Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мўминлар – Аллоҳ таоло мадҳ этган бандалардир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)» (Анфол сураси, 2-4 – оятлар).
Мўмин – гуноҳига тавба қилувчидир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, нажот топсангиз" (Нур сураси, 31-оят).
Мўмин – инсонларнинг энг ишончли кишиси.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин барча инсонларнинг ишончли кишисидир”, деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар моллари ва жонларини ишониб топширадиган киши ҳақиқий мўминдир”, деганлар.
Мўмин – биродарининг кўзгуси.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг орқасидан ҳам ҳимоя қиладиган ва уни қўллаб қувватлайдиган биродаридир”, деганлар.
Мўминлар жипслашган иморат кабидирлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар бир-бирига ёпишган иморат кабидир”, деганлар.
Мўмин – энг яхши дўст.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши дўст бўлади ва дўст тутилади”, деганлар.
Мўмин – инсонларнинг энг ғайратлиси.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши ғайратли-рашкли бўлади”, деганлар.
Мўмин – жуда зийрак ва заковатли инсон.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши жуда заковатли, қобилиятли, зийрак ва ҳушёрдир”, деганлар.
Мўминнинг ҳеч кимга оғирлиги тушмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳақиқий мўмин бировга оғирлиги тушмайдиган кишидир”, деганлар.
Мўмин – инсонларнинг мушкулини енгил қилувчи.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларга аралашиб юрадиган ва уларнинг азиятларига сабр қиладиган мўмин киши, одамларга аралашмайдиган ва уларнинг азиятларига сабр қилмайдиган мўмин кишидан афзалроқдир”, деганлар.
Даврон НУРМУҲАММАД
Cавол: Мен макулатура сотиш билан шуғулланаман. Гоҳида ушбу қоғозлар орасидан эскирган Қуръон варақлари ва бошқа диний ёзуви бор қоғозлар ҳам чиқиб қолади. Уларни нима қилсам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Маълумки, динимизда Аллоҳ таолонинг каломи ҳамда гўзал исмлари ёзилган қоғоз ва бошқа нарсаларни хорлаш ёки беҳурмат қилишдан қайтарилган, аксинча уларни эъзоз ва эҳтиром қилишга буюрилган. Шунинг учун, бундай муқаддас битикли қоғозларни макулатурага топшириш мутлақо ярамайди.
Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай хитоб қилади:
ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ
“Гап шудир: Кимки Аллоҳнинг шиорларини улуғ деб билса, бас, албатта, бу дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32 оят).
Демак, оят ва ҳадислар ёзилган китоб ёки варақлар ўқиш учун яроқли бўлса, уларни ҳеч бир йўл билан йўқ қилиш жоиз бўлмайди, балки уларни фойдаланадиган кишиларга топшириш лозим.
Аммо улар эскириб, ўқишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган бўлса, уларни тоза бир латтага ўраб, оёқ ости қилинмайдиган ерга кўмилади. Бу ҳақда Аллома Ҳаскафий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Фойдаланиб бўлмайдиган китоблардан Аллоҳ таолонинг фаришталар ва Пайғамбарларнинг исми ўчирилади ва ёқиб юборилади. Ўчирмасдан туриб ҳам оқар сувга оқизиб юборишнинг зарари йўқ. Кўмиш ҳам мумкин. Кўмиш энг афзал йўлдир. Зеро, Анбиёлар ҳам дафн этилганлар” (“Дуррул мухтор” китоби).
Демак, сизнинг қўлингизга келиб тушган муқаддас ёзувли варақларни имкони бўлса, кўмилади ёки ёқилади. Агар бу иш машаққат туғдирса, махсус воситалар ёрдамида ёзувларини кетказиб, қайта ишлаш мумкин.
Ҳозирга келиб эса, қоғозлардаги ҳар қандай ёзувларни кеткиза оладиган махсус воситалар ишлаб чиқилган. Шунга кўра, замонавий фатво марказлари ёзув ва ҳарфлари тўлиқ ўчирилган ва махсус ишлов берилган қоғозларни қайтадан фойдаланиш мумкинлигига фатво бермоқдалар. Бунинг сабаби улардаги оят ва ҳадис ҳамда бошқа диний ёзувлардан асар қолмаганидир.
Бу ҳақда Аллома Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: "Қуръон ёзилган лавҳ (доска, тахта)ни ўчириб, уни дунё ишига ишлатса, жоиздир" ("Ал-Баҳр ар-Роиқ" китоби).
Бундан ташқари олдинги вақтларда қоғоз ва китоблар кам бўлгани учун, уларни ерга кўмиш машаққат эмас эди. Ҳозирда эса, уларнинг ҳажм ва миқдори кўпайгани сабабли бу миқдордаги китоб ва қоғозларни кўмиш катта машаққат ва сарф-харажат талаб қилади. Динимиз эса, машаққатга буюрмайди.
Шу билан бирга уларни кўмиб юборилса, ҳеч ким фойдалана олмайди. Аммо уларни қайта ишлаб қоғоз ҳолига келтирилса, қайтадан фойдаланиш мумкин. Бироқ, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу амалиёт жараёнида мусҳаф ёки оят ёзилган қоғозларни ушлашда уларнинг ҳурматини жойига қўйиш, таҳоратли ёки қўлқопли бўлиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази