Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446

Ёшларда ёт ғояларга қарши миллий ва диний қадриятларни шакллантириш масалалари

9.09.2024   559   3 min.
Ёшларда ёт ғояларга қарши миллий ва диний қадриятларни шакллантириш масалалари

Ҳозирги даврда ёшларни ёт ғоялардан асраш, уларни салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш долзарб масалага айланди. Бунга ёшларнинг диний-ахлоқий тарбияси, ватанпарварлигини кучайтириш, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурматни шакллантириш орқали эришиш мумкин.

Айниқса, адашган оқимларга қарши курашишда ёшларда миллий ва диний қадриятларни шакллантириш ўта муҳим ва керакли жараёндир. Ушбу қадриятлар ёшлар ва жамият учун асосий қоидаларни белгилаб бериш баробарида уларни ёт ғояларга қарши муҳофаза қилади. Қуйидаги омиллар ушбу жараёнда муҳим аҳамиятга эга.

  1. Турли адашган тоифалар ҳақида халқимизга, хусусан, ёшларимизга маълумот бериб бориш: Бу ёшларда диний билимларни ошириш, динлараро ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликни ривожлантиришда, уларни адашган оқимлардан огоҳлантириш учун жуда муҳимдир.
  2. Миллий ва диний қадриятларни рағбатлантириш: Ёшларга халқимизнинг маданий мероси, диний анъана ва урф-одатларини ўргатиш. Бу қадриятларни ёш авлодга етказиш ва уларнинг миллий идентификациясини мустаҳкамлайди (яъни миллий ва диний қадриятлар ёшларнинг ўз халқига, маданиятига динига ва тарихига бўлган муҳаббатини шакллантиради. Бу ҳиссиёт ёт ғояларга қарши туруш қобилиятини кучайтиради).
  3. Илм-фан ва диний билим: Ёшлар ўртасида диний билимлар билан бирга, илмий ва рационал ёндашувларни ҳам тарғиб қилиш. Яъни танқидий фикрлашга ўргатиш. Ёшларга миллий ва диний қадриятлар асосида мустақил фикрлаш, муҳокама қилиш ва ёт ғояларни таниб олишни ўргатиш. Бу ёшларни хатарли оқимлардан ҳимоялашда ёрдам бериши мумкин. Шунингдек, таълим даргоҳларида миллий ва диний қадриятлар ҳақида дарслар ташкил этиш, ёшларнинг саводхонлигини ошириш уларнинг соғлом дунёқарашини шакллантиришга хизмат қилади.
  4. Оила ва жамиятда дини-ахлоқий тарбия: Ёшларни оилада, таълим даргоҳлари ва жамоат ташкилотларида диний-ахлоқий тарбия қилишга, уларни маънавий жиҳатдан ривожлантиришга эътибор қаратиш лозим. Шунингдек уларга миллий ва диний қадриятларни таълим беришда яхши намуна бўлиш ҳам муҳим рол ўйнайди.
  5. Тинчлик ва кўпмиллатлиликни тарғиб қилиш: Бу дегани турли миллат ва диний конфессиялар орасида тинчлик, барқарорликни, ҳамжиҳатликни таъминлаш. Бу жамиятдаги турли маданиятлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамиятга эга. Бу радикализмнинг олдини олишда самарали восита бўлиши мумкин. Шунингдек, жамиятдаги бирдамлик ўта муҳим. Миллий ва диний қадриятлар жамиятда бирликни таъминлайди. Бирлашган жамият ёт ғояларга қарши самарали курашишда юқори потенциалга эга бўлади.
  6. Диний-маърифий тадбирлар: Ёшлар ўртасида миллий қадриятларни тарғиб қилишга қаратилган диний-маърифий тадбирлар, конференциялар ўтказиш, уларни миллий минталитетимизга хос бўлган кўргазмаларга жалб этиш уларнинг билим доирасини кенгайтиришга ёрдам беради. Бу ёшларни ўзига хос ижобий моделларга йўналтиришда муҳим рол ўйнайди.
  7. Масс-медиа: ОАВ, телевидения, радио ва интернет орқали миллий ва диний қадриятларни тарғиб этиш лозим. Бу ёшларга ўз қадриятларини англашда ёрдам беради.

Хулоса қилиб айтганда, ёшларда ушбу омилларни шакллантириш орқали ёт ғояларга қарши самарали курашишда муваффақиятли натижаларга эришиш мумкин.

 

Манбалар асосида тайёрланди

Ўткирбек СОБИРОВ 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Бош мутахассиси

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Агар закотни бермасалар

27.11.2024   544   3 min.
Агар закотни бермасалар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Тобароний, Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм закотни бермаса, албатта, Аллоҳ уларни қаҳатчиликка гирифтор қилади», деганлар.

Камбағалларнинг ҳаққини поймол қилган ҳар қандай жамият ана шу офатга лойиқдир. Оч-наҳор юрган кишиларнинг ҳаққини бермаган бойларнинг ўзлари ҳам қаҳатчиликка учраб, ноилож ҳолга тушишлари, оч-наҳор қолишлари мумкин. Ҳозирги кунда баъзи юртларда очарчилик-қаҳатчилик бўлиб тургани ҳам бежиз эмас. Ана шу юртларда бўлаётган қаҳатчилик бошқаларга сабоқ бўлиши лозим.

Имом Ибн Можа, Байҳақий, Баззор ва Ҳокимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Молларининг закотини бермасалар, албатта, осмондан ёмғир ёғмас», деганлар.

Демак, баъзи юртларда бўлиб турган қурғоқчиликлар ҳам бежиз эмас. Бу ҳодисалар ҳам бева-бечора, камбағал-мискинларнинг ҳаққини поймол қилган жамиятларда юзага келади.

Имом Бухорий, Имом Шофеъий, Имом Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси молга садақа-закот аралашган бўлса, албатта, уни бузади», деганлар. Яъни, закотини бермаса ҳам, бой бўла туриб, закот олиб, молига қўшиб олса ҳам ўша закот молнинг ҳаммаси қирилиб кетишига сабаб бўлар экан.

Моллари тез-тез ҳалокатга учраётган кишиларни кўрганимизда бу иш бекорга бўлмаётганини ўйлаб, хулоса чиқаришимиз ҳамда молимиз нисобга етиши билан дарҳол закотини бермоғимиз керак.

Яна шуни унутмаслик керакки, закотни бермайдиганларга шариатимиз томонидан белгиланган жазо ҳам бор. Бу жазо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида ўз аксини топган.

Имом Насаий, Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Муовия ибн Хайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким у(закот)ни ажр тилаб берса, унга ажр бор. Ким уни ман қилса, албатта, биз ҳам унинг молининг ярмини оламиз. Бу Роббимизнинг азиматларидан биридир. Оли Муҳаммадга ундан бирор нарса ҳалол бўлмас», деганлар.

Хулоса шуки, мусулмон киши молининг закотини ажру савобдан умидвор бўлиб, бериши керак. Закотини бермаган одамнинг закоти ва унга қўшимча равишда молининг ярми ҳам исломий ҳукумат томонидан олиниб, закотга ҳақдорларга тарқатилади. Закот ёки у сабабли олинган мол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига ҳалол бўлмайди. Шунингдек, закот олишга ҳаққи йўқ бўлган бой кишиларга ҳам ҳалол бўлмайди. Бу мол фақир-фуқаро, бечора камбағалларникидир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар