Отаси тўқувчи ҳамда ўйма нақш солувчи (нақшбанд) бўлган. Баҳоуддин Нақшбанд тақдирида бобосининг алоҳида хизмати бор. У сўфийлар билан яқин алоқада эди. Шу сабабли набирасида илоҳиётга катта қизиқиш уйғотди. Баҳоуддин Нақшбанднинг биринчи пири – устози Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий эди. Кекса шайх ёш Баҳоуддин Нақшбандни тарбиялашни ўринбосарларидан бўлмиш Амир Саййид Кулолга топширди. У тариқат бобида билганларини ўргатиб бўлгандан кейин шогирдига ижозат беради.
Баҳоуддин Нақшбанд илм истаб, яссавия тариқати шайхларининг машҳур вакилларидан бўлмиш Қусам шайх олдига, Нахшаб ҳозирги Қарши шаҳрига боради. Уч ой ундан таълим олади. Баҳоуддин Нақшбанднинг бу пирга ихлоси баланд бўлган, айни чоғда Қусам шайх ҳам уни ўз ўғлидек билиб, муридига чексиз ҳурмати туфайли умрининг охиригача Бухорода яшаб, шу ерда вафот этади.
Баҳоуддин Нақшбанднинг қабри азалдан зиёратгоҳ ҳисобланади. Илгари амирлар тахтга ўтиришдан олдин, сафарга чиқаётганда ва қайтаётганда албатта Баҳоуддин Нақшбанд даҳмасини зиёрат қилишган.
Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд қабрлари Абдулазизхон томонидан тартибга солиниб, кўркам шаклга киритилган. Бу муборак қадамжони ободонлаштиришда Темурийлардан тортиб манғит амирларигача ўз ҳиссаларини қўшганлар. Хонақоҳ Шайбонийлар сулоласига мансуб Убайдуллохоннинг ўғли Абдулазизхон (1540-1549 йилларда ҳукмронлик қилган) томонидан 1544 – 1545 йилда қурилган Мақбара атрофида масжид, ҳовуз, қудуқ, минора, дарвозахона бор. Баҳоуддин мозорларининг кун ботар томонида Даҳмаи Шоҳон, яъни шоҳлар даҳмаси жойлашган. Бунда кўплаб Бухоро амирлари ва уларнинг авлод-аждодлари кўмилган.
Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан кейин нақшбандия тариқати кенг ёйилди. 15-асрда Хўжа Аҳрор Убайдуллоҳ Валий бу тариқатнинг энг йирик раҳнамоси сифатида майдонга чиқди. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби шоирлар ҳам нақшбандия тариқатида эдилар.Улар ижодида нақшбандия ғоялари кенг ва атрофлича тарғиб этилди.
Бизни кузатишда давом этинг. Юртимиз бўйлаб муқаддас манзиллар билан таништиришда давом этамиз.
М.Турдалиева, И.Исматов (видео), ЎзА
Савол: Биз томонларда ўғил фарзанд учун қилинадиган суннат (хатна) тўйига келиннинг отаси ёки ака-укалари сўқим (сўйиладиган қорамол) олиб боришлари шартдек бўлиб қолган. Ҳатто бу нарса келин тарафдагиларнинг бурчи деган тушунча ҳам бор. Шунинг учун айрим ҳолларда баъзи оталар неварасини суннат тўйига ерини сотиш ёки катта қарзларни олишгача мажбур бўлаяпти. Шу ишлар динимизда борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда хатнани бор эканлиги барчага маълум ва бу учун зиёфат қилиб бериш ҳам бор. Аммо бу нарса фарз ёки вожиб, ҳатто суннат ҳам эмас, балки у айрим саҳобийларнинг шунчаки одати бўлган. Лекин у ҳозирги кунда авж олгандек бемаъни дабдабозлик билан эмас, балки тор доирада камтарона дастурхон ёзиб ўтказилган.
Демак, аслида суннат ҳам бўлмаган ушбу “тўй”га сўқим олиб келиш қиз томоннинг бурчи дейиш мантиқсиз экани кўриниб турибди. Буни жоҳилона ҳою ҳавас ортидан пайдо бўлган хурофот десак, тўғрироқ бўлади. Айнан мана шунақа тайини йўқ “мажбурият”лар туфайли қанчадан-қанча оилалар жабр кўряпти ва ҳатто айрим оилалар “сўқим қилинмагани ёки олиб келинган сўқимнинг кичкиналиги” сабабидан бузилиб кетишгача ҳам бормоқда.
Динимизда ҳадя улашишга тарғиб қилинган. Аммо бу чин юракдан ҳамда берувчига малол келмасдан амалга оширилиши керак.
Шундай экан, куёв томонга юбориладиган новвосларни ҳадя деб бўлмайди. Чунки бу нарса ошкора ёки зимдан қилинган талаб ёки келин томоннинг одамлардан уялиб ёхуд “қизим хижолат бўлмасин”, деб қиладиган “совғаси” бўлади. Куёв томоннинг келин томонга бундай талаблар қўйиши катта хато ва гуноҳ саналади. Қолаверса, чин кўнгилдан берилмаган нарсани ейиш ҳам шубҳали ҳисобланади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لا يحل مال امرئ مسلم الا عن طيب نفسه رواه احمد
“Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Шундай экан, бундай ишга чек қўйиш лозим. Агар қилмоқчи бўлсалар, куёв томон имкони даражасида ўзлари қилсинлар. Агар имконлари бўлмаса, қайнотани зиммасига юкламасликлари лозим. Имкон бўлмагани учун бу каби эҳсонни қила олмаса, гуноҳкор бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.