Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназр қадрияти ва бебаҳо мулкидир. Ҳар бир халқ, ҳар бир элат ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилга эга. Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонлар ўзаро танишишлари уларни халқлар ва қабилалар қилиб қўйганини баён қилган:
“Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси 13 ояти).
Ушбу ояти каримада “Эй одамлар!” деб барча инсониятга қарата нидо қилинмоқда, шу билан бирга уларнинг асли бир эканлиги эслатилмоқда. Демак, одамларнинг асли бир – ҳаммалари Одам Ато ва Момо Ҳаводан таралганлар. Айни чоғда Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб ҳам қўйганини таъкидламоқда. Инсонларнинг турли халқ ва қабилаларга бўлинишини сабаби эса ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш эканлиги уқтирилмоқда.
Инсонларнинг турли халқлар, миллатлар, элатлар, қабила ва уруғлар ҳамда турли фирқаларга бўлиниши, тилларининг ҳар хил бўлишининг асосий сабаби бу – халқлар ўзаро танишиш, муомалага киришиш, дўстлашиш экан. Аллоҳ таоло оятда уришишингиз учун жанжал, фахрланиш, мақтаниш, ўзаро адоватлашишингиз учун демаяпти ёки бошқа сабабларни айтмаяпти. Демак, халқларнинг турли-туманлигини илоҳий мақсаддан – танишувдан бошқа мақсадга ишлатиш Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш билан баробар бўлар экан.
Барчамизнинг аслимиз Одам ато ва Момо ҳавво онамиздир. Бизлар ҳам ушбу аслнинг катта бир бўлагимиз. Мустақил давлатимизда ўзбек миллатига мансуб, яъни ўзбек тилида суҳбатлашадиган кишилар сони миллионлаб кишиларни ташкил этади. Аллоҳ таоло бизни ўзбек миллатига мансуб халқ бўлишимизни ирода этди.
Ҳар бир давлатнинг асосини туб миллат ташкил қилади. Миллатни миллат қилиб турган нарса эса унинг ўзига хослиги, ўз тили, ўз миллий хусусиятларидир. Шу боис ҳам “Тил бойлиги – эл бойлиги” дейишади. Тилни асраш, авайлаш, бойитиш, мазмунли сўзлаш ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси ҳисобланади. Қадимда элчиларнинг тилига, гапириш оҳангига разм солиб, халқининг маданияти, дини ва урф одатларигача илғаб олишган. Адиблардан бири: “Тил – миллатнинг юрагидир” деган эди. Минг йиллардан буён ўзлигини, диний ва миллий қадриятларини йўқотмай, уни бизга мерос қолдирган аждодларимизга муносиб авлод бўлишимизни Аллоҳ насиб этсин!
Эслатма:1989-йил 21-октябрь куни Ватанимизда давлат тилининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, унга кўра, Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди.
2020-йил 10-апрелда қабул қилинган “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида” қонуннинг 1-моддаси билан 21-октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.
Барчага ўзбек тили байрами муборак бўлсин!
Жаҳонгирхон Аброров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати ходими
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятида жамиятда миллий-диний қадриятларни мустаҳкамлаш, эл-юрт маънавияти ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган диний-маърифий соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, диний соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий қутлади ва давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида соҳа фидойиларига махсус ваучерлар тақдим этилди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан маънавий-маърифий соҳа ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан вилоят вакиллиги тасарруфида самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган маросимларда бундай юксак эътибор ва эҳтиром соҳа фидойиларини эл-юрт фаровонлиги ва динимиз софлигини тарғиб этиш йўлидаги хайрли фаолиятга янада куч-ғайрат билан киришишга руҳлантириши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати