Тошкентда ўтаётган “Ислом – тинчлик ва эзгулик” дини мавзусидаги халқаро конференцияда Туркиянинг Ислом тафаккури институти директори Меҳмет Гўкмез маъруза қилди. У конференция ташкил этилиши бутун дунёда тинчлик, яхшилик, хайр-баракага сабаб бўлишига умид билдирди.
Тошкентда “Ислом – тинчлик ва эзгулик” дини мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан халқаро ташкилот раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар қатнашди. Улардан бири Туркиянинг Ислом тафаккури институти директори Меҳмет Гўкмез Ўзбекистонга бу муҳим конференцияни ташкил қилгани учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Мовароуннаҳр цивилизациясини давом эттираётганини эътироф этди.
“Ўзбекистон қадимий тарих, жуда бой цивилизацияга эга давлат. Биз буни Мовароуннаҳр цивилизацияси деб атаймиз. Бу цивилизациянинг бешта асосий хусусияти бор. Улардан биринчиси ҳақиқий универсал илм тасаввурига эга бўлишдир. Яъни ҳам ижтимоий илмлар, ҳам табиий фанлар, ҳам ислом билимларини бирлаштирган чуқур тафаккурга суянишдир. Ўзбекистон замини бу илмларни ўз ҳаётига татбиқ қилган ислом оламининг энг буюк муаллимларини тарбиялади”, – деди у.
Меҳмет Гўкмез Мовароуннаҳр цивилизациянинг иккинчи муҳим жиҳати сифатида кучли методология ишлаб чиққани эканини қўшимча қилди.
“Яъни илм хомашё сифатида Мовароуннаҳр заминига келганида бу юрт алломалари унга тартиб берди. Уни муайян қонун-қоидаларга айлантириб, илмий йўсинга солди ва дунёга тақдим этди. Шунинг учун ушбу методология жамоатчилик учун жуда ҳам муҳим. Тасаввуфнинг, яъни маърифат анъанасининг Мовароуннаҳрда тарқалиши, имом Мотуридий ислом дунёсининг асосий ақидавий йўлини шу ерда такомилга етказгани ҳам бу цивилизациянинг энг катта хусусиятларидан бири ҳисобланади”, – деди олим.
Гўкмез 15 йил давомида Туркия дин ишлари бошқармасида раҳбар лавозимларида ишлагани ва шу даврда Ўзбекистонни яхши танигани ҳақида гапирди.
“Мен юртингизда яқин тарихда дунёнинг кўплаб жойларида кузатилмайдиган катта ислоҳотлар ҳаракати бошланганини кўряпман. Бу ислоҳотлар икки томонлама бўлиши муҳимдир. Баъзи мамлакатларда улкан иқтисодий жонланиш бор, аммо маънавий жонланиш етишмайди. Баъзи юртларда эса бунинг акси. Ўзбекистон эса иккаласини бирлаштирмоқда. Яъни ҳам шаҳарсозлик, ҳам иқтисодий ривожланиш ва маданият жиҳатдан катта ўсишга эга”, – деди у.
Шунингдек, институт директори “Ислом – тинчлик ва эзгулик” дини мавзусидаги халқаро конференцияни тинчлик ва эзгуликка йўл очадиган, амалий натижаларга олиб келадиган муҳим лойиҳа деб атади.
“Бу нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда, дунёда тинчлик, яхшилик, хайр-баракага сабаб бўлади деб ўйлайман. Яна бир нарсани айтишим керакки, терроризм, радикализм ва экстремизм кабиларнинг энг катта илдизи жаҳолат. Диний ва дунёвий билим қанча кам бўлса, одамлар шу қадар бўлинишга мойил бўлади. Бугун дунёда турли можаролар, кўнгилни ғамга соладиган ҳолатлар бўлмоқда. Мана шундай шароитда тинчлик ва яхшилик ҳақида гапириш муҳимдир. Яна бир жиҳати ушбу замин ҳеч қачон тафриқага берилмаган. Ҳар доим исломнинг мўътадил йўлини тутган. Имом Абу Ҳанифа ва Имом Мотуридийнинг йўли ана шу йўл эди. Бугунги тадбирда дунё уламоларининг мазкур ҳақиқатни таъкидлаганлари конференциянинг муҳим жиҳатларидан бири бўлди деб ҳисоблайман”, – деди Меҳмет Гўкмез.
https://kun.uz/kr/68215996
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Тобароний, Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм закотни бермаса, албатта, Аллоҳ уларни қаҳатчиликка гирифтор қилади», деганлар.
Камбағалларнинг ҳаққини поймол қилган ҳар қандай жамият ана шу офатга лойиқдир. Оч-наҳор юрган кишиларнинг ҳаққини бермаган бойларнинг ўзлари ҳам қаҳатчиликка учраб, ноилож ҳолга тушишлари, оч-наҳор қолишлари мумкин. Ҳозирги кунда баъзи юртларда очарчилик-қаҳатчилик бўлиб тургани ҳам бежиз эмас. Ана шу юртларда бўлаётган қаҳатчилик бошқаларга сабоқ бўлиши лозим.
Имом Ибн Можа, Байҳақий, Баззор ва Ҳокимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Молларининг закотини бермасалар, албатта, осмондан ёмғир ёғмас», деганлар.
Демак, баъзи юртларда бўлиб турган қурғоқчиликлар ҳам бежиз эмас. Бу ҳодисалар ҳам бева-бечора, камбағал-мискинларнинг ҳаққини поймол қилган жамиятларда юзага келади.
Имом Бухорий, Имом Шофеъий, Имом Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси молга садақа-закот аралашган бўлса, албатта, уни бузади», деганлар. Яъни, закотини бермаса ҳам, бой бўла туриб, закот олиб, молига қўшиб олса ҳам ўша закот молнинг ҳаммаси қирилиб кетишига сабаб бўлар экан.
Моллари тез-тез ҳалокатга учраётган кишиларни кўрганимизда бу иш бекорга бўлмаётганини ўйлаб, хулоса чиқаришимиз ҳамда молимиз нисобга етиши билан дарҳол закотини бермоғимиз керак.
Яна шуни унутмаслик керакки, закотни бермайдиганларга шариатимиз томонидан белгиланган жазо ҳам бор. Бу жазо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида ўз аксини топган.
Имом Насаий, Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Муовия ибн Хайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким у(закот)ни ажр тилаб берса, унга ажр бор. Ким уни ман қилса, албатта, биз ҳам унинг молининг ярмини оламиз. Бу Роббимизнинг азиматларидан биридир. Оли Муҳаммадга ундан бирор нарса ҳалол бўлмас», деганлар.
Хулоса шуки, мусулмон киши молининг закотини ажру савобдан умидвор бўлиб, бериши керак. Закотини бермаган одамнинг закоти ва унга қўшимча равишда молининг ярми ҳам исломий ҳукумат томонидан олиниб, закотга ҳақдорларга тарқатилади. Закот ёки у сабабли олинган мол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига ҳалол бўлмайди. Шунингдек, закот олишга ҳаққи йўқ бўлган бой кишиларга ҳам ҳалол бўлмайди. Бу мол фақир-фуқаро, бечора камбағалларникидир.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди