Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Миллатнинг борлигини кўрсатувчи ойна

21.10.2024   2099   3 min.
Миллатнинг борлигини кўрсатувчи ойна

Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тили ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”, дейди. Ҳақиқатан ҳам халқнинг миллий тили орқали, тилга бўлган эътибори орқали унинг маънавиятини, тарихини англаш ва тушуниш мумкин. Тил – миллат маънавиятининг кўзгуси. Боиси халқ маънавиятини англаш унинг тилини ўрганиш орқали амалга оширилади.


Истиқлол йилларида ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузи янада ошди. БМТ, YUNESKO каби халқаро ташкилотлар минбарларида ўзбек тилида маърузалар ўқилмоқда. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари олий таълим муассасаларида эса ўзбек тили кафедралари фаолияти йўлга қўйилди. Энг муҳими, чет эллик олимларнинг ўзбек мумтоз адабиёти, тарихи, санъати каби ўнлаб йўналишларда ўзбек тилида илмий тадқиқотлари ишларини муваффақиятли олиб бораётганликлари ҳаммамизга чексиз фахр ва ифтихор бағишлайди.


Қолаверса, кейинги йилларда Давлатимиз раҳбарининг эътибори ва ташаббуси билан спорт, санъат, таълим ва тадбиркорлик соҳалари ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Ёшларимиз халқаро спорт ва фан олимпиадаларида, турли беллашувларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқдалар. Шунинг билан бирга улар она тилимиз – ўзбек тили обрўси ошишига ҳам ҳисса қўшмоқдалар.


Олимларимиз ҳамда тил бўйича мутахассислар илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этиб, кишиларни она тилимизнинг жозибаси ва гўзаллигидан баҳраманд этиб келишмоқда. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” эса ана шу саъй-ҳаракатлар маҳсули, десак муболаға бўлмайди. Ушбу нашр мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмаси, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамалар, шеваларда қўлланиладиган минглаб сўзларни ўзида мужассам этган.


Албатта, она тилимиз шу қадар бойки, унинг хазинасидан исталган сўзнинг бир нечта синонимларини топиш мумкин. Шунинг учун ҳам сўз мулкининг султони, ўзбек тилининг асосчиси ҳазрат Алишер Навоий туркий тилда “Хамса” яратиб тилимизнинг теранлигини жаҳонга намоён этган.


Бугунги авлод эса аждодларимиздан қолган ана шу муқаддас мерос – она тилимизнинг қадрига етиб, уни асраб-авайлашлари лозим.


Бугунги кунда жаҳонда 7 мингга яқин тил мавжуд бўлиб, уларнинг бир қисми йўқолиб кетиш арафасида турибди. Демак, ҳар бир халқ ва миллат ўз она тилини ҳимоя қила билиши ҳам шарт экан.


Тил – миллатнинг маънавий бойлигидир. Тилларнинг сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарур. Aйнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигини англайди ва фахрланиб яшайди. 

Шахнозахон СОДИҚОВА 
тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Онангиз ҳаётми?

27.11.2024   199   1 min.
Онангиз ҳаётми?

Бир ўғил кекса онасини ресторанга овқатланишга олиб борди. У анча қувватдан қолгани учун қўлларидан овқат тушиб кийимини ифлос қилар эди. Бу ҳолатни кўрганлар онахонга жирканиб қарашарди. Лекин ўғил бунга эътибор қилмас, онасини эҳтиром қилишда давом этарди.
Овқатланиб бўлгач, ўғил онасининг кўйлагини тозалаб қўйди. Ўтирганларнинг ҳаммаси буни жим кузатишди. Она бола секин эшик томонга юраётганида бир ёши улуғ одам ўғилни чақириб: “Ҳеч нарса қолдирмадингми?” деб сўради. Шунда ўғил: “Йўқ ҳамма нарсани олдим”, деди. Ёши катта одам: “Сиз ҳозир барча ўғил фарзандлар учун дарс, оналар учун умид қолдириб кетдингиз”, деб жавоб қилди.

Ҳозир онангиз ҳаётми? Унинг қадрига етинг, эъзозланг! Кейин армон бўлиб қолмасин! Бу оламни тарк этсалар, бу дақиқалар армон бўлиб қолишини, унутманг.

 

Акбаршоҳ Расулов таржимаси

Ибратли ҳикоялар