Cавол: Ҳожатдан кейин авратни сув билан эмас, нам салфетка билан поклаш мумкинми? Буни узоқ масофага катта юк машиналарда юрадиган дўстим сўраган эди.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Нажосат чиққан жойидан атрофига ёйилмаган бўлса, қоғоз, тош каби нарсалар билан тозаланиш мумкин. Агар дирҳам (катта танга) миқдоридан кўп ёйилган бўлса, сув каби суюқлик билан поклаш лозим бўлади. Чунки бундай ҳолатда баданга нажосат теккан ҳукмида бўлиб, уни фақат ювиш билан кетказилади.
ثم الاستنجاء بالأحجار إنما يجوز إذا اقتصرت النجاسة على موضع الحدث فأما إذا تعدت موضعها بأن جاوزت الشرج أجمعوا على أن ما جاوز موضع الشرج من النجاسة إذا كانت أكثر من قدر الدرهم يفترض غسلها بالماء ولا يكفيها الإزالة بالأحجار
“Тош билан истинжо қилишнинг ўзи билан кифояланиш ахлат ёки бавл чиққан жойидан ташқарига ёйилмаган ҳолатда жоиз бўлади. Агар ахлат ёки бавл нажосат ўрнидан атрофига дирҳам миқдоридан кўп ёйилса, сув билан ювиш фарз бўлади. Тош билан кетказиш кифоя қилмайди” (“Фатовои Оламгирия” китоби).
Суюқликдан бошқа барча нарсалар, ҳатто у нам нарса бўлсин, тош билан бир хил ҳукмда бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Ўтган солиҳлардан қоида ва мерос бўлган сўз бор:
من رام العلم جملة ذهب عنه جملة
."Кимки илмнинг ҳаммасини бирданига ўрганишни истаса, илмнинг ҳаммасидан қуруқ қолади"
Оз вақтда илмнинг ҳаммасини ўрганиб оламан, дея хомтама бўлган талаба, илмнинг ҳаммасидан бебаҳра қолади. Ҳеч нарсага эришмайди.
Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида нозил бўлган...
Имом Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ "Ҳидоя" асарини 13 йил мобайнида рўзадор ҳолда ёзганлар...
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ "Саҳиҳул Бухорий"ни 16 йилда, таҳорат олган ҳолда ва икки ракат нафл намоз ўқиб, ёзганлар...
Илм китоблари ҳарфма-ҳарф ва калима-калима изоҳлаб ўрганилади. Игна билан қудуқ қазишга сабр-тоқат, олий ҳиммат, интизом ва узоқ вақт зарур. Шошқалоқлик ва пухталик бир-бирига зид – ҳеч қачон жамланмайди.
Муҳтарам толиби илм! Илмнинг боши сабрдир: китобга сабр қиласиз, устозга сабр қиласиз, яшаётган шаҳрингизга сабр қиласиз, ҳамдарсларингизга сабр қиласиз ва ҳоказо.
Илм олиш лаззатига эришгач, сабр мақомидан розилик ва муҳаббат мақомига ўтиб олгач ҳаётингиз мазмуни китоб ва устозлар суҳбатига айланади.