Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنِ ابْنِ عَوْنٍ قَالَ: دَخَلَ دَاخِلٌ عَلَى مُحَمَّدِ بْنِ سِيرِينَ، وَهُوَ عِنْدَ أُمِّهِ، فَقَالَ: مَا شَأْنُ مُحَمَّدٍ، أَيَشْتَكِي شَيْئًا؟ قَالُوا: لَا، وَلَكِنْ هَكَذَا يَكُونُ إِذَا كَانَ عِنْدَ أُمِّهِ.
Ибн Авндан ривоят қилинади:
«Муҳаммад ибн Сирийннинг олдига бир одам кирди. У онасининг олдида турган эди. Ҳалиги киши: «Муҳаммадга нима бўлган, касал бўлиб қолдими?» деди.
«Йўқ, онасининг олдида турганида шундай бўлади», дейишди».
Шарҳ: Яъни бирор-бир ҳаракатим онамга ёқмай қолмасин, дея титраб-қақшаб, онасининг кўзига тикилиб, ниҳоятда ўзини хокисор тутганидан, ташқарида турган одам «Бу одам касал шекилли», дейдиган даражага етиб қолар экан.
Онага бўлган эҳтиром, у кишига кўрсатилган ҳурмат ана шу даражада, бутун вужуд билан берилган ҳолда адо этилган. Уни билмаган одам «Касал бўлиб қолибди, ҳозир бунга бир нарса бўлади», дейдиган даражада қўрқиб кетар экан.
Муҳаммад ибн Сирийн машҳур тобеъинлардан. У киши Ибн Сирийн номи билан машҳур, жуда илмли, бутун Ислом оламида донг таратган улуғ тобеъинлардан бўладилар. Ибн Сирийн оналарининг олдиларида турганларида бир одам кириб борибди. У кишининг ҳолатини кўриб, қўрқиб кетибди. Қайтиб чиқиб: «Нима, Муҳаммад касал бўлиб қолдими? Аҳволи чатоқ-ку», деганида одамлар: «Йўқ, касал бўлгани йўқ, онасининг олдида турганида онанинг эҳтиромидан шунақа ҳолга тушиб қолади», дейишган.
Имом Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг биз ўрганаётган «Китабул бирри вас-сила» номли китобида жуда нодир ҳолатлар учраяпти. Мисол учун, Муҳаммад ибн Сирийннинг айтиб ўтилган ҳолатларига ўхшаш ҳолатни бошқа китобларда кўрмаганмиз. Яъни онанинг олдида турган фарзанд ҳайбатдан, у кишига бўлган муҳаббатдан, у кишини норози қилиб қўймайин, деган умид билан ўзини хокисор тутишидан ёнида турган одам: «Бу бечора касал бўлиб қолибди-ю, оғир аҳволга тушиб қолибди-ю», дейдиган даражада қақшаган ҳолда туришлари.
Онанинг фарзанддаги ҳаққи шу қадар улуғки, салафи солиҳ улуғларимизнинг, ўзлари катта ва машҳур олим, дунёга донғи кетган аллома бўлишларига қарамай, оналарини қанчалик ҳурмат қилиб, уларнинг олдида ўзларини бу қадар хор тутишларидан ҳар бир мусулмон ўрнак олиши лозим бўлади.
عَنْ دَاوُدَ بْنِ قَيْسٍ قَالَ: أَخْبَرَنِي رَجُلٌ أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ كَانَ إِذَا غَدَا مِنْ مَنْزِلِهِ لَبِسَ ثِيَابَهُ، ثُمَّ وَقَفَ عَلَى أُمِّهِ فَقَالَ: السَّلَامُ عَلَيْكُمْ يَا أُمَّتَاهْ وَرَحْمَةُ اللهِ وَبَرَكَاتُهُ، جَزَاكِ اللهُ عَنِّي خَيْرًا كَمَا رَبَّيْتِنِي صَغِيرًا. فَتَرُدُّ عَلَيْهِ: وَأَنْتَ يَا بُنَيَّ، فَجَزَاكَ اللهُ عَنِّي خَيْرًا كَمَا بَرَرْتَنِي كَبِيرَةً. ثُمَّ يَخْرُجُ فَإِذَا رَجَعَ قَالَ مِثْلَ ذَلِكَ.
Довуд ибн Қайсдан ривоят қилинади:
«Бир одам менга хабар берди. Абу Ҳурайра эрталаб уйидан чиқмоқчи бўлса, кийимларини кийиб, онасининг олдига келар, «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ, онажон! Мени кичкиналигимда тарбия қилганингиз учун Аллоҳ сизни яхши мукофотласин!» дер эди.
Онаси: «Ўғлим, кексайганимда менга яхшилик қилганинг учун Аллоҳ сени ҳам яхши мукофотласин!» деб қайтарарди.
Кейин чиқар эди. Қайтганида ҳам ўшанга ўхшаган гапни айтарди».
Шарҳ: Мана, фарзанд билан онанинг орасида бўладиган муносабатнинг намунавий бир ҳолати. Улуғ саҳобий, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорилфунунлари битирувчиси Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу онани ҳурмат қилиш бўйича дунёдаги барча фарзандларга нумунавий дарс ўтмоқдалар.
Она уйда ўтиради. Ўғил турмуш юмушлари билан ҳар куни ташқарига чиқади. Ўзи, онаси, оиласи учун касб қилади. Аммо вафодор ўғил бир зум ҳам волидасини эсдан чиқармайди. Уйдан чиқаётиб, онасига салом беради, у кишининг ҳаққига гўзал дуо қилади. Уйга кираётиб, онасига салом беради, у кишининг ҳаққига гўзал дуо қилади. Ҳар бир оила учун ажойиб зийнат бўлишга арзийдиган бу иш ҳар куни такрорланади.
Ўзини билган мўмин-мусулмон фарзандлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу ишларини ҳозиргача давом эттириб келаётганларига ўзимиз гувоҳмиз. Дунёда мусулмонларчалик онасини бошига кўтарадиган қавмни кўрганимиз йўқ. Аллоҳ бу савобли амални қилишни барча фарзандларга насиб этсин.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ صَخْرٍ الْغَامِدِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اللَّهُمَّ بَارِكْ لِأُمَّتِي فِي بُكُورِهَا، قَالَ: وَكَانَ إِذَا بَعَثَ سَرِيَّةً أَوْ جَيْشًا بَعَثَهُمْ أَوَّلَ النَّهَارِ، وَكَانَ صَخْرٌ رَجُلًا تَاجِرًا، وَكَانَ إِذَا بَعَثَ تِجَارَةً بَعَثَ أَوَّلَ النَّهَارِ فَأَثْرَى وَكَثُرَ مَالُهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَحَسَّنَهُ. وَاللهُ أَعْلَمُ.
Сохр ал-Ғомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Умматимга саҳарини баракали қилгин!» дедилар.
У зот лашкар ёки «сарийя» юборадиган бўлсалар, эрта тонгда юборар эдилар.
Сохр тожир одам эди. Қачон тижорат (карвони) юборадиган бўлса, эрта тонгда юборар эди. У бой бўлиб, моли кўпайиб кетди».
Термизий ривоят қилди ва ҳасан, деди. Аллоҳ билгувчироқдир.
Саҳархезлик яхши ва баракали эканлиги, бу ишга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари кетганлиги ва айниқса, тижорат ишида тажрибадан ўтганлиги таъкидлаб айтилмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ораларида бўлмаган мусулмон жангчиларнинг гуруҳи «сарийя» деб аталган. Ҳатто лашкар ҳам эрта тонгда ҳаракатга киришса, унга зафар ёр бўлар экан.
Ушбу ҳадиснинг ровийси Сохр ал-Ғомидий ўзлари ривоят қилган ҳадисга оғишмай амал қилганлари туфайли бойиб кетган эканлар.
Ҳар бир нарсада эрта саҳардан ҳаракат қилиш жуда ҳам фойдали ва баракотлидир. Чунки бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари кетган. Тажриба ҳам шуни кўрсатади. Нима иш қиладиган бўлсак, эрта саҳардан бошлашга одатланишимиз керак. Ўз меҳнати билан ризқу рўз топиш Ислом умматининг энг яхши авлоди – саҳобаи киромларнинг, энг кўзга кўринган сиймоларнинг одатлари эди.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўзларига ўзлари хизматчи эдилар. Уларнинг ҳидлари чиқиб кетар эди. Ғусл қилиб олсаларингиз, деб айтилди», деганлар.
Яъни, саҳобаи киромлар тижорат, зироат ва саноатда куйиб-пишиб ишлаганларидан терлаб, уларда нохуш ҳидлар пайдо бўлар экан. Шунинг учун уларга ғусл қилиб олиш тавсия қилинган экан.
Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Абдурраҳмон ибн Авф Мадинага келганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Саъд ибн Робиъ ал-Ансорий билан биродар қилиб қўйдилар. Саъд бой одам эди. У Абдурраҳмонга «Сенга молимнинг ярмини бераман, сени уйлаб қўяман», деди. У эса: «Аллоҳ сенинг аҳлингга ҳам, молингга ҳам барака берсин. Менга бозорни кўрсатиб қўйинглар», деди.
У ўша ердан аҳли байти учун қурут ва сариёғ орттириб келди. Бир оз (ёки Аллоҳ хоҳлаганича) вақт ўтганидан кейин у устида сариқ бўёқ билан келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Бу қаердан?!» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, ансорийлардан бир аёлга уйландим», деди.
«Унга нима тақдим қилдинг?» дедилар.
«Бир данак тилло (ёки бир данак вазнича тилло)», деди.
«Битта қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қил», дедилар».
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Саъд ибн Робиъ розияллоҳу анҳунинг мол-мулкини олиб, у уйлаб қўйган аёл билан роҳатда яшасалар бўлар эди. Лекин бундай қилмадилар. Ўз касблари билан ҳаёт кечиришни афзал кўрдилар. Шундай бўлди ҳам.
Касб қилишдан мурод ризқ топишдир. Ризқ топишга ҳаракат қилган ҳар бир одам иложи борича осон йўл билан кўпроқ ризқ топишни хоҳлайди. Ҳар бир одам ҳам ризқи кенг ва мўл бўлишини истайди. Хўш, бу орзуга эришишнинг йўли қандай?
Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ризқининг кенг бўлишидан ёки умрининг узоқ бўлишидан хурсанд бўлса, силаи раҳм қилсин», деганлар.
Демак, ота-онага, қариндош-уруғларга яхшилик қилиш лозим экан.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди