Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446
Янгиликлар

Термизда илмий-амалий анжуман бошланди

17.10.2024   2175   2 min.
Термизда илмий-амалий анжуман бошланди

Термизда “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзуига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда.

Анжуман Қуръони карим тиловати билан бошланди.  

Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов давлатимиз раҳбарининг конференция иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.  

Президентимизнинг 2024 йил 15 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги  қарори ижроси доирасида ташкил этилган нуфузли тадбир Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ўтказилмоқда.  

Икки кун давом этадиган тадбирда дунёнинг ўнга яқин давлатидан дин арбоблари, нуфузли таълим муассасалари олимлари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этмоқда.  

Анжуманнинг ялпи мажлисида Имом Термизий ва термизий алломалар илмий меросини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган тарғибот фаолияти ва услубларини замон талабларига мос ҳолда ривожлантириб бориш, тарғиботнинг янги методлари ва воситаларидан кенг фойдаланиш юзасидан  тажриба алмашилади. Ислом дини равнақига, Ислом цивилизaцияси ривожига беназир ҳисса қўшган Имом Термизий ва термизий алломаларнинг оламшумул аҳамиятга молик диний-маънавий меросини ўрганишга бағишланган тадқиқотлар натижалари умумлаштирилиб, уларнинг навбатдаги босқичида долзарблик касб этаётган вазифалар белгилаб олинади. Муқаддас ислом динининг асл ғоя ва мақсадларини хато талқин этиб, уларни бузғунчи мақсадларда шарҳлаш йўли билан ёшларнинг онги ва дунёқарашини заҳарлашга ҳаракат қилаётган оқимларга қарши ислом уламолари, диний ва илмий-тадқиқот ташкилотлари фаолиятини бирлаштиришга, буюк аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшлар онгида соғлом дунёқарашни шакллантириш, уларни азалий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш масалаларига эътибор қаратилади.    

Анжуманнинг шуъба йиғилишларида Термиз ҳадис мактаби, Имом Термизий ҳаёти ва илмий мероси, Имом Термизийнинг ҳадис илми ривожида тутган ўрни, Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асарининг ўзига хос жиҳатлари, Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва илмий мероси, Ҳаким Термизийнинг ҳадис илмида тутган ўрни, Термизий алломалар илмий мероси ва уларнинг ҳозирги кундаги аҳамияти каби кўплаб мавзуларда қизиқарли маърузалар тингланиб, муҳокама этилади.  

Тадбир якунида Термиз давлат университетида “Имом Термизий илмий мероси: Анжуман таассуротлари ва истиқбол режалар” мавзуида илмий давра суҳбати ўтказилади.  

Халқаро анжуман иштирокчиларининг Термиз туманидаги Ҳаким Термизий, Шеробод туманидаги Имом Термизий мажмуалари ва бошқа муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиши ҳам режалаштирилган.  

Холмўмин Маматрайимов,  

ЎзА мухбири

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Агар бугун сизнинг охирги кунингиз бўлса...?

27.11.2024   703   1 min.
Агар бугун сизнинг охирги кунингиз бўлса...?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамларда турли хил қизиқиш бўлади. Бир одам замонасида қанча улуғ зот бўлса, ҳаммасининг ҳузурига бориб, «агар эртага охирги кунингиз экани маълум бўлса, ўша кунда қандай амал қиласиз?» деб сўрарди. Бу одамнинг мақсади Аллоҳнинг валийлари наздидаги савоби энг кўп ва нажотга сабаб бўладиган амални билиш эди. Шундай қилиб, турли хил одамларнинг олдига бориб, шу саволни бериб юрди. Ўша пайтдаги машҳур муҳаддис Абдурраҳмон ибн Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳ ҳузурларига ҳам борди ва у кишидан ҳам шу саволни сўради: «Агар сизга эртага вафот этишингиз маълум бўлса, бугун қандай амал қилган бўлар эдингиз?»

Абдурраҳмон ибн Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб жавоб бердилар: «Менинг ҳар куни қиладиган амалим бор, ўшани қиламан. Унга бирорта амал қўша олмайман. Чунки вақтларимни шундай тартиблаб олганманки, гўё ҳар бир кун менинг энг охирги кунимдир. Эрталабдан кечгача ҳаётимни шундай тартибга солганманки, гўё бугун ҳаётимнинг охирги куни ва мен қайси амални қилишим керак бўлса, ўша амални қиляпман».

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан

Мақолалар