Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Бухорий, Термизий, Насоий ва Абу Довуд Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Жума кунининг аввалги «нидо»си Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарнинг даврларида имом минбарга ўтирганида бўлар эди. Усмон (халифа) бўлганида одамлар кўпайиб кетиб, Завронинг устида учинчи «нидо»ни зиёда қилди».
Бошқа бир ривоятда: «Иш шундай собит қолди», дейилган.
Ушбу ҳадисдаги «нидо»дан мақсад азондир. Нидонинг «учинчи» дейилиши эса азон ва иқома эътиборидандир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва икки халифа, яъни ҳазрати Абу Бакр ҳамда ҳазрати Умар даврларида имом минбарга чиққанида азон айтилар, хутба ўқиб бўлиб, минбардан тушганида, иқома айтилиб, намоз ўқилар эди.
Аммо ҳазрати Усмон халифа бўлган пайтларида Ислом диёри кенгайиб, мусулмонлар сони кўпайган эди. Имом минбарга чиққанидан кейин азон айтилиб, хутба қилар, шундан сўнг жума намози ўқиладиган бўлса, узоқроқдаги кишилар азонни эшитгандан сўнг ҳаракат қилиб, масжидга келсалар, намозга кечикадиган бўлиб қолдилар, чунки у пайтларда соатлар йўқ эди. Кишилар намоз вақтининг кирганини азон айтилганидан билар эдилар.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида одамлар намозга кечикаётганлари кузатилгач, уларни олдинроқ хабардор қилиш учун жума намозининг вақти кириши билан бир қўшимча азон айтиш жорий қилинди.
Бу азон Мадинаи мунавваранинг бозори ичидаги «Завро» деб аталган жойда, бир уйнинг томида айтилар эди. Бозор қилиш ва бошқа ишлар билан машғул бўлиб юрган одамлар ўша биринчи азонни эшитиб, жума намозининг вақти кирганидан хабардор бўлар, ишларини йиғиштириб, таҳорат қилиб, масжидга тўпланар эдилар.
Пешин намозининг ҳақиқий вақти бўлганида эса имом минбарга чиқар ва муаззин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳазрати Абу Бакр ва Умарлар давридаги каби азон айтар ва одатдагидек давом эттириб кетилар эди.
Бу иш ўз самарасини кўрсатди. Мусулмонлар жума намозига кеч қолмайдиган бўлдилар. Бу амал ҳаммага маъқул келиб, жума намозига икки марта азон айтиш ҳамма жойларда жорий қилиниб, собит бўлиб қолди.
Бу нарсага ҳозир ҳам ҳамма жойларда ва мазҳабларда амал қилинади. Бирорта одам «Нима учун бундай?» деб эътироз билдирмайди. Шундай бўлиши керак ҳам.
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Тобароний, Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм закотни бермаса, албатта, Аллоҳ уларни қаҳатчиликка гирифтор қилади», деганлар.
Камбағалларнинг ҳаққини поймол қилган ҳар қандай жамият ана шу офатга лойиқдир. Оч-наҳор юрган кишиларнинг ҳаққини бермаган бойларнинг ўзлари ҳам қаҳатчиликка учраб, ноилож ҳолга тушишлари, оч-наҳор қолишлари мумкин. Ҳозирги кунда баъзи юртларда очарчилик-қаҳатчилик бўлиб тургани ҳам бежиз эмас. Ана шу юртларда бўлаётган қаҳатчилик бошқаларга сабоқ бўлиши лозим.
Имом Ибн Можа, Байҳақий, Баззор ва Ҳокимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Молларининг закотини бермасалар, албатта, осмондан ёмғир ёғмас», деганлар.
Демак, баъзи юртларда бўлиб турган қурғоқчиликлар ҳам бежиз эмас. Бу ҳодисалар ҳам бева-бечора, камбағал-мискинларнинг ҳаққини поймол қилган жамиятларда юзага келади.
Имом Бухорий, Имом Шофеъий, Имом Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси молга садақа-закот аралашган бўлса, албатта, уни бузади», деганлар. Яъни, закотини бермаса ҳам, бой бўла туриб, закот олиб, молига қўшиб олса ҳам ўша закот молнинг ҳаммаси қирилиб кетишига сабаб бўлар экан.
Моллари тез-тез ҳалокатга учраётган кишиларни кўрганимизда бу иш бекорга бўлмаётганини ўйлаб, хулоса чиқаришимиз ҳамда молимиз нисобга етиши билан дарҳол закотини бермоғимиз керак.
Яна шуни унутмаслик керакки, закотни бермайдиганларга шариатимиз томонидан белгиланган жазо ҳам бор. Бу жазо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида ўз аксини топган.
Имом Насаий, Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Муовия ибн Хайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким у(закот)ни ажр тилаб берса, унга ажр бор. Ким уни ман қилса, албатта, биз ҳам унинг молининг ярмини оламиз. Бу Роббимизнинг азиматларидан биридир. Оли Муҳаммадга ундан бирор нарса ҳалол бўлмас», деганлар.
Хулоса шуки, мусулмон киши молининг закотини ажру савобдан умидвор бўлиб, бериши керак. Закотини бермаган одамнинг закоти ва унга қўшимча равишда молининг ярми ҳам исломий ҳукумат томонидан олиниб, закотга ҳақдорларга тарқатилади. Закот ёки у сабабли олинган мол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига ҳалол бўлмайди. Шунингдек, закот олишга ҳаққи йўқ бўлган бой кишиларга ҳам ҳалол бўлмайди. Бу мол фақир-фуқаро, бечора камбағалларникидир.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди