Албатта, уйқу ҳам душман учун қулай фурсат ҳисобланади. Демак, душманнинг бу сафарги найрангги бизнинг бурнимизда тунаши экан.

  1. Қўлларни уч марта ювиш. У зот ﷺ айтадилар: «Сизлардан бирингиз уйқудан турса, идишга қўл солмасдан қўлларини 3 марта ювсин»

Бу ҳадисга доир мубоҳасани мухтасар тарзда юқорида тақдим этдик.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, биз мусулмон ўлароқ Расулуллоҳнинг  ﷺ суннатларига мукаммал ҳолда амал қиладиган бўлсак, У зотнинг итобларига қолмай, аксинча нажот топганлардан бўламиз.

Зокир Алихон,
Тошкент ислом институти талабаси 

Бошқа мақолалар

Анжуман аҳамияти юқори баҳоланиб, юрт уламолари хизмати эътироф этилди

30.04.2025   7846   1 min.
Анжуман аҳамияти юқори баҳоланиб, юрт уламолари хизмати эътироф этилди

Самарқанд шаҳридаги халқаро конференция доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қирғиз Республикаси мусулмонлари идораси раиси, муфтий Абдулазиз Закировни қабул қилдилар.

Учрашувда кейинги йилларда диний идоралар ўртасида алоқалар ривожланаётгани, қардош уламолар ҳамкорлиги тараққий этаётгани, халқаро анжуманларда биргаликда иштирок этиши, фатво ишлаб чиқиш ва муҳим саналарни белгилашдаги кенгашлар яхши натижа бераётгани қайд этилди. 
 
Ўтган март ойида Хўжанд шаҳрида Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғиз республикалари раҳбарлари давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзолагани тарихий воқеа бўлгани, ушбу ҳужжат баҳс-низоларни ортда қолдириб, абадий дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлагани таъкидланди.

Қирғиз муфтийси сўнгги йилларда Ўзбекистонда Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва улуғ алломалар меросига эҳтиром кўрсатиш, минтақада тинчлик-осойишталикни таъминлаш ва яхши қўшничилик муносабатларини шакллантириш йўлида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади. 

Муфтий Абдулазиз Закиров Марказий Осиё ижтимоий ҳаётида диёримиз уламоларининг ўрни катта экани, улар қардош аҳли илмларга устоз сифатида қадрланиши, ҳар бир долзарб мавзудаги диний масалани кенгашган ҳолда амалга оширилишини билдирди. Шунингдек, минтақа учун аҳамиятли масалаларда фатволар эълон қилиш ва муҳим саналарни белгилашда Ўзбекистон уламолари етакчилигини эътироф этди. Бундан ташқари халқлар иттифоқчилиги таъминланишида Мир Араб мадрасасида таълим олган қардош уламоларнинг роли катта эканини таъкидлади.  

Имом Мотуридий меросига бағишланган халқаро конференция ўзаро ҳамкорликнинг узвий давоми экани, унда мўътабар уламолар томонидан муҳим мавзулар кенг муҳокама қилиниб, бугунги кундаги долзарб ақидавий ва ихтилофли масалаларга ечим топилишига Қирғиз муфтийси ишонч билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Анжуман аҳамияти юқори баҳоланиб, юрт уламолари хизмати эътироф этилди Анжуман аҳамияти юқори баҳоланиб, юрт уламолари хизмати эътироф этилди Анжуман аҳамияти юқори баҳоланиб, юрт уламолари хизмати эътироф этилди Анжуман аҳамияти юқори баҳоланиб, юрт уламолари хизмати эътироф этилди Анжуман аҳамияти юқори баҳоланиб, юрт уламолари хизмати эътироф этилди Анжуман аҳамияти юқори баҳоланиб, юрт уламолари хизмати эътироф этилди