Ёшларда ёт ғояларга қарши миллий ва диний қадриятларни шакллантириш масалалари
9.09.2024
558
3 min.
Ҳозирги даврда ёшларни ёт ғоялардан асраш, уларни салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш долзарб масалага айланди. Бунга ёшларнинг диний-ахлоқий тарбияси, ватанпарварлигини кучайтириш, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурматни шакллантириш орқали эришиш мумкин.
Айниқса, адашган оқимларга қарши курашишда ёшларда миллий ва диний қадриятларни шакллантириш ўта муҳим ва керакли жараёндир. Ушбу қадриятлар ёшлар ва жамият учун асосий қоидаларни белгилаб бериш баробарида уларни ёт ғояларга қарши муҳофаза қилади. Қуйидаги омиллар ушбу жараёнда муҳим аҳамиятга эга.
- Турли адашган тоифалар ҳақида халқимизга, хусусан, ёшларимизга маълумот бериб бориш: Бу ёшларда диний билимларни ошириш, динлараро ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликни ривожлантиришда, уларни адашган оқимлардан огоҳлантириш учун жуда муҳимдир.
- Миллий ва диний қадриятларни рағбатлантириш: Ёшларга халқимизнинг маданий мероси, диний анъана ва урф-одатларини ўргатиш. Бу қадриятларни ёш авлодга етказиш ва уларнинг миллий идентификациясини мустаҳкамлайди (яъни миллий ва диний қадриятлар ёшларнинг ўз халқига, маданиятига динига ва тарихига бўлган муҳаббатини шакллантиради. Бу ҳиссиёт ёт ғояларга қарши туруш қобилиятини кучайтиради).
- Илм-фан ва диний билим: Ёшлар ўртасида диний билимлар билан бирга, илмий ва рационал ёндашувларни ҳам тарғиб қилиш. Яъни танқидий фикрлашга ўргатиш. Ёшларга миллий ва диний қадриятлар асосида мустақил фикрлаш, муҳокама қилиш ва ёт ғояларни таниб олишни ўргатиш. Бу ёшларни хатарли оқимлардан ҳимоялашда ёрдам бериши мумкин. Шунингдек, таълим даргоҳларида миллий ва диний қадриятлар ҳақида дарслар ташкил этиш, ёшларнинг саводхонлигини ошириш уларнинг соғлом дунёқарашини шакллантиришга хизмат қилади.
- Оила ва жамиятда дини-ахлоқий тарбия: Ёшларни оилада, таълим даргоҳлари ва жамоат ташкилотларида диний-ахлоқий тарбия қилишга, уларни маънавий жиҳатдан ривожлантиришга эътибор қаратиш лозим. Шунингдек уларга миллий ва диний қадриятларни таълим беришда яхши намуна бўлиш ҳам муҳим рол ўйнайди.
- Тинчлик ва кўпмиллатлиликни тарғиб қилиш: Бу дегани турли миллат ва диний конфессиялар орасида тинчлик, барқарорликни, ҳамжиҳатликни таъминлаш. Бу жамиятдаги турли маданиятлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамиятга эга. Бу радикализмнинг олдини олишда самарали восита бўлиши мумкин. Шунингдек, жамиятдаги бирдамлик ўта муҳим. Миллий ва диний қадриятлар жамиятда бирликни таъминлайди. Бирлашган жамият ёт ғояларга қарши самарали курашишда юқори потенциалга эга бўлади.
- Диний-маърифий тадбирлар: Ёшлар ўртасида миллий қадриятларни тарғиб қилишга қаратилган диний-маърифий тадбирлар, конференциялар ўтказиш, уларни миллий минталитетимизга хос бўлган кўргазмаларга жалб этиш уларнинг билим доирасини кенгайтиришга ёрдам беради. Бу ёшларни ўзига хос ижобий моделларга йўналтиришда муҳим рол ўйнайди.
- Масс-медиа: ОАВ, телевидения, радио ва интернет орқали миллий ва диний қадриятларни тарғиб этиш лозим. Бу ёшларга ўз қадриятларини англашда ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтганда, ёшларда ушбу омилларни шакллантириш орқали ёт ғояларга қарши самарали курашишда муваффақиятли натижаларга эришиш мумкин.
Манбалар асосида тайёрланди
Ўткирбек СОБИРОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бош мутахассиси
МАЪЛУМОТНИ ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА УЛАШИНГ