Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446
Янгиликлар

Хориж нашрларида лойиҳа доирасида 20 дан зиёд илмий мақола чоп этилди

16.10.2024   6505   3 min.
Хориж нашрларида лойиҳа доирасида 20 дан зиёд илмий мақола чоп этилди

Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-Ақоид ан-Насафия” асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржима қилиш доирасида нашр этилган хорижий мақолалар, бугунги кун муаммоларини таҳлил қилиш, янги ғояларни илгари суриш, ёшларга таълим-тарбия бериш ва ёт ғояларга қарши курашиш бўйича амалий тавсияларни ўз ичига олади.
 

Бундай мақолаларни таҳлил қилишда назарий асослар, муаммо ва ечимларни муҳокама қилиш ҳамда рақобатлашувчи таълим тизимларидан фойдаланиш каби мавзуларни қамраб олгани билан аҳамиятли.


Ушбу асарни ўзбек тилига илмий-изоҳли таржима қилиш доирасида хорижнинг нуфузли журналларида чоп этилган мақолалар ўта муҳим илмий ва диний-маърифий манба ҳисобланади.


Бу мақолалар:

  • Шарҳ ал-Ақоид ан-Насафия” асарининг мазмуни, калом илми таълимотидаги ўрни ва аҳамияти бўйича таҳлилларни қамраб олади;
  • Асарнинг замонавий дунёдаги роли ва ёшларнинг маънавий камолатига таъсирини очиб беради;
  • Асардан олинган билимлар ёт ғояларга қарши самарали раддиялар бериш учун муҳим замин бўлиши айтилади;
  • Ушбу асарнинг халқимиз тарихи ва маданияти билан боғлиқ муҳим диний қадриятларни ҳимоя қилиши ёритилади;
  • Ёшлар ва жамиятдаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш борасида хорижлик муаллифлар тарафидан олиб борилган мавзуга оид тадқиқот ва таҳлилларни кўрсатиб беради;
  • Миллий ва диний қадриятларни шакллантиришга алоқадор хорижий тажрибалар, жумладан, таълимда инновацион усулларни кашф этади;
  • Хорижий мақолаларда ёт ғоялар, экстремизм ва терроризмга қарши курашишга оид замонавий тенденциялар ва уларга қарши кураш механизмлари ҳақидаги маълумотларни жамлаб беради.


Мухтасар айтганда, ушбу мақолалар лойиҳанинг самарадорлигини кўрсатиб, ёшларни маънавий ва диний билимлар билан бойитишда муҳим восита бўлиши, шубҳасиз.


Умуман олганда, мазкур асарни ўзбек тилига таржима қилиш асносида лойиҳа аъзолари томонидан муҳим натижаларга эришилганлигини таъкидлашимиз лозим.


Лойиҳа доирасида 7 та илмий-оммабоп китоб ва рисолалар нашр қилинди. 2 та андроид ва мультимедия дастури тайёрланди. Хорижнинг нуфузли журналларида 21 та, республикамиздаги илмий (ОАК) нашрларида 30 та, мамлакатимиздаги анжуман материалларида 19 та жами 70 та илмий мақола ва тезислар чоп этилди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний-маърифий сайт ва бошқа каналларда “Шарҳ ал-Ақоид ан-Насафия” асари, унинг муаллифи ва мавзуга доир 10 га яқин мақола ва хабарлар кенг ёритилди. Бу натижалар лойиҳанинг самарадорлиги, кўлами ва аҳамиятини кўрсатади.


Лойиҳа доирасида олинган илмий натижалар ва нашр этилган китоб ва мақолалардаги материаллардан, манбашунослик, исломшунослик, ҳамда ислом тарихи бўйича олиб бориладиган тадқиқотларда, таълим жараёнида фойдаланиш ва унинг замонавий ўқув-курсларини тайёрлашда муҳим манба  бўлиб хизмат қилади.


Шунингдек, тарғибот ва ташвиқот ишларида, ёшларнинг диний билимларини ошириш ва ёт ғояларга қарши курашишда самарали восита бўлади. Ушбу тадқиқотлар ёшларга ўз тарихи, миллий ва диний қадриятларини англашда, таълим тизимини такомиллаштиришда катта ёрдам беради деб, умид қиламиз. 
 

Ўткирбек СОБИРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бош мутахассиси

 

“Шарҳу ақоиди Насафия” асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимасини
тайёрлаш бўйича лойиҳа аъзоси

Хориж нашрларида лойиҳа доирасида 20 дан зиёд илмий мақола чоп этилди Хориж нашрларида лойиҳа доирасида 20 дан зиёд илмий мақола чоп этилди Хориж нашрларида лойиҳа доирасида 20 дан зиёд илмий мақола чоп этилди Хориж нашрларида лойиҳа доирасида 20 дан зиёд илмий мақола чоп этилди Хориж нашрларида лойиҳа доирасида 20 дан зиёд илмий мақола чоп этилди Хориж нашрларида лойиҳа доирасида 20 дан зиёд илмий мақола чоп этилди
МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ризқ излашда таваккул қилиш

27.11.2024   1039   8 min.
Ризқ излашда таваккул қилиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга Етарлидир. Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига Етувчидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир” (Талоқ, 3).

Ушбу оятда, агар бандалар Аллоҳга таваккул қилсалар, У Зот уларнинг ишлари мукаммал бўлиши учун кафил бўлиши, таваккул қилганлар учун Аллоҳ кифоя экани, У Зот хоҳлаган ишини бажара олиши ва ҳар бир нарсани ўта аниқ қилиб белгилаб қўйгани айтилмоқда.

Таваккулнинг асл маъноси “ўзини Аллоҳга топшириш”дир. Ғаззолий таваккулни: “Қалбнинг Ёлғиз Вакил – Аллоҳга суянишидан иборатдир”, деб тушунтирган.
Аллома Муновий эса: “Таваккул банданинг ожиз эканини изҳор қилиб, таваккул қилинадиган Зотга ишонишидир”, деган.

Тасаввуф аҳлининг наздида таваккул “одамлар қўлидаги нарсага суянмасдан, фақат Аллоҳ даргоҳидаги нарсага ишониш”дир. Мулла Али Қори Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилишни қуйидагича тушунтиради: “Таваккул борлиқда Аллоҳдан бошқа амалга оширувчи зот йўқ экани, яратиш ва ризқ бериш, ато қилиш ва ман этиш, зарар ва фойда, камбағаллик ва бойлик, касаллик ва саломатлик, ўлим ва ҳаёт ҳамда бошқа барча нарсалар Аллоҳ таолодан эканига ҳеч шубҳасиз аниқ ишонишдир” (“Мирқотул мафотийҳ”).

Таваккул қалб ишидир. Унда қалб бутунлай Аллоҳга топширилади. Ишларнинг оқибати У Зотга ҳавола қилинади. Айниқса, ризқ топишда таваккулнинг аҳамияти беқиёсдир. Ризқ талабидаги таваккул “ризқни фақат Аллоҳ беришига аниқ ишонган ҳолда ўша ризқ келадиган сабабларни ҳаракатга келтириш”дир.

– Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганларингизда эди, худди қорни оч ҳолда кетиб, тўйган ҳолда қайтиб келадиган қуш каби ризқлантирилган бўлар эдингиз!” (Термизий, Насоий, имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда ризқ топишдаги таваккулнинг асл моҳияти очиқ-ойдин ифодаланмоқда.

Яъни: агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганларингизда, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига имон келтириб, У Зот ризқ бериши, хоҳлаган махлуқотига бериб, хоҳлаганидан ман қилишига ишонган ҳолда чиройли суратда ва ҳалол йўл билан ризқ талабида бўлганларингизда, худди эрталаб қорни оч ҳолда чиқиб, кечаси тўқ бўлиб қайтадиган қуш каби ризқлантирилган бўлар эдингиз.

Бу ерда бандалар ризқ топишда доим ҳам Аллоҳга таваккул қилишни ўрнига қўя олмасликлари айтилиб, таваккулнинг фойдасини тушунтириш учун қушни мисол қилиб келтирилмоқда.

Ҳақиқатан, қушларнинг ҳолатига ибрат назари билан қарасак, бунинг асл ҳақиқатини англаб етамиз. Эрта тонгда ризқ талабида йўлга чиққан қушларнинг қорни оч бўлади. Шу билан бирга уларнинг олдиндан тайёрлаб қўйган ризқ манбалари ҳам, кўз остига олиб қўйган ўлжалари ҳам, захиралари ҳам бўлмайди. Лекин уларда ҳаракат ва ризқ топишга ишонч бўлади. Демак, бандалар ҳам Аллоҳга таваккул қилишни ўрнига қўя билсалар, ўзлари ўйламаган ва хаёлларига келмаган томондан ризқланар эканлар.

Одатда, инсон эртанги ва ундан кейинги кунларда истеъмол қиладиган нарсаларини олдиндан тайёрлаб қўяди. Бу ҳаолатни яна чумоли ва сичқонларда ҳам кўриш мумкин. Лекин инсон Аллоҳга ҳақиқий таваккул қила олганида, эрталаб турганида ейишга ҳеч нарсаси бўлмаган тақдирда ҳам, Аллоҳ уни муносиб тарзда ризқлантирган бўлар эди.

Ушбу ҳадиснинг яна бир диққатга молик жиҳати бор. Бу ҳам бўлса, таваккул ва ҳаракат масаласидир. Аслида касб инсонни ризқлантирмайди, Аллоҳ ризқлантиради. Аммо таваккул ва ҳаракат бирлашсагина кўзланган мақсад ҳосил бўлади. Зеро, ҳадисда бизлар учун мисол қилиб келтирилаётган қуш ҳам ҳаракат ва интилиш билан қорин тўйғазади. Шу маънода Аҳмад айтади: “Ушбу ҳадис касбни тарк қилишга эмас, балки ризқ талабида ҳаракат қилишга тарғиб қилади. Агар бандалар ҳар бир ҳолатда – юрганда, турганда ва бошқа тасарруфларида Аллоҳга таваккул қилиб, барча яхшилик фақат У Зотнинг қўлида эканини билганларида эди, худди қушлар каби саломат ҳолда ризқлантирилган ҳолда қайтган бўлар эдилар. Аммо инсоннинг ўз заҳираси ва касбига суяниши таваккулга зид эмас”. Абу Бакр Варроқ айтади: “Аллоҳ бандалари ризқини таъминлаб қўйган. Энди бандалари ҳам Аллоҳга таваккулни таъмин этишлари лозим”.

Шайх Абу Ҳомид бундай деган: “Кишилар таваккулни бадан билан касбни ва қалб билан тадбир қилишни тарк қилиб, худди отиб юборилган эски латтага ўхшаб ерга ётиб олиш, деб ўйлашлари мумкин. Бу жоҳилларнинг фикридир! Бу шариатга хилофдир. Шариатда таваккул қилувчилар мақталади. Энди Шариат қайтарган нарсадан қайтмай туриб, қандай қилиб юксак мақомга эришиш мумкин? Балки ҳақиқат шуки, банданинг қалби билан қилган таваккулининг таъсири унинг мақсадга эришишдаги ҳаракати, интилиши ва амалларида кўринади”.

Имом Абулқосим Қушайрий айтади: “Билгинки, таваккулнинг ўрни қалбдир. Бас, банда ризқ Аллоҳдан эканини билганидан сўнг қалби билан таваккул қилгач, бадани билан ҳаракат қилиши бир-бирига қарши эмас. Агар бирон нарса қийинлашса, бас, Аллоҳнинг тақдири биландир. Агар бирон нарса енгиллашса, У Зотнинг енгиллатиши биландир”.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Туямни боғлаб таваккул қилайми ёки қўйиб юбориб сўнг таваккул қилайми?” деб сўраганида, у зот: “Уни боғлагин-да, сўнг таваккул қилгин!” деб айтганлар (Шу маънодаги ҳадисни Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Қузоъийлар ривоят қилишган).

– Муовия ибн Қурра  айтади: “Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу бир қавм олдидан ўта туриб: “Сизлар кимсизлар?” деб сўради. Улар: “Таваккул қилгувчилармиз”, дейишди. Шунда (Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу): “Сизлар таъаккул қилувчисизлар (яъни, тайёр нарсани еб ётувчи текинхўрсизлар). Зеро,(Аллоҳга) таваккул қилган киши, аввал ерга уруғ сепади, сўнгра Раббига таваккул қилади”, деди” (Ҳаким Термизий “Наводирул усул”да ривоят қилган).

Ҳаким Термизий “Наводирул усул”да келтирган бошқа ривоятда Умар ибн Хаттоб Яманлик кишиларни учратгани айтилган. Ўша қавм сабабларни ахтармай, ҳаракат қилмай, бизга ризқни Аллоҳнинг Ўзи беради, деб эътиқод қилганларини кўриб, уларни “текинхўрлар”, деб атамоқда ва шундан сўнг ҳақиқий таваккул қандай бўлишини таълим бермоқда.

“Жомеъул ъулуми ва ҳикам” асарида бундай дейилган: “Билгинки, таваккулнинг самараси қазога (тақдирга) рози бўлишдир. Кимки ишларини Аллоҳга топшириб, У Зот ҳукм қилган, хоҳлаган нарсага рози бўлса, Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилган бўлади. Шу сабаб ҳам Ҳасан Басрий, Фузайл ибн Иёз ва бошқалар Аллоҳга таваккул қилишни У Зотнинг қазои қадарига рози бўлишдир, деб изоҳлашган”.

Ибн Абу Дунё айтади: “Менга баъзи ҳакимларнинг шундай деганлари етиб келди: таваккул уч даражага бўлинади. Биринчиси – шикоятни тарк этиш. Иккинчиси – розилик. Учинчиси муҳаббатдир. Шикоятни тарк этиш сабр даражаси. Розилик Аллоҳ тақсим қилган ризқ билан қалбнинг сокин бўлишидир. Бу аввалгисидан кўра юқорироқ даражага эга. Муҳаббат эса Аллоҳ ўзига нисбатан қилган тадбири туфайли У Зотни яхши кўришдир. Биринчи даража зоҳидларники ва иккинчиси содиқларникидир. Учинчиси пайғамбарларнинг даражасидир”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мўмин банда ризқ талабида, тирикчилик йўлида бор имкониятларни ишга солиб, Ёлғиз Аллоҳга таваккул қилган ҳолда жидду жаҳд қилиши лозим. Аммо шуни билсинки, у фақат ҳаракат қилгани ва интилгани учунгина ризқланаётгани йўқ. Чунончи, ризқ Аллоҳ таоло тарафидан келишини унутмасин!

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Мақолалар