Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Гуҳари шарифроқ йўқ ондин...

21.10.2024   2498   2 min.
Гуҳари шарифроқ йўқ ондин...

21 октябрь – Ўзбек тили куни

Энг муқаддас, энг эзгу тушунчаларга “она” сўзини қўшамиз. Она-Ватан, она табиат, она тили, она замин, она тупроқ... Булар биз учун азиз, борлиғимизнинг ажралмас қисми, таъбир жоиз бўлса, борлигимизни улар орқали ҳис этамиз. Беминнат ва холислик, ғамхўр ва ҳокисорлик, меҳрибон ва содиқликда уларга тенг келадигани йўқ. Аслида ҳам миллатнинг дунёда мавжудлиги, мавқеи ана шу омиллар билан белгиланади. Мамлакатимиз мустақиллигининг муҳим мезонларидан, давлатимиз тимсолларидан бири ҳам она тилимиздир.
 

Она тили — инсон учун руҳий таянч. Айнан у туфайли инсон ўзининг улуғ аждодлари, улар қолдирган бебаҳо ва боқий мерос, буюк тарих билан мулоқот қила олади. Ҳар бир халқнинг қалбу қиёфати, аввало, унинг тилида акс этади. Ўлик тилга айланган тиллар қанча. Миллатнинг лоқайдлиги, эътиборсизлиги тилни ўлдиради. Тил, дил ва эл бирлиги мустаҳкам занжир бўлсагина, тарққиёт, бунёдкорлик, маънавий юксалиш рўй беради.


Алишер Навоий ҳазратлари “Тилга ихтиёрсиз, элга эътиборсиз” деганида, халқ тилига эътиборсизлик унинг ўзига беписандлик белгиси эканини назарда тутган бўлса ажаб эмас. У ўзининг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркий тилнинг, хусусан, эски ўзбек тилининг бойлиги, нафосати ҳақида қимматли мулоҳазаларни билдирган. У форсий ва туркий тилни ўзаро муқояса қиларкан, ҳар иккала тилни асло камситмаган ҳолда уларнинг ўз ўрни ва бойлигини, жозибасини аниқ мисолларда ифодалайди. Айниқса, туркий тилимизнинг ифода имкониятлари беназир экани, турли маъно нозикликларини тасвирлай олиш имкониятлари кенглигини исботлаб беради. Халқ ҳаётида она тилнинг қийматини жоннинг жасаддаги ўрнига монанд эканини таъкидлайди.


Сўздурки, нишон берур ўлукка жондин,

Сўзки, берур хабар жонға жонондин,

Инсонни жудо айлади ҳайвондин,

Билким, гуҳари шарифроқ йўқ ондин.


Шундай экан, “гавҳари шариф” — она тилимизни бузишга, унга беписанд муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Афсуски, тил бирликларига, сўз ва нутқ ҳодисаларига муносабат ҳар доим ҳам кўнгилдагидек эмас. Тил софлиги учун курашмоқ фақат шу соҳа мутахассисларигагина дахлдор эмас, она тилида фикрлаб, шу тилда сўзлашадиган ҳар бир шахснинг бурчидир.


Мансур ЎРОЛОВ,

Сергели тумани “Нўғайқўрғон” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Онангиз ҳаётми?

27.11.2024   316   1 min.
Онангиз ҳаётми?

Бир ўғил кекса онасини ресторанга овқатланишга олиб борди. У анча қувватдан қолгани учун қўлларидан овқат тушиб кийимини ифлос қилар эди. Бу ҳолатни кўрганлар онахонга жирканиб қарашарди. Лекин ўғил бунга эътибор қилмас, онасини эҳтиром қилишда давом этарди.
Овқатланиб бўлгач, ўғил онасининг кўйлагини тозалаб қўйди. Ўтирганларнинг ҳаммаси буни жим кузатишди. Она бола секин эшик томонга юраётганида бир ёши улуғ одам ўғилни чақириб: “Ҳеч нарса қолдирмадингми?” деб сўради. Шунда ўғил: “Йўқ ҳамма нарсани олдим”, деди. Ёши катта одам: “Сиз ҳозир барча ўғил фарзандлар учун дарс, оналар учун умид қолдириб кетдингиз”, деб жавоб қилди.

Ҳозир онангиз ҳаётми? Унинг қадрига етинг, эъзозланг! Кейин армон бўлиб қолмасин! Бу оламни тарк этсалар, бу дақиқалар армон бўлиб қолишини, унутманг.

 

Акбаршоҳ Расулов таржимаси

Ибратли ҳикоялар