Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Сайфул Асрий: “Мутаассиб фикрларга қўшилишнинг оқибати яхшилик билан тугамайди”

17.10.2024   1251   2 min.
Сайфул Асрий: “Мутаассиб фикрларга қўшилишнинг оқибати яхшилик билан тугамайди”

Хива шаҳрида ўз ишини давом эттираётган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция хорижлик иштирокчиларда катта таассурот қолдирмоқда. Россиядаги Булғор ислом академияси Илоҳиёт кафедраси ўқитувчиси, Ислом ҳуқуқшунослиги ва замонавий фатволар бўйича мутахассис Сайфул Асрий бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдирди:

–   Юртингизда ташкил этилган “Ислом тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги анжуманнинг барча иштирокчиларини тарихий воқеа билан чин дилдан қутлайман.  

Олим сифатида ёшларга, ушбу анжуманни кузатиб борган соғлом фикрли кишиларга айтар сўзим шуки, мутаассиб фикрларга эргашаётганлар билиб қўйсин, ислом – эзгулик дини. У ҳеч қачон қон тўкишга, зўравонлик қилишга ундамайди. Муқаддас ислом номидан амалга оширилаётган хунрезликларнинг буюртмачилари мўминлардан эмас.  

Ислом маърифатини, унинг инсонпарварлик ғояларини, бағрикенглик борасидаги тавсияларини ўрганмоқчи бўлганлар, бузғунчи тоифаларнинг етакчиларига эмас, соф тафсирга, Расулимиз саллолоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига таянган ҳолда сабоқ бераётган, бирор-бир юртда фитнага ёки ихтилофларга сабаб бўлмаган, ҳур фикрли олимларимизнинг фикрларига эътибор қаратсинлар. Чунки, мутаассиб фикрларга қўшилишнинг оқибати яхшилик билан тугамайди. Ким динда чуқур кетса, у адашади.  

Aллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръоннинг “Қурайш” сурасида, Қурайш қабиласига тинчлик, омонлик бергани ва Ислом динининг муҳаббатга ва саломатликка чорлаши ҳақида хабар берган.  

Ислом номидан интернет орқали тарқатилаётган фитналардан ўз юртингиз уламоларининг фатволарига таянган, оқилона панд-насиҳатларидан баҳраманд бўлган ҳолда ёндашсангиз, омонда бўласиз. Бугунги анжуманда ҳам, бундан кейин ҳам соғлом фикрли ислом уламолари интернетдаги мутаассибларнинг фикрлари хато ва асоссиз эканини бот-бот такрорлайди.  

Жаҳондаги бир қанча мамлакатларни катта ташвишларга солаётган бу фитналарга куч билан эмас, маърифий ёндашув билан ечим топишни таклиф этган Ўзбекистон Президентининг барча чақириқларини биз олимлар бир овоздан қўллаб-қувватлаймиз. Бир сўз билан айтганда, бу чақириқ фақат ислом уммати учун эмас, балки бутун башарият учун нажот садосидир.  

Н.Усмонова,  

ЎзА

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Макулатурага топширилган Қуръон ва диний китобларнинг ҳукми

27.11.2024   1330   3 min.
Макулатурага топширилган Қуръон ва диний китобларнинг ҳукми

Cавол: Мен макулатура сотиш билан шуғулланаман. Гоҳида ушбу қоғозлар орасидан эскирган Қуръон варақлари ва бошқа диний ёзуви бор қоғозлар ҳам чиқиб қолади.  Уларни нима қилсам бўлади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Маълумки, динимизда Аллоҳ таолонинг каломи ҳамда гўзал исмлари ёзилган қоғоз ва бошқа нарсаларни хорлаш ёки беҳурмат қилишдан қайтарилган, аксинча уларни эъзоз ва эҳтиром қилишга буюрилган. Шунинг учун, бундай муқаддас битикли қоғозларни макулатурага топшириш мутлақо ярамайди.
Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай хитоб қилади:

ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ

“Гап шудир: Кимки Аллоҳнинг шиорларини улуғ деб билса, бас, албатта, бу дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32 оят).
Демак, оят ва ҳадислар ёзилган китоб ёки варақлар ўқиш учун яроқли бўлса, уларни ҳеч бир йўл билан йўқ қилиш жоиз бўлмайди, балки уларни фойдаланадиган кишиларга топшириш лозим.

Аммо улар эскириб, ўқишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган бўлса, уларни тоза бир латтага ўраб, оёқ ости қилинмайдиган ерга кўмилади. Бу ҳақда Аллома Ҳаскафий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Фойдаланиб бўлмайдиган китоблардан Аллоҳ таолонинг фаришталар ва Пайғамбарларнинг исми ўчирилади ва ёқиб юборилади. Ўчирмасдан туриб ҳам оқар сувга оқизиб юборишнинг зарари йўқ. Кўмиш ҳам мумкин. Кўмиш энг афзал йўлдир. Зеро, Анбиёлар ҳам дафн этилганлар” (“Дуррул мухтор” китоби).

Демак, сизнинг қўлингизга келиб тушган муқаддас ёзувли варақларни имкони бўлса, кўмилади ёки ёқилади. Агар бу иш машаққат туғдирса, махсус воситалар ёрдамида ёзувларини кетказиб, қайта ишлаш мумкин.

Ҳозирга келиб эса, қоғозлардаги ҳар қандай ёзувларни кеткиза оладиган махсус воситалар ишлаб чиқилган. Шунга кўра, замонавий фатво марказлари  ёзув ва ҳарфлари тўлиқ ўчирилган ва махсус ишлов берилган қоғозларни қайтадан фойдаланиш мумкинлигига фатво бермоқдалар. Бунинг сабаби улардаги оят ва ҳадис ҳамда бошқа диний ёзувлардан асар қолмаганидир.

Бу ҳақда Аллома Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: "Қуръон ёзилган лавҳ (доска, тахта)ни ўчириб, уни дунё ишига ишлатса, жоиздир" ("Ал-Баҳр ар-Роиқ" китоби).
Бундан ташқари олдинги вақтларда қоғоз ва китоблар кам бўлгани учун, уларни ерга кўмиш машаққат эмас эди. Ҳозирда эса, уларнинг ҳажм ва миқдори кўпайгани сабабли бу миқдордаги китоб ва қоғозларни кўмиш катта машаққат ва сарф-харажат талаб қилади. Динимиз эса, машаққатга буюрмайди.
Шу билан бирга уларни кўмиб юборилса, ҳеч ким фойдалана олмайди. Аммо уларни қайта ишлаб қоғоз ҳолига келтирилса, қайтадан фойдаланиш мумкин. Бироқ, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу амалиёт жараёнида мусҳаф ёки оят ёзилган қоғозларни ушлашда уларнинг ҳурматини жойига қўйиш, таҳоратли ёки қўлқопли бўлиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар