Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қўриқхоналар ташкил қилиш
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халқнинг камбағал тоифаси манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жамият ихтиёрида бўладиган қўриқхоналарга кўплаб ер ажратишни йўлга қўйдилар. Шу тариқа ерларга бой-бадавлат кишилар эга чиқиб олишлари тартибга солинди.
Масжидларни хушбўй қилиш
Авваллари масжидларни хушбўй қилиш эҳтиёжи бўлмагани учун бу нарса ҳеч кимнинг ёдига келмаган эди. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида одамларнинг кўпайгани, уларнинг табиатлари ҳам ўзгаргани эътиборга олиниб, масжидларни турли нохуш ҳидлардан асраш учун «халуқ» номли хушбўй модда сочиб туриш йўлга қўйилди. Бу эса ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қанчалик нозик дид эгаси бўлганларини кўрсатади.
Муаззинларга маош белгилаш
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларигача муаззинларга маош белгиланмаган эди. Ўша пайтдаги ҳаётнинг соддалигидан, муаззинларга ажратилган ишнинг озлигидан бунга эҳтиёж ҳам йўқ эди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб, масжидлар катталашди, жамоатлар cони ниҳоятда ортди. Бинобарин, муаззинларнинг хизмати ҳам кўпайди. Энди муаззинлар ажралиб чиқиб, муаззинлик қилишлари лозим бўлиб қолди. Фақат муаззинлик билан машғул бўлган одам эса маош билан таъминланиши зарур эди. Шунинг учун ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кенг Ислом жамиятининг барча жойларида муаззинларга маош беришни жорий қилдилар.
Миршабликни жорий қилиш
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб, барча шароитлар ўзгарган. Ўзгарганда ҳам, салбий маънода ўзгарган эди. Ҳар бирлари «тирик Қуръон» бўлган улуғ саҳобийларнинг кўпчилиги шаҳид бўлган, вафот этган ва турли юртларга тарқаб кетган эдилар. Жамиятда турли-туман халқ, миллат ва элатларнинг турли одамлари ҳам кўпайган эди. Уларнинг ичида одоблилари ҳам, бошқачалари ҳам бор эди. Бунинг устига, мусулмон бўлмаганлар ҳам, Исломни ғаразгўйлик билан қабул қилганлар ҳам оз эмасди. Бу ва шунга ўхшаш омиллар миршабликни жорий этишни талаб қилар эди. Шунинг учун ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу миршабликни йўлга қўйдилар.
Масжидда бошлиққа алоҳида жой қилиш
Бу ишни ҳам шароит тақозо қилган эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бир нобакор шахс қўлида фожиали равишда қатл этилишлари ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу учун катта дарс бўлган эди. Шу боис у киши масжидда ўзларига ана шундай тўсатдан бўлиши мумкин бўлган ҳужум ва суиқасдларнинг олдини олиш учун алоҳида жой қилдилар.
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди
Бир ўғил кекса онасини ресторанга овқатланишга олиб борди. У анча қувватдан қолгани учун қўлларидан овқат тушиб кийимини ифлос қилар эди. Бу ҳолатни кўрганлар онахонга жирканиб қарашарди. Лекин ўғил бунга эътибор қилмас, онасини эҳтиром қилишда давом этарди.
Овқатланиб бўлгач, ўғил онасининг кўйлагини тозалаб қўйди. Ўтирганларнинг ҳаммаси буни жим кузатишди. Она бола секин эшик томонга юраётганида бир ёши улуғ одам ўғилни чақириб: “Ҳеч нарса қолдирмадингми?” деб сўради. Шунда ўғил: “Йўқ ҳамма нарсани олдим”, деди. Ёши катта одам: “Сиз ҳозир барча ўғил фарзандлар учун дарс, оналар учун умид қолдириб кетдингиз”, деб жавоб қилди.
Ҳозир онангиз ҳаётми? Унинг қадрига етинг, эъзозланг! Кейин армон бўлиб қолмасин! Бу оламни тарк этсалар, бу дақиқалар армон бўлиб қолишини, унутманг.
Акбаршоҳ Расулов таржимаси