Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз – Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз – аҳли-оиласига яхшилик қилувчиларингиздир”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз – умри узун ва амали гўзал бўлганингиздир”, дедилар (Имом Аҳмад, Имом Ибн Ҳиббон, Имом Байҳақий ривояти);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз – яхшилигидан умид қилинувчи ва ёмонлигидан омонда бўлинувчингиздир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз (одамларга) таом берадиган ва саломга алик оладиганингиздир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз қарзини гўзал адо этувчиларингиздир", дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг энг яхшиларингиз ахлоқи яхшиларингиздир", (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Бир ўғил кекса онасини ресторанга овқатланишга олиб борди. У анча қувватдан қолгани учун қўлларидан овқат тушиб кийимини ифлос қилар эди. Бу ҳолатни кўрганлар онахонга жирканиб қарашарди. Лекин ўғил бунга эътибор қилмас, онасини эҳтиром қилишда давом этарди.
Овқатланиб бўлгач, ўғил онасининг кўйлагини тозалаб қўйди. Ўтирганларнинг ҳаммаси буни жим кузатишди. Она бола секин эшик томонга юраётганида бир ёши улуғ одам ўғилни чақириб: “Ҳеч нарса қолдирмадингми?” деб сўради. Шунда ўғил: “Йўқ ҳамма нарсани олдим”, деди. Ёши катта одам: “Сиз ҳозир барча ўғил фарзандлар учун дарс, оналар учун умид қолдириб кетдингиз”, деб жавоб қилди.
Ҳозир онангиз ҳаётми? Унинг қадрига етинг, эъзозланг! Кейин армон бўлиб қолмасин! Бу оламни тарк этсалар, бу дақиқалар армон бўлиб қолишини, унутманг.
Акбаршоҳ Расулов таржимаси