Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.
Бундан 30 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган эди. Чунки, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тили йўқолиш арафасига келиб қолган эди. Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ президентимиз томонидан ўзбек тилига давлат мақоми бериш масаласи кун тартибига қўйилиб, бу иш амалга оширилган эди. Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Агар ўшанда тил тўғрисида қонун қабул қилинмаганда эди, ўзбек тили ҳам тарих сахифаларидан жой олган бўлармиди?!.
Тил – миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муаммола воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига хурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир.
Шу сабабли ҳам ҳар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.
Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.
Зайниддин домла Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
2024 йил 26 ноябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида амалий тадбирлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент вилояти вакиллиги ходимлари, туман ва шаҳарларнинг бош имом-хатиблари, Янгийўл тумани имом-хатиблари, отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2024” зиёратчилари ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирок этди.
Йиғилишда имом-хатиб ҳамда отинойилар “Ҳаж – 2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш, масжидни бошқариш, фаолияти ҳамда ҳужжат юритиш ишларини яқиндан ўрганиш, пешин намозларида долзарб мавзуда маъруза қилиш каби масалалар муҳокама қилиниб, Ишчи гуруҳ тузилди.
Кун давомида Ишчи гуруҳ аъзолари Янгийўл шаҳрининг 2 та масжиди ҳамда 22 та маҳалласига бириктирилди. Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари оилаларга кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб бордилар.
Тарғибот тадбири давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалий тарғиб қилинди. Хусусан, Янгийўл туманидаги “Хонтўра ҳожи” жоме масжиди ҳудудида 100 туп мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, “Эзгулик боғи” номли мўжаз боғ яратилди.
Зайниддин домла Эшонқулов кўчат экишда қатнашган имом-хатиблар ва маҳаллий аҳолисига юртимизда экологик барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшишнинг аҳамияти ҳақида сўзлаш баробарида мазкур боғ айтилган сўзнинг амалий ифодаси бўлганини шаръий далил ва ҳаётий мисоллар билан тушунтириб, барчани бундай эзгу ишларга ҳисса қўшишга чақирди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Янгийўл тумани масжидлардаги камчиликларни бартараф этиш, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Тошкент вилояти имом-хатиблари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган Ишчи гуруҳ фаолияти 2024 йилнинг 12 декабрь куни Чиноз туманида ўтказилиши режалаштирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати