Cавол: Ҳозирги кунда кўплаб супермаркетларда сотувдаги маҳсулот остига унинг нархи ҳам ёзиб қўйилган. Харидорлар улардан керагини олиб, охирида кассага келиб тўлов қилади. Шу ҳолатда олинган маҳсулотни кассага келишдан олдин ичиб ёки ейишнинг зарари йўқми? Чунки ҳали сотувчи билан олди-сотди бўлмаган бўлади-ку.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тагида нархлари ёзиб қўйилган маҳсулотни олишнинг ўзи ҳам савдо бўлаверади. Буни “Таотий” (олиш-бериш) савдоси дейилади. Яъни нархи ёзиб қўйилган ёки аввалдан маълум бўлган маҳсулотни ҳеч нима демасдан нархини тўлаб олиб кетиш ҳам савдонинг бир туридир. Бу савдода “сотдим” ва “сотиб олдим” дейиш шарт бўлмайди. Сотувчи томоннинг маҳсулот остига нархни ёзиб қўйиши “Бу маҳсулотни шу нархга сотамиз”, дегани, харидор пештахтадан ўша маҳсулотни сотиб олиш мақсадида қўлга олиши “Шуни сотиб олдим”, дегани бўлади. Яъни мижоз кўрсатилган нархга рози бўлиб нарсани олиши сотиб олишга ўтаверади.
“Ҳидоя” китобида бундай дейилади: “Қимматбаҳо ва арзон маҳсулотларда икки томоннинг розилиги топилгани учун “таотий” билан қилинган савдо боғланаверади”.
Сиз айтган ҳолатда харидор маҳсулотни қўлга олиши, уни ейиши ёки ичиши шу нархга рози бўлганидан дарак беради. Фақат уни еб ёки ичиб қўйгандан кейин “буни сотиб олмайман”, деб ортга қайта олмайди. Пулини тўлайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Тобароний, Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм закотни бермаса, албатта, Аллоҳ уларни қаҳатчиликка гирифтор қилади», деганлар.
Камбағалларнинг ҳаққини поймол қилган ҳар қандай жамият ана шу офатга лойиқдир. Оч-наҳор юрган кишиларнинг ҳаққини бермаган бойларнинг ўзлари ҳам қаҳатчиликка учраб, ноилож ҳолга тушишлари, оч-наҳор қолишлари мумкин. Ҳозирги кунда баъзи юртларда очарчилик-қаҳатчилик бўлиб тургани ҳам бежиз эмас. Ана шу юртларда бўлаётган қаҳатчилик бошқаларга сабоқ бўлиши лозим.
Имом Ибн Можа, Байҳақий, Баззор ва Ҳокимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Молларининг закотини бермасалар, албатта, осмондан ёмғир ёғмас», деганлар.
Демак, баъзи юртларда бўлиб турган қурғоқчиликлар ҳам бежиз эмас. Бу ҳодисалар ҳам бева-бечора, камбағал-мискинларнинг ҳаққини поймол қилган жамиятларда юзага келади.
Имом Бухорий, Имом Шофеъий, Имом Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси молга садақа-закот аралашган бўлса, албатта, уни бузади», деганлар. Яъни, закотини бермаса ҳам, бой бўла туриб, закот олиб, молига қўшиб олса ҳам ўша закот молнинг ҳаммаси қирилиб кетишига сабаб бўлар экан.
Моллари тез-тез ҳалокатга учраётган кишиларни кўрганимизда бу иш бекорга бўлмаётганини ўйлаб, хулоса чиқаришимиз ҳамда молимиз нисобга етиши билан дарҳол закотини бермоғимиз керак.
Яна шуни унутмаслик керакки, закотни бермайдиганларга шариатимиз томонидан белгиланган жазо ҳам бор. Бу жазо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида ўз аксини топган.
Имом Насаий, Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Муовия ибн Хайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким у(закот)ни ажр тилаб берса, унга ажр бор. Ким уни ман қилса, албатта, биз ҳам унинг молининг ярмини оламиз. Бу Роббимизнинг азиматларидан биридир. Оли Муҳаммадга ундан бирор нарса ҳалол бўлмас», деганлар.
Хулоса шуки, мусулмон киши молининг закотини ажру савобдан умидвор бўлиб, бериши керак. Закотини бермаган одамнинг закоти ва унга қўшимча равишда молининг ярми ҳам исломий ҳукумат томонидан олиниб, закотга ҳақдорларга тарқатилади. Закот ёки у сабабли олинган мол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига ҳалол бўлмайди. Шунингдек, закот олишга ҳаққи йўқ бўлган бой кишиларга ҳам ҳалол бўлмайди. Бу мол фақир-фуқаро, бечора камбағалларникидир.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди