Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Ҳайз давридаги маҳзунликни қандай қилиб енгиш мумкин?

21.10.2024   1725   3 min.
Ҳайз давридаги маҳзунликни қандай қилиб енгиш мумкин?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир қиз айтади:

«Ҳайз кунларида ғалати маҳзун, тушкун ҳолатга тушардим. Гўёки ҳаётимдаги барча яхшиликлар бирдан тўхтаб қолгандек. Намоз йўқ, рўза йўқ, ҳаттоки Қуръонга қўл теккизиш ҳам йўқ. Ана шу кунларда бошқа кунларга нисбатан шайтон мен билан кўпроқ ўйнашиб, васваса қила бошларди.

Беҳад қийинчиликлардан кейин Аллоҳ мени бир ажойиб ишга илҳомлантирди. Ўзимга ўзим дедим: «Модомики ҳайз сени баъзи ибодатлардан тўсаётган экан, кел, қараб кўрайлик-чи, ҳайз вақтида ҳам қилиш мумкин бўлган ибодатлар бормикан?».

Қўлимга қоғоз-қалам олиб, ҳайз ҳолатида ҳам адо этиш мумкин бўлган ибодатларни ёза бошладим. Кўрингки, бажариш жоиз бўлган элликка яқин ибодатлар бор экан. Уларнинг бошида тасбеҳ, Аллоҳни зикр қилиш турса, охирида рўзадорларга таом тайёрлаб, улар оладиган савобларга шерик бўлиш турар эди. Шундан кейин ҳайз даврида пайдо бўладиган қайғуларим чекина бошлади. Ўзим яхши кўрадиган ибодатлар билан машғул бўлдим. Шайтон менга таъсир қилишига фурсат қолдирмадим. Натижада биратўла ҳам шайтонни, ҳам қайғуларимни енгганим учун хурсанд эдим. Бу ғояни бошқа дугоналаримга ҳам айтдим. Бу услуб уларга ҳам маъқул келиб, синаб кўришди. Улар ҳам мен каби кўп яхшиликларга эга бўлишди. Шунинг учун қизларнинг ҳайз давридаги қайғуларини енгишга ёрдам берадиган мулоҳазаларни интернетга жойлашни режалаштирдик. Бу мулоҳазалар бир-биридан ажойиб юзлаб ғоялар ва ҳайз даврида ҳам қилиш мумкин бўлган жисмоний ишларни ўз ичига олган эди».

 

Яна бир қиз айтади:

«Ҳайзга боғлиқ сиқилишлар ва муаммолар борлигини билган пайтимда ана шу вақт учун хос жисмоний ишлар, хос таомлар, махсус ичимликлар, махсус учрашувларни белгилаб қўйдим, шунингдек, намоз, рўза ва Қуръон тиловати ўрнига ҳам махсус ибодатларни тайин қилиб қўйдим. Шундай қилиб, садақа қилиш учун, сингилчамга бирор яхши нарсани ўргатиш учун ҳам вақт ажрата олдим. Ана шу кунларим учун яхши китоблар, ҳикояларни ҳам йиғиб қўядиган бўлдим. Шундай қилиб, қайғули кунларим бахтли ва шодон кунларга ўзгарди».

 

Яна бир қиз айтади:

«Авваллари ҳайз пайтида душ қабул қилишни нотўғри иш деб билардим. Шунинг учун ҳайзли кунларимда душ қабул қилишдан ўзимни жуда эҳтиёт қилар, ўша кунларни мутлақо ювинмай ўтказар эдим. Шунинг учун ўзимдан келаётган нохуш ҳидни, ҳаттоки ўзимни ҳам ёқтирмасдим. Ювинганимдан кейингина ўзимни яхши ҳис қила бошлардим. Ҳайз даврида ювиниш соғлиқ учун фойдали эканини билгунимча неча йиллар давомида қийналиб юрдим. Бу ҳақда билганимда эса жуда хурсанд бўлиб, эҳтиёткорлик билан синаб кўрдим, ҳақиқатда ҳам жуда фойдали экан. Шундай қилиб, ҳайз даврида ҳам ғусл қилиш неъматидан фойдаланадиган бўлдим».

 

Энди ушбу саволга жавоб беринг:

Ҳайз даврида сизни нималар кўпроқ безовта қилади? Уларни қандай қилиб енгишингиз мумкин? Сизнинг ҳайз даврида қайғуларни енгиш учун ғайрат билан қиладиган ишларингиз борми?

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Агар закотни бермасалар

27.11.2024   411   3 min.
Агар закотни бермасалар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Тобароний, Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм закотни бермаса, албатта, Аллоҳ уларни қаҳатчиликка гирифтор қилади», деганлар.

Камбағалларнинг ҳаққини поймол қилган ҳар қандай жамият ана шу офатга лойиқдир. Оч-наҳор юрган кишиларнинг ҳаққини бермаган бойларнинг ўзлари ҳам қаҳатчиликка учраб, ноилож ҳолга тушишлари, оч-наҳор қолишлари мумкин. Ҳозирги кунда баъзи юртларда очарчилик-қаҳатчилик бўлиб тургани ҳам бежиз эмас. Ана шу юртларда бўлаётган қаҳатчилик бошқаларга сабоқ бўлиши лозим.

Имом Ибн Можа, Байҳақий, Баззор ва Ҳокимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Молларининг закотини бермасалар, албатта, осмондан ёмғир ёғмас», деганлар.

Демак, баъзи юртларда бўлиб турган қурғоқчиликлар ҳам бежиз эмас. Бу ҳодисалар ҳам бева-бечора, камбағал-мискинларнинг ҳаққини поймол қилган жамиятларда юзага келади.

Имом Бухорий, Имом Шофеъий, Имом Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси молга садақа-закот аралашган бўлса, албатта, уни бузади», деганлар. Яъни, закотини бермаса ҳам, бой бўла туриб, закот олиб, молига қўшиб олса ҳам ўша закот молнинг ҳаммаси қирилиб кетишига сабаб бўлар экан.

Моллари тез-тез ҳалокатга учраётган кишиларни кўрганимизда бу иш бекорга бўлмаётганини ўйлаб, хулоса чиқаришимиз ҳамда молимиз нисобга етиши билан дарҳол закотини бермоғимиз керак.

Яна шуни унутмаслик керакки, закотни бермайдиганларга шариатимиз томонидан белгиланган жазо ҳам бор. Бу жазо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида ўз аксини топган.

Имом Насаий, Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Муовия ибн Хайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким у(закот)ни ажр тилаб берса, унга ажр бор. Ким уни ман қилса, албатта, биз ҳам унинг молининг ярмини оламиз. Бу Роббимизнинг азиматларидан биридир. Оли Муҳаммадга ундан бирор нарса ҳалол бўлмас», деганлар.

Хулоса шуки, мусулмон киши молининг закотини ажру савобдан умидвор бўлиб, бериши керак. Закотини бермаган одамнинг закоти ва унга қўшимча равишда молининг ярми ҳам исломий ҳукумат томонидан олиниб, закотга ҳақдорларга тарқатилади. Закот ёки у сабабли олинган мол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига ҳалол бўлмайди. Шунингдек, закот олишга ҳаққи йўқ бўлган бой кишиларга ҳам ҳалол бўлмайди. Бу мол фақир-фуқаро, бечора камбағалларникидир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар