“Ислом – тинчлик ва эзгулик дини" мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари бу жиҳатларни алоҳида эътироф этмоқда.
Бу ҳақда Дорул-улум Карачи ислом университети (Покистон) профессори Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ўз фикрларини билдирди:
–Улуғ алломалар юртида ўтказилаётган халқаро анжуманда маъруза билан иштирок этганимдан бағоят мамнунман.
Ўзбекистон асрлар оша бутун жаҳонга буюк ва забардаст уламоларни етиштириб берган муборак заминдир. Бу заминда туғилиб, вояга етган улуғлар шунчалик кўпки, улар бутун оламни илм-маърифатга, нурга тўлдирганлар. Ислом илмларининг барча соҳалари, Қуръон ва тафсир, ҳадис, фиқҳ каби йўналишларда энг юксак мақомга эришганлар. Бу юртдан етишиб чиққан алломаларнинг илм-фаннинг турли соҳаларида қўлга киритган ютуқлари нақадар юксак даражада экани ҳеч кимга сир эмас. Буни бутун олам билади.
Болалик вақтимда қулоғимга чалинган дастлабки сўзлардан бири Бухорий номи бўлган. Ўшандан буён Имом Бухорий дунёга келган табаррук диёрга келишни орзу қилганман. Неча асрлар ўтибдики, бу улуғ зот қаршисида бутун дунё уламолари таъзим қилиб келадилар. Бу заминдан етишиб чиққан алломаларнинг саноғига етиш жуда қийин. Ўзбекистонга 5 йил муқаддам келган эдим. Шу йиллар мобайнида мамлакатда жуда катта бунёдкорлик ишлари, катта ўзгаришлар бўлганига гувоҳ бўлиб турибман.
Н.Усмонова, ЎзА
Ҳанафий мазҳабида имомга иқтидо қилувчи имом орқасида хоҳ жаҳрий намозда, хоҳи махфий намозда қироат қилмайди.
Бунга далил Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзларидир: «Кимнинг имоми бўлса, бас, имомнинг қироати унинг ҳам қироатидир», деб айтганлар.
Мана шунга саҳобаи киромлар ҳам ижмоъ қилишган. Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: «Қачон қироат қилинса, бас, жим туринг!» Имом Муслим ривояти.
Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф розиялоҳу анҳумлар наздида: Имомга иқтидо қилган кишининг қироат қилиши макруҳ бўлади, бундан мурод макруҳи таҳримийдир.
Чунончи, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деганлар: «Кимки имом орқасида қироат қилса, батаҳқиқ, суннатни хато бажарибди!»
Шундай экан имомга эргашувчи ҳар бир намозхон имомга иқтидо қилиб эргашдими, имомни қироатини эшитиши ва сукут сақлаб жим туриши керак бўлади. Шунда адо этиладиган ибодатлар мукаммал, бехато бўлади.
Ҳанафий мазҳабининг масаласига биноан, фиқҳий матн китоблари кўрсатмасига амал қилган ҳолда барча намозларда имом орқасида муқтадий жим туриши талаб этилади. Акс ҳолда, макруҳи таҳримий ишни қилиб қўйиш мумкин.
Абдуғаффор Нишонов,
Поп тумани "Сой" жоме масжиди имом-хатиби
Манба: @Softalimotlar