Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Хадича онамизнинг Набий алайҳиссалом билан турмуш қуришлари

23.10.2024   1780   6 min.
Хадича онамизнинг Набий алайҳиссалом билан турмуш қуришлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хадича розияллоҳу анҳонинг иккинчи эри вафот этганидан кейин бева қолганди. Зодагон, гўзал ва бадавлат бўлганлари учун Қурайш зодагонларидан баъзилари унга уйланмоқчи бўлишди. Негадир Хадича розияллоҳу анҳо барча таклифларни рад этавердилар. У киши вақти-соати келиб, юрагини забт этадиган одамни топишига ишончи комил эди.

Бир куни у ҳовлисига катта бир қуёш тушганини, ҳовлининг ҳамма томонини зиё ва чиройга тўлдирганини, ўша ердан туриб ҳамма ёққа зиё сочаётганини туш кўрди. Эрта билан Хадича самовий китобларни яхши биладиган амакиваччаси Варақа ибн Навфалникига бориб, кўрган тушини бошдан-оёқ сўзлаб берди.

Варақа ибн Навфал амакисининг қизини диққат билан тинглаб бўлгач, виқор ва севинч билан:

«Эй амакимнинг қизи, суюнчи бер! Агар Аллоҳ тушингни ўнгидан келтирадиган бўлса, ҳовлингга нубувват зиёси кирадиган бўлибди! У ердан набийлар хотамининг файзи жўш урадиган бўлибди!» деди.

Ўша кундан бошлаб у кўрган тушининг таъсирида яшади. Набийларнинг хотами ва унинг сифатлари бир лаҳзага ҳам унинг хаёлидан кўтарилмас эди. У Аллоҳ таолодан ўша тушининг ўнгидан келишини сўрар, ўз ҳовлисидан нубувват зиёси таралишини истарди.

Шу тариқа орадан ҳафталар, ойлар, йиллар ўтди.

Бир куни Қурайш аёлларининг Каъба атрофида тўпланиб ўтказадиган байрамларида қизиқ бир воқеа юз берди. Аёллар Каъба атрофида турганларида бир киши келиб: «Эй Курайш аёллари! Орангиздан пайғамбар чиқадиган вақт яқинлашди. Сизлардан ким унга тўшак бўла олса, ўша ишни қилсин!» деди. Мушрика аёллар уни тошбўрон қилиб, ҳақорат қила кетишди.

Хадича розияллоҳу анҳо эса унинг бу гапларини яхши қабул қилди. Сафардан қайтгач Майсара Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васалламда кўрган ажойиб ҳолатларни сўзлаб бергани-да, Хадича онамиз Варақа ибн Навфалга айтиб берди. Шунда Варақа: «Агар шу гаплар ҳақ бўлса, Муҳаммад ушбу умматнинг пайғамбаридир. Мен шундай бўлишини билар эдим», деди.

Хадича хаёлан ўтмишга қайтди. Муҳаммад соллаллоху алайҳи васалламнинг ҳар жабҳадаги гўзалликлари ҳақида фикр юритар экан, беихтиёр юраги ҳапқириб кетганини ҳис қилди. Тижоратдан ташқари, илм ва ҳикмат эгаси бўлган Хадича аёл сифатида ўша пайтдан бошлаб Муҳаммад Мустафо соллаллоху алайҳи васалламни яхши кўриб қолган ва у зотга нисбатан севгидан ташқари бошқа руҳий ҳаловатни ҳам ҳис қиларди. У қирқ ёшга тўлган бўлса-да, қалбида у зотга турмушга чиқиш, содиқ умр йўлдош бўлиш, пайғамбарликларини яқиндан кўриш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби юксак орзу ва истаклар тўлиб-тошган эди. Шу билан Абу Толибнинг йигирма беш ёшли жиянининг олдига одам юбориб, дилидагиларни шу тарзда изҳор этти: «Жамол, мол, шараф ва ўз тенгингга даъват қилинсанг, уйланасанми?».

Қўлида пули бўлмагани учун уйланишни хаёлига ҳам келтирмаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хижолат бўлиб, амакилари Абу Толиб билан ушбу никоҳ таклифини муҳокама қилди. Узоқ вақт давомида амакиси Абу Толибнинг ҳимояси остида яшаган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам энди амакисига ортиқча юк бўлишни истамас эди. Чунки унинг ҳам молиявий аҳволи у қадар яхши эмасди. Жиянини ўйлаган Абу Толиб иккала томоннинг ҳам ушбу никоҳга ижобий фикрдалигини билиб, тўйга тайёргарлик кўришга розилик берди.

Никоҳ маросимининг санаси ва жойини шахсан Хадича онамизнинг ўзи белгилади. Хадича розияллоҳу анҳонинг уйида бўлиб ўтган никоҳ маросимида Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васалламнинг деярли барча яқинлари қатнашишди. Келин тарафдан эса Хадича онамизнинг амакиси Амр ибн Асад, амакисининг ўғли Варақа ибн Навфал ва бошқа яқинлари иштирок этишди.

Зиёфатлар берилгач, Абу Толиб ўрнидан туриб, насл-насабини қисқача баён қилди. Пайгамбаримиз соллаллоху алайҳи васалламнинг моддий аҳволини Хадича онамизнинг бойлиги билан солиштириб бўлмаслигини, бироқ у зотнинг фазилатлари ҳеч қандай моддий матоҳ билан ўлчаб бўлмайдиган даражада юқори эканлигини ҳам айтди. Сўнг Абу Толиб Хадича онамизга совчиликларини қуйидаги жумлалар билан билдирди:

«Укамнинг ўғли Муҳаммад ибн Абдуллоҳ қайси одам билан ўлчовга қўйилса, албатта, у яхшиликда ҳам, фазлда ҳам, шарафда ҳам, ақлда ҳам ва улуғликда ҳам бошқалардан устун келади. Агар моли оз бўлса, мол соя каби ўткинчи ва тўсгувчи нарсадир, қайтариб олинадиган қарздир.

Муҳаммаднинг қаробатини ўзингиз яхши биласиз. У Хадича бинту Хувайлидга совчилик қилди. Унга маҳр учун менинг молимдан ўн икки ярим увқия тилла берди. Аллоҳга қасамки, бундан сўнг унинг иши бўлур ва шаъни буюк бўлур».

Сўнгра Хадича розияллоҳу анҳонинг амакиваччаси Варақа ибн Навфал ўрнидан туриб, қуйидагиларни сўзлади:

«Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бизни сиз айтганингиздек яратди. Биз арабларнинг улуғлари ва раҳбарларимиз. Сизлар у нарсаларга аҳлсизлар. Сизларнинг фазлингизни бирор уруғ инкор этмайди. Одамлардан биронтаси сизларнинг фахрингиз ва шарафингизни рад этмайди. Биз сизларнинг арқон ва шарафингизга боғланишга рағбат қилдик. Эй Қурайш! Гувоҳ бўлингки, мен Хадича бинту Хувайлидни Муҳаммад ибн Абдуллоҳга тўрт юз динор маҳр ила никоҳладим».

Шу тариқа Хадича розияллоҳу анҳо Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи завжалари бўлиш шарафига муяссар бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг уйида бир неча кун яшаганларидан сўнг Хадича розияллоҳу анҳонинг уйига кўчиб ўтдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадича розияллоҳу анҳо билан қурган турмушларининг илк меваси Қосим дунёга келди. Шу боис у зотга Абул Қосим куняси берилган. Кейинроқ Зайнаб, Руқайя, Фотима, Умму Кулсум ва пайғамбар бўлганларидан кейин Абдуллоҳ (Тоҳир) туғилган. Улардан Қосим ва Абдуллоҳ ёшлигидаёқ Маккада вафот этишган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳодан бошқа фарзандлари у зотдан олдин вафот этишган. Фотима розияллоҳу анҳо ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олти ой ўтиб, дунёни тарк этган.

«Миллионер саҳобалар» китобидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Жаҳолатнинг жасорати

27.11.2024   903   2 min.
Жаҳолатнинг жасорати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қишлоқ сайрида дўстларимдан бир гуруҳи бир ўйин ўйнаётганини кўрдим. Улар дарахт шоҳига бўшаган шиша идишни осиб қўйиб, масофадан туриб милтиқ билан мўлжалга олишарди. Мен ҳам уларнинг даврасига қўшилиб мерганликда ўзимни синаб кўришга қарор қилдим.
- Бу нима? Милтиқми? У қандай отилади? Нима қилиш керак? Шишага отиш керакми? Қани, мен ҳам синаб кўрай. Улар то диққатларини жамлаб улгурмай туриб милтиқнинг тепкисини босдим ва шиша парчалари ҳар тарафга сочилиб кетди. 
Буни кутмаган дўстларим эса, ҳайратдан нафаслари ичларига тушиб кетди. Кейин билсам, улар бир соатдан бери шу ишни қила олмаётган экан. Уларнинг орасидаги учтаси мерганлик бўйича мукофот олган, аммо улар ҳам шишани ура олишмаган эканлар.
Бунинг ҳаммасини олдиндан билганимда, албатта, мен ҳам ура олмасдим. Буни, азизларим, жаҳолатнинг жасорати дейилади.

Агар жаҳолатнинг жасорати бўлмаганида, биз ҳеч нарса қила олмасдик, чунки олдиндан мағлубиятни кутиб, ўзимизни ишончсиз ҳис қилардик.
Шунинг учун ҳам ўша америкалик ёш йигит ҳақида ўқиб ҳайрон бўлмадим. У кечикиб лекция залига кириб келиб, тахтани кўрди. У ерда ечимини ҳеч ким топмаган тенглама бор эди.
Ёш йигит уни уй вазифаси деб ўйлаб, кўчириб олди. Уйига қайтиб боргач, кечгача меҳнат қилиб, ниҳоят тенгламани ечди ва эртаси куни ўқитувчига топширди.
Ўқитувчи ҳайратдан ўзига кела олмади ва йигитни чақириб, унга ҳақиқатни айтди: бу тенглама ечимсиз, буни тарих давомида математиклар ҳеч еча олмаган, ўқитувчи эса уни тахтага ечиш имконсиз бўлган тенглама сифатида кўрсатган эди. Аммо ҳақиқатни билмаган талаба уни бир кечада ечди.

Бу ерда бизга жаҳолатнинг жасорати керак, биз ўз олдимиздаги ишнинг қийинлигини ва биздан олдин қанча одамлар мағлуб бўлганини ўйламаслигимиз керак.
Бу муваффақиятга эришишнинг ягона усулидир. Агар биз бошлашдан аввал қўрқувларимизга берилсак, қора итлар келиб, бизни бир қадам ҳам ташлашга улгурмай ёриб ташлайдилар.

— Жаҳолатнинг жасорати ҳақида, Др. Аҳмад Холид Тавфиқ.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

ВИДЕО