Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Солиҳа бир аёлнинг эри мунофиқ ва жоҳил эди. Аёл ҳеч бир ишини “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”, демасдан бошламасди. Мунофиқ эрнинг эса бу калимани эшитгани заҳоти жаҳли чиқар ва хотин бечорага озор беришни янада кучайтирар эди.
Солиҳа аёл эса эрининг жафоларига сабр этар ва унинг тўғри йўлга келишини сўраб Аллоҳ таолога дуолар қилар эди.
Кунларнинг бирида золим эр жуда ҳам жаҳл отига минди. Аёлига ёмонлик қилиш, уни қаттиқроқ азоблаш учун жиддийроқ бир баҳона қидирди ва ўзига-ўзи: “Унга бир ўйин кўрсатай, ана ўшанда унинг аҳволини кўрамиз, ҳолига маймунлар йиғлайди ҳали, қани уни ўшанда ким қутқарар экан?” дер экан, бошқаларга очиқ айта олмаган инкорчилиги, ичидаги жамики чиркинликлари тўлиб тошди.
Аёлини чақириб, унинг қўлига бир ҳамён тилла тутқазиб: “Буни яхшилаб сақла, бир донаси йўқолса, терингни шилиб оламан”, дея пўписа қилди. Аёл эрининг амрига бош эгиб ҳамённи қўлига олди ва “Бисмиллаҳ”ни айтиб ҳамённи яхши сақлади. Аммо мунофиқ эри зимдан уни кузатиб турди ва аёли яширган жойдан ҳамённи олиб, ичидаги тиллаларни олди-да, ҳамённи бир қудуққа улоқтирди. Қилмишидан хотиржам бўлгач, аёлини чақириб: “Сенга берган ҳамённи тез олиб кел”, деди. Хотин ҳамённи яширган жойига югуриб бориб, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”, дея қўлини узатган эди, Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳамённи қудуқдан, тиллаларни мунофиқ эр яширган жойдан олиб, ҳамённинг ичига солдилар ва жойига жойлаб қўйдилар.
Аёл ҳамённи қўйган жойидан олди, фақат ҳамёндан сув томчилаб турар эди. Аёл унинг нега ҳўл бўлиб қолганини тушунмади ва эрига олиб келиб берди.
У одам ҳўл ҳамённинг ичидаги тиллаларни кўриб ҳайрон бўлди. Хотинининг айтганлари нақадар тўғри эканини тушуниб етди ва аёлига: “Сенга кўп зулм қилдим, жонингга азоб бердим, мени кечир”, дея ёлвора бошлади. Аллоҳ таолога тавба ва истиғфор этди, Аллоҳнинг солиҳ қулларидан бири бўлди. Ўша кундан эътиборан дуо ва илтижоларида бундай дер эди: “Ё Роббим! менга дунё ва охиратим учун солиҳа бир аёл берганинг учун Сенга шукр этмоқдан ожизман, мени афв эт”.
Солиҳа аёл эса: “Ё Роббим! Сенга шукрлар бўлсинки, дуомни қабул этиб, жуфтимни солиҳ бандаларингдан этдинг”, дея дуо қилар эди.
Ким “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни кўп зикр қилар экан, у, дунёда бахтли ва охиратта нажот топувчилардан бўлади инша Аллоҳ.
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,
“Етти чинор” жоме масжиди имом-ноиби.
1. Ерни ифлос қилманг
“Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилманг!” (Аъроф сураси, 56-оят).
2. Аллоҳ покликни яхши кўради
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ покизадир – покизаликни севади”.
3. Ахлат ташламанг!
Набий алайҳиссалом: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, деганлар.
4. Аллоҳ кечириб юборади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам йўлда юриб кетаётиб тиканли бир шохни кўриб, уни олиб ташлади. Шунда Аллоҳ уни тақдирлади ва мағфират қилди”, дедилар.
5. Бу ҳам – садақа
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўлдан азият берувчи нарсани олиб ташлашингиз ҳам – садақадир”, деганлар.
6. Қанча мева бўлса шунча савоб
Набий алайҳиссалом: “Ким бир ўсимлик экса ва мева берса, Аллоҳ таоло унинг меваси ададича (савоб) беради”, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД