Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг кун тартиблари

21.10.2024   1775   3 min.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг кун тартиблари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

– Мендан ҳазратнинг вирдлари ҳақида кўп сўрашади. Ҳазратнинг асосий вирдлари илм эди. У киши: «Оддий мўминнинг вирди зикр, қорининг вирди Қуръон, толиби илмнинг вирди талаби илм, олимнинг вирди илм тарқатиш», деб қўярдилар.

Кун тартибларига келсак, ҳазрат қишин-ёзин саҳарлаб турардилар. Бироз таҳажжуд ўқиб, сўнгра ишга ўтирардилар. Бомдод вақти кирганда намозни ўқиб, вирдларига ўтирардилар. Вирдлари суннатда келган тонгги зикрлар, Ёсин тиловати ва ўзлари ихтиёр қилган муайян зикрлардан иборат эди. Воқеа сурасини ҳам ҳар куни ўқирдилар.

Кўпинча эрталаб соат 7 ларда маросимга боришлари керак бўларди. Ҳазратни олиб кетгани келган кишининг келганини хабар қилиши ёки дарвоза қўнғироғини чалиши ҳазратнинг наздларида катта беодоблик ҳисобланарди. Улар айтилган вақтга келиб турар, ҳазрат ҳам келишилган вақтга ташқарига чиқардилар. Маросимга олиб кетадиган машина 6:30 га яқин келарди. Ҳазрат 3 дақиқада кийимларини алмаштириб, роппа-роса 6:30 га ташқарига чиқардилар. Вақтни тежаганларидан кийимнинг тугмасини ҳам йўл-йўлакай тақиб борардилар.

Маросимдан келибоқ, яна ишга киришардилар. Сўнгги бир йилдан бери парҳезда бўлганлари учун кўпинча маросимдан келиб, уйда чой ичардилар. Чой ичишлари узоғи билан 15 дақиқага борарди. Кейин тушгача ишлардилар. Ўзлари учун кунда 10 саҳифа китоб таълиф қилишни вазифа қилиб олгандилар. Вазифалари тугамагунча тўхтамасдилар, не бўлмасин, уни бажарардилар. Ҳатто сафарда ҳам имкон топди дегунча ишларини давом эттирардилар.

Одатда, пешиндан кейин ҳафтанинг баъзи кунлари дарс ҳалқалари бўлар, баъзи кунлари эса сузишга борар эдилар. Шунингдек, яна баъзи кунлари шомдан кейин дарс берсалар, бошқа кунлари шомдан кейин баскетболга борардилар. Ҳафтада икки марта сузиш, икки марта баскетбол, бешта дарс ва бир нечта мажлис бўларди. Бу бардавом ва бир маромдаги тадбирлар бўлса, ундан ташқари, турли йиғинлар, сафарлар ҳам кетма-кет бўлиб турарди.

Ҳазратнинг вақтига Аллоҳ таоло барака бериб қўйган эди. Буни у киши билан ҳамнафас бўлган инсон ҳам ўз вақтидаги ўзгаришдан сеза оларди. У кишининг вақтга бўлган эътиборларидан Аллоҳ таоло у кишини бу каромат билан сийлаган бўлса, ажаб эмас. Ҳазратнинг вирдларидан яна бири – ҳар доим таҳоратли юрардилар ва ҳар бир таҳорат кетидан икки ракъат нафл ўқирдилар.

Кечқурун соат ўнда, кечикиб кетса, ўн ярим-ўн бирларда уйқуга ётардилар. Баъзан хуфтонни эртароқ ўқиб, кейин ётиш олдидан таҳоратни янгилаб, витрни ўқирдилар. Ҳазрат бирор лаҳзани ҳам зое қилмас эдилар. Вазифаларни ўтаб бўлган пайтлари Қуръон тинглар эдилар. Қуръони каримни кўп ўқир ва эшитар эдилар. Озгина фурсат бўш бўлиб қолсалар, зикр қилиб ўтирар эдилар. У киши бадиий адабиётга ҳам қизиқардилар. Илмий ишлардан бўшаган пайтлари турли бадиий асарлар билан ҳам танишиб турар, ҳикматли шеърларни ўқишни, тинглашни яхши кўрар эдилар.

Исмоил махдум қизи Фотима ҳожи она

Шайх ҳазратларининг умр йўлдошлари

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Табиатни асрашда мусулмоннинг 6 вазифаси

27.11.2024   1627   1 min.
Табиатни асрашда мусулмоннинг 6 вазифаси

1. Ерни ифлос қилманг

“Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилманг!” (Аъроф сураси, 56-оят).

 

2. Аллоҳ покликни яхши кўради

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ покизадир – покизаликни севади”.

 

3. Ахлат ташламанг!

Набий алайҳиссалом: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, деганлар.

 

4. Аллоҳ кечириб юборади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам йўлда юриб кетаётиб тиканли бир шохни кўриб, уни олиб ташлади. Шунда Аллоҳ уни тақдирлади ва мағфират қилди”, дедилар.

 

5. Бу ҳам – садақа

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўлдан азият берувчи нарсани олиб ташлашингиз ҳам – садақадир”, деганлар.

 

6. Қанча мева бўлса шунча савоб

Набий алайҳиссалом: “Ким бир ўсимлик экса ва мева берса, Аллоҳ таоло унинг меваси ададича (савоб) беради”, дедилар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар