Икки имом – Имом Молик (Мадинада яшар эди) ва Имом Абу Ҳанифа (Ироқда яшар эди) бир йили ҳажда учрашиб қолишди. У икки имом икки мадраса (икки мазҳаб) соҳиби эдилар. Имом Молик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарганлари учун масалаларга чуқур кирмас эдилар. Имом Абу Ҳанифа эса ўз шогирдларини турли масалалар сўрашга ундар ва уларни “Раъй аҳли” деб атар эдилар.
Икки имом учрашганларида, улар ўртасида 3 та масала юзасидан ажойиб баҳс-мунозара бўлиб ўтди.
Биринчи масала
Дастлаб улар содир бўлмаган, яъни асли бўлмаган савол ҳақида баҳслашдилар. Бўлмаган нарсани сўрамаслик ва ва хаёлий воқеаларни ўйлаб топмаслик Имом Моликнинг нуқтаи назари эди. Бундан мақсад одамларни чалғитмаслик ва уларнинг баҳс-мунозараларга киришиб кетишишига сабаб бўлмаслик эди. Лекин воқеликда содир бўлган ҳақиқатлар ҳақида гаплашиш мумкин. Бу борада у (Имом Молик) Аллоҳ таолонинг: «Сиздан (эй Муҳаммад!) ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. “Улар одамларга (йил ҳисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир”, – деб айтинг» (Бақара сураси, 189-)оятига таянган эди.
Имом Молик айтади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу содир бўлмаган нарса ҳақида сўраган кишини лаънатлаган”, деди ва унинг: “Бизни содир бўлмаган нарса билан машғул қилманг. Ўзимизнинг ишимизни қилайлик. Токи одамлар ҳақиқат билан машғул бўлсин, биз вақтимизни зео қилмайлик”, деган сўзини келтирди.
Шундан келиб чиқиб, Имом Молик ўз мазҳабига асоси бўлмаган ва у ҳақда гапириш тортишувга сабаб бўладиган ҳар қандай масаладан шаръий жиҳатдан қайтарилганмиз, деган қоидани жорий қилди.
Ривоят қилинишича, бир киши Имом Моликнинг олдига келиб, ундан: “Мен йўлда кетаётиб, бир ўлик товуқни кўриб қолдим ва унинг қорнидан босиб ўтдим. Унинг тухуми чиқди. Мен уни олдим. Тухум қўлимдан тушиб кетиб синди ва унинг ичидан жўжа чиқди. Мен уни сўйиб есам бўладими?” деб сўради.
Имом Молик ундан: “Сен ироқликмисан?” деб сўради. У: “Ҳа”, деди. Имом Молик: “Бу Имом Абу Ҳанифанинг ишидир”, деди ва: “Содир бўлган нарса ҳақида сўранглар. Фойдаси йўқ нарсалар ҳақида сўраманглар”, деди.
Яна ривоят қилинишича, бир киши Имом Моликнинг олдига келиб, ундан: «Агар бир киши бошқа кишига: “Эй эшак” деса, унга нима қилиш керак (қандай чора кўриш керак)?» деб сўради. Имом Молик: “Адабини бериш учун дарра уриш керак”, деди.
Ҳалиги киши: «Агар унга: “Эй от” деса-чи?» деб сўради. Имом Молик: “Адабини бериш учун дарра урилади”, деди ва: “Сен ироқлик экансан”, деди.
Имом Абу Ҳанифанинг фиқҳи “тақдирий фиқҳ”дир. Яъни масалаларни ихтиро қиладиган фиқҳ. Имом Абу Ҳанифанинг фиқҳида содир бўлмаган (эҳтимолий) 60 минг масала бор.
Шу боис Имом Молик Абу Ҳанифага: “Сиз инсонларни баҳсга тортасиз”, деди. Имом Абу Ҳанифа унга: “Эй Молик. Бизда (Ироқда)ги иш сизлардагидек (Мадинадагидек) эмас. Эй Молик, Ироқ халифалик пойтахтидир. Ҳар куни янги воқеалар, масалалар содир бўлади. Сизларнинг дунёга очилиш имконингиз йўқ. Шу боис биз ҳар доим содир бўлиши мумкин бўлган масалаларга фиқҳий жавобларимиз билан тайёр туришимиз керак.
Имом Молик: “Мисол келтиринг”, деди.
Имом Абу Ҳанифа: «Мен шогирдларим билан ўтириб олиб: “Бир аёлнинг эри сафарда йўқолиб қолса, аёли уни вафот этган деб ўйлаб бошқа бир эркакка турмушга чиқса, сўнгра биринчи эри қайтиб келиб қолса”, деган масалада баҳслашаман. Хўш, шундай вазиятда нима қиласиз?» деди.
Имом Молик: “Содир бўлмаган нарсалар ҳақида (шогирдларингиз) сўрамасин”, деди.
Имом Абу Ҳанифа: “Эй Молик. Бизда, яъни Ироқда мужоҳидлар ҳар куни ғазотга чиқадилар. Юқоридаги каби воқеа содир бўлиши, эркаклар йўқолиб қолиши мумкин. Биз бу ҳолатда нима бўлишини билишимиз керак”, деди.
Имом Молик жим бўлиб қолди.
Имом Абу Ҳанифа деди: «Сиз Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Бир киши келиб у зотдан: “Ё Расулуллоҳ. Бир киши менинг молимни тортиб олса (нима қилай?)” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Берма!” дедилар. У: “Агар мен билан уришса-чи?” деди. У зот: “Сен ҳам у билан уриш”, дедилар. У: “Агар у мени ўлдирса-чи?” деди. Набий алайҳиссалом: “Сен шаҳидсан”, дедилар. У: “Агар мен уни ўлдирсам-чи?” деди. У зот: “У дўзахдадир”, дедилар” деган ҳадисни ривоят қилмаганмисиз?».
Имом Абу Ҳанифа айтади: “Бу (ҳадис) ҳақида қандай жим бўлишингиз мумкин. Ваҳоланки, Расулуллоҳ тўрт марта сўралдилар, эй Молик, кўрдингизми?”
Имом Молик Иом Абу Ҳанифага деди: “Лекин бунда фойда бор”.
Имом Абу Ҳанифа: “Бизда, Ироқда ҳам фойда бор”, деди.
Иккинчи масала
Икки имом ижмо ҳақида баҳслашди. Бир масала пайдо бўлиб, унинг ҳалол ёки ҳаромлиги тўғрисида Қуръони карим ва суннатдан далил бўлмаса, у мусулмонларнинг ижмосига ҳавола қилинади.
Икки имом ўртасида ихтилоф пайдо бўлди. Имом Молик Мадина аҳли айтган ижмони олиш тарафдори. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар учун шариат қилиб бердилар ва Мадинада яшадилар. Шариат Мадинада поёнига етди. Набий алайҳиссалом вафот этдилар. Саҳобаларни ҳамда Расулуллоҳ Мадинада қилган ҳар бир иш ҳақида ҳикоя қилувчи 9 нафар аёлларини Мадинада тарк этдилар. Мадинада Пайғамбаримиз билан бирга яшаган ўн минг саҳоба бор эди. Шу боис Мадина аҳли нима деса, шунинг ўзи ижмодир.
Имом Молик айтар эди: “Саҳобалардан бир ёки икки киши вафот этса, унинг наздида гўё ўн минг киши вафот этгандек бўлади”.
Ривоят қилинишича, бир киши Имом Моликнинг олдига келиб ундан: “Ихтилоф қилинган ишлар борасида нима қилай?” деб сўради. Имом Молик унга: “Мадина аҳлининг раъйидан жавоб қидир. Агар Мадина аҳлининг раъйидан жавоб топсанг, унга шубҳа қилма. Чунки у ҳақиқатдир”, деди.
Яна бошқа бир киши келиб: “Илмни қаердан топсам бўлади?” деб сўради. У: “Мадинасан топасан. Чунки Қуръон Фуротда нозил бўлмади”, деди.
Имом Абу Ҳанифа Имом Моликдан 13 ёш катта эди. Имом Абу Ҳанифа Имом Моликка деди: “Эй Молик. Ҳазрати Умар давридаги фатҳларда саҳобалар турли диёрларга тарқалиб кетишди. Сиз эса Мадинада ўн минг саҳобалар бор, дейсиз. Саҳобаларнинг сони қанча, эй Молик? Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охирги ғазотларида саҳобаларнинг сони 120 минг атрофида эди. Қолган саҳобалар қани?”
Имом Молик: “Бошқа диёрларда”, деди.
Имом Абу Ҳанифа унга: «Эй Молик. Ҳазрати Умарнинг саҳобаларни турли диёрлар аҳолисига илм ўргатиш учун махсус жўнатганларини инкор қиласизми? Ёки Набий алайҳиссаломнинг “Умматим орасида ҳалол ва ҳаромни энг яхши билувчи Муоз ибн Жабалдир”, деб уни Яманга жўнатганларини инкор қиласизми? Ёхуд Набий алайҳиссаломнинг: “Ким Қуръон ўқишни хоҳласа, у Ибн Масъуд қироатида ўқисин”, деганлар. Умар ибн Хаттоб Ибн Масъудни Ироққа жўнатганини ҳам инкор қиласизми?».
«Ана уларни-чи, деб Имом Абу Ҳанифа Набий алайҳиссалом илмни улардан олишни васият қилган зотларнинг исмларини санай бошлади: Ибн Масъуд ва Али ибн Абу Толиб Ироқда; Муоз ибн Жабал Яманда; Зубайр ибн Аввом ва Саъд ибн Абу Ваққос Мисрда; Абу Убайда ибн Жарроҳ, Абу Дардо ва Билол ибн Рабоҳ Шомда... Уларни инкор қиласизми? Улар илмсиз эдиларми? Умар розияллоҳу анҳу саҳобаларни турли диёрларга жўнатганлари улуғ иш эмасми?
Мадинада кўп саҳобалар қолди. Имом Абу Ҳанифа ҳадисларни айта бошлади: “Умматимнинг энг раҳмлиси – Абу Бакр”; “Улар орасида ҳалол-ҳарони яхши билувчи Муоз ибн Жабал”; “Фароизни яхши билувчи Зайд ибн Собит”; “Қуръон билимдони Ибн Масъуд”; “Бу умматнинг энг ишончлиси Абу Убайда ибн Жарроҳ...” Улар турли диёрларга уммат илмини мукаммал қилиш учун тарқалдилар-ку.
Учинчи масала
Раъй мадрасаси ва ҳадис мадрасаси ҳақида.
Имом Абу Ҳанифа (нинг мазҳаби) кенгайиб бораверди. (У) бир ҳадисдан юзта фойда чиқариши мумкин. Лекин Имом Молик бу ишни муболаға ва ҳадисга ундан ташқари маънони юклаш, деб ҳисоблайди. Набий алайҳиссаломга у зот айтмаган нарсани таъвил қилиш, деб баҳолайди.
Бунга Имом Абу Ҳанифа раддия бериб, дейди: “Эй Молик. Бизга, Ироққа яна бир қур назар ташланг. Биз Ироқда яшаймиз. Бизга Юнон, Рум ва Форс фалсафалари кириб келди. Мен инсонларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларида собит қолишларни истайман. Шу боис мен ҳадисдан ана у фалсафаларга раддиялар бериш учун чоралар ахтараман. Сиз эса Мадинада яшайсиз, у ерда саҳобалар ва тобеинлар бор. Шу боис кенгайишга (мазҳабни кенгайтиришга) муҳтож эмассиз. Аммо Ироқда ҳар бир ҳужумга қарши мустаҳкам қўрғон бўлишим керак. Шу боис мен мазҳабни кенг олишим шарт”.
Имом Молик Абу Ҳанифа билан учрашгандан кейин
Имом Моликдан: «“Имом Абу Ҳанифа билан учрашув қандай бўлди?” деб сўрашди.
У чўнтагидан рўмолчасини чиқариб, юзи ва пешонасидаги терларини арта туриб бундай жавоб берди: “Абу Ҳанифа мени терга ботириб қўйди. Аллоҳга қасамки, у чинакам фақиҳ экан. Аллоҳга қасамки, бунга ўхшаш кишини кўрмаганман. Аллоҳга қасамки, бир киши сизга: “Мана бу устун темирдан” деса, албатта, у сизларни ўз раъйи билан шу масалада қаноатлантиради».
Имом Абу Ҳанифадан шу (иккала имом учрашуви) ҳақда сўрашганда, у киши: “Юзлаб кишилар билан мунозара қилдим. Ҳақни қабул қилишда Имом Моликчалик тез ва шижоатли инсонни кўрмадим. Аллоҳга қасамки, унга меҳрим ошди”, деб жавоб берди.
* * *
Моликий мазҳаби асосчиси, буюк муҳаддис ва фақиҳ Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ билан учрашиб, у зотнинг ҳадисларини турли фитналардан, фалсафалардан ҳимоя қилиш ғамида тутган йўлларига қойил қолиб эътироф этгани айни ҳақиқатдир.
Бугун ҳам сохта салафийлар “Имоми Аъзам ҳадис билмайди. У раъйни Қуръон ва суннатдан устун қўйган”, деган даъволарни қиляптилар. Ваҳоланки, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг Исломга қилган хизматлари олдида бутун уммат қарздордир.
Шуни унутмасак бўлгани!
Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Маккаи Мукаррамада жойлашган, дунёдаги энг мўътабар мусулмон ташкилоти бўлмиш Робитаи Олами Исломий ҳузуридаги Ислом фиқҳи Академияси қарорини эътиборингизга ҳавола қилишдан олдин Робитанинг таъсис мажлисига ҳам, Фиқҳ Академиясига ҳам Саудиянинг бош муфтиси, Шайх Абдулазиз Ибн Боз раислик ва у кишининг бир неча сафдошлари аъзолик қилишларини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Чунки мазҳабни инкор қилувчиларнинг кўплари ўша кишиларга эргашишларини даъво қиладилар. Биз қуйида келтирилган ҳужжатлар билан танишилгач бу даъво қанчалик тўғри эканлиги аён бўлар, деган умиддамиз.
Тўққизинчи қарор
Ислом фиқҳи академиясининг 1408 ҳижрий санада бўлиб ўтган ўнинчи йиллик мажлисда қабул қилинган мазҳаблар ўртасидаги фиқҳий хилофлар ва мазҳабга мутаассиблик қилиш ҳақида Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ҳамдлар бўлсин. Ортларидан набий йўқ, саййидимиз ва набиййимиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловоту дурудлар бўлсин. Аммо баъд:
Робитаи Олами Исломий қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси кенгаши ўзининг Маккаи Мукаррамада, 1408 ҳ.с. 24 сафар. (1987 м.с. 17 октябр) шанба кунидан 1408 ҳ.с. 28 сафар (1987 м.с. 21 октябр) чоршанба кунигача бўлиб ўтган ўнинчи йиллик мажлисида эргашиладиган мазҳаблар орасидаги фиқҳий хилофлар ва баъзи бир мазҳаб атбоълари томонидан содир бўладиган, мўътадиллик чегарасидан чиқадиган ва ҳатто бошқа мазҳабларга ҳамда уларнинг уламоларига таъна тоши отишгача етиб борадиган кўнгилсиз таассуф масаласини кўриб чиқди. Мажлис ўсиб келаётган ҳамаср авлоднинг ақлида ва тасаввурида мазҳаблар орасидаги ихтилофлар ҳақида ориз бўладиган муаммоларни текшириб чиқди. Кўпинча, ўша(ёш)лар бу муаммоларнинг маъносини ҳам, асосини ҳам билмайдилар. Натижада, баъзи адаштирувчилар, модомики, Ислом шариати битта бўлса, унинг асли Қуръони Карим ва Суннати Набавияда собит бўлган бўлса, нима учун мазҳаблар ихтилоф қиладилар, нима учун улар бирлаштирилиб, мусулмонлар битта мазҳабда бўлмайдилар ва бир хил шаръий мазҳабга эргашмайдилар, деб кўпчиликни йўлдан оздиришга ҳаракат қиладилар. Шунингдек, мажлис мазҳабий мутаассибчилик ва ундан келиб чиқадиган муаммоларни, хусусан, бугунги кунда пайдо бўлган, янги иждиҳодий йўл тутишга даъват қилаётган, Ислом уммати қадимги исломий асрлардан бери қабул қилиб келаётган мавжуд мазҳабларга ва уларнинг уламоларига тил теккизаётган, кишилар орасига фитна солаётган хатокор янги йўналишлар ҳақидаги масалани ҳам кўриб чиқди.
Мажлис мазкур масалани, унинг сабабларини ва ундан келиб чиқадиган залолату фитналарни атрофлича ўрганиб чиқиб, икки томонга-адаштирувчи ва мутаассибларга қуйидаги баёнотни эслатма тарзида йўллашга қарор қилди:
Биринчидан: мазҳаблар ихтилофи ҳақида:
Мусулмон юртларидаги фикрий мазҳаблар орасидаги мавжуд ихтилофлар икки хилдир:
1. Ақидавий мазҳаблар орасидаги ихтилоф.
2. Фиқҳий мазҳаблар орасидаги ихтилоф.
Биринчи хилдагиси, эътиқодга оид ихтилофдир. Бу иш воқеъликда Ислом юртларига бало-офатлар олиб келган, мусулмонларнинг сафини бузган ва тафриқага солган катта мусибатдир. Бу жуда ҳам афсусланарли ва бўлмаслиги вожиб ишдир. Ислом уммати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ва рошид халифалар давридаги саломат ва пок ислом фикрини тамсил қилувчи «Аҳли суннат вал жамоат» мазҳабида жам бўлмоғи лозимдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ўзлари: «Сизларга Менинг суннатимни ва рошид халифаларнинг суннатини тутмоқлик лозимдир. Бас уни маҳкам тутинглар», деб эълон қилганлар.
Иккинчиси, фиқҳий мазҳабларнинг баъзи масалаларга оид ихтилофидир. Буни тақозо қилган илмий сабаблари бор. Бу ишда Аллоҳ Таолонинг катта ҳикмати, жумладан, бандаларига раҳмат ва шаръий далиллардан ҳукм чиқаришга кенг йўл очиш бордир. Сўнгра бу нарса бир неъмат ва фиқҳий-қонуний бойлик бўлиб, Ислом умматига диний ва шаръий ишларда кенглик яратиб беради. Шунда биргина, бошқасига ўтиб бўлмайдиган шаръий татбиқ ила чегараланиб қолинмайди. Балки, умматга баъзи вақтларда ва ишларда фақиҳ имомлардан бирларининг мазҳаби торлик қилиб қолса, бошқа мазҳабда кенглик, юмшоқлик ва осонлик топилади. Мазкур нарса ибодатга, муомалотга ёки оила, маҳкама ва жиноий ишларга ҳамда ҳаётнинг бошқа соҳаларига оид бўлиши мумкин.
Мазҳабларнинг ушбу иккинчи хилдаги ихтилофи-фиқҳий ихтилофдир. Бу динимизнинг камчилиги ҳам, динимиздаги қарама-қаршилик ҳам эмас. Бундоқ ихтилофнинг бўлмаслиги мумкин ҳам эмас. Ўзининг комил фиқҳи, ижтиҳоди ва қонуний низомига эга бўлган ҳар бир умматнинг фиқҳий ижтиҳодий ихтилофи бўлмай иложи йўқ.
Воқеъликдан келиб чиқиб айтиладиган бўлса, ушбу хилдаги ихтилоф бўлмаслиги мумкин эмас. Чунки аслий далиллар кўпинча бир неча маънони ўз ичига олган бўлади. Шунингдек, далил ҳамма муҳтамал ҳодисаларни қамраб ололмайди. Чунки баъзи уламоларимиз раҳматуллоҳи алайҳимлар айтганларидек, далиллар чегаралангандир, ҳодисалар эса чегараланмагандир. Бас, шундоқ экан, қиёсга мурожаат қилиш ва ҳукмларнинг иллатига, шариат соҳибининг ғаразига, шариатнинг умумий мақсадларига назар солиш ҳамда ҳодисалару янги пайдо бўлган масалаларда унинг ҳукмини жорий қилиш лозим бўлади. Бундоқ ҳолатда уламоларнинг фаҳмлари ва бир неча эҳтимолдан бирини устун қўйишлари ҳамда шунга биноан бир масала бўйича чиқарадиган ҳукмлар ҳар хил бўлиши табиийдир. Улардан ҳар бирлари ҳақни қасд қилади ва уни излайди. Бас, улардан ким тўғри топса икки ажр, ким хато қилса, бир ажр олади. Худди шу жойдан кенгчилик чиқиб, торчилик йўқолади.
Ушбу мазҳабий ихтилофнинг нимаси камчилик бўлиши мумкин?! Аввал очиқлаб ўтганимиздек бунда фақат яхшилик ва раҳматдан бошқа нарса йўқ. Воқеъликда бу нарса Аллоҳнинг мўмин бандаларига неъмат ва раҳматидир. Шу билан бир вақтда бу нарса қонуншунослик бўйича улкан бойлик ва Ислом уммати фахрланса арзийдиган устунликдир. Лекин баъзи мусулмон ёшларнинг, хусусан, улардан чет элларда дарс олаётганларининг исломий маданияти заифлигидан фойдаланган ажнабий залолатга бошловчилар, уларга фиқҳий мазҳаблар ихтилофини зулм ва бўҳтон ила эътиқодий ихтилофларга тенг қилиб кўрсатмоқдалар. Улар мазкур икки хил ихтилофни фарқламай, шариатда қарама-қар-шилик бор демоқдалар. Аслида эса ундоқ эмас.
Иккинчидан: мазҳабларни тарк қилишга даъват қилаётган, одамларни янги ижтиҳодий йўлга мажбурламоқчи бўлаётган ва мавжуд фиқҳий мазҳабларга ва уларнинг имомларига таъна тошини отаётган тоифаларга келсак, бизнинг фиқҳий мазҳаблар ва уларнинг имомлари фазилатлари ҳақидаги ҳозирги баёнотимизда улар учун ўзларининг тутган бу жирканч услубларидан тийилишни, одамларни адаштириб, ораларини бузишни ва уларни тафриқага солишни вожиб қилувчи нарса бор. Ҳозирги пайтда биз беҳуда, одамларни тафриқага солувчи даъватга эмас, Ислом душманларининг хатарли уринишлари қаршисида бирлашишга муҳтожмиз.
Аллоҳ саййидимиз Муҳаммадга ва У зотнинг Олиларию асҳобларига кўплаб саловоту саломлар йўлласин. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
(Ҳужжат «Ислом Фиқҳи Академияси мажалласи»нинг саккизинчи сана, ўнинчи сонидан сўзма-сўз таржима қилинди.)
Албатта, жаҳондаги энг мўътабар исломий ташкилотлардан бири бўлмиш Робитаи Олами Исломийнинг Ислом Фиқҳи Академияси кенгашининг ушбу баёнотидан кейин ўзини билган ҳар бир мусулмонда фиқҳий мазҳабни ҳақ эканлигида ва уларни эҳтиром қилиш зарурлигида ҳеч шубҳа қолмаслиги лозим. Шу ила гапга хотима ясасак бўларди. Лекин... Лекин ҳозирда мазҳабни инкор этиб, мужтаҳид уламоларимизга таъна тоши отиб турган биродарларимиз, «бу ҳужжатга қарийб ўн йил бўлибди. Унинг устига шайх Ибн Боз ва у кишининг ҳамфикрларига қўшилиб, ҳужжатга баъзи «мазҳабпараст» мутаассиблар ҳам имзо қўйган. Бу эса ҳужжатнинг кучини йўқотади», деб қолишлари эътиборидан хотимани ортга суриб турамиз.
Энди эътиборингизга шайх Ибн Боз ва у кишининг ҳамфикрларининг фиқҳий мазҳаблар ҳақидаги 1997 мелодий сана охирларида чиқарган баъзи фатволарини тақдим қиламиз:
3897 рақамли фатводан
Олтинчи савол:
Тўрт имомлар орасидаги хилофнинг ҳукми қандоқ?
Ёлғиз Аллоҳга ҳамд бўлсин. Унинг Расулига ва У кишининг Олию асҳобларига саловоту саломлар бўлсин. Ва баъду:
Жавоб:
Тўрт имомлар орасидаги хилоф уларнинг илм ва фаҳмдаги ихтилофларига боғлиқдир. Улардан тўғри топганларига икки ажр, хато қилганларига бир ажр бордир. Ал-Авзоъий, Суфён ас-Саврий, Исҳоқ Ибн Роҳавайҳ ва бошқа мусулмон уламолар ҳам шунга ўхшашлар.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Набиййимиз Муҳаммадга ва У зотнинг Олию асҳобларига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.
Илмий баҳслар ва фатво бўйича доимий қўмита.
Абдулазиз Ибн Абдуллоҳ Ибн Боз – Раис.
Абдурраззоқ Афифий – Раис ноиби.
Абдуллоҳ Ибн Ғидайян – Аъзо.
Абдуллоҳ Ибн Қаъуд – Аъзо.
4272 рақамли фатводан
Тўртинчи савол:
Ҳар бир мазҳаб имомининг ўзидан бошқасига хилоф қилганини кўрамиз. Кўпинча улар орасидаги жан-жал баъзи намозхонларнинг тарки намоз қилишига олиб боради. Ушбу мавзуъда шофий ва кофий жавоб умидидамиз. Бир мазҳабга эргашайликми? Иш тўғри бўлиши учун қандоқ қилиб мазҳабларни мувофиқлаштирамиз?
Ёлғиз Аллоҳга ҳамд бўлсин. Унинг Расулига ва У кишининг Олию асҳобларига саловоту саломлар бўлсин. Ва баъду:
Жавоб:
Тўрт мазҳаб имомлари орасидаги фиқҳ фаръидаги мавжуд хилоф ҳадиснинг баъзи имомлар наздида саҳиҳ бўлиб, бошқаси наздида саҳиҳ бўлмагани ёки ҳадис бирларига етиб, бошқаларига етмагани каби хилофга сабаб бўлувчи омилларга бориб тақалади.
Мусулмон кишига улар ҳақида яхши гумонда бўлиш вожибдир. Улардан ҳар бирлари мужтаҳиддир. Ўзларидан содир бўлган фиқҳий уринишларда ҳақни талаб қилгандирлар. Улардан ким тўғри топган бўлса икки ажр: ижтиҳоди ажрини ва тўғри топгани ажрини олади. Ким хато қилган бўлса, бир ажр, яъни ижтиҳоди ажрини олади.
Мазкур тўрт имомларга тақлид қилишга келсак. Кимнинг ҳақни далилдан олишга имкони бўлса, унга далилдан олиш вожиб бўлади. Кимнинг имкони бўлмаса ўз наздидаги энг ишончли аҳли илмга тақлид қилади. Фарълардаги бундоқ хилофлар ихтилоф қилувчиларни бир-бирларининг ортларидан намоз ўқишни ман қилмаслиги керак. Аксинча, баъзилари баъзиларининг ортидан намоз ўқимоқлари вожибдир. Саҳобалар, розияллоҳу анҳум, фаръий масалаларда ихтилоф қилсалар ҳам бир-бирларининг ортларида намоз ўқир эдилар. Тобеъинлар ва уларга яхшилик ила эргашганлар ҳам шундоқ қилганлар.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Набиййимиз Муҳаммадга ва У зотнинг Олию асҳобларига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.
Илмий баҳслар ва фатво бўйича доимий қўмита:
Абдулазиз Ибн Абдуллоҳ Ибн Боз – Раис.
Абдурраззоқ Афифий – Раис ноиби.
Абдуллоҳ Ибн Ғидайян – Аъзо.
Абдуллоҳ Ибн Қаъуд – Аъзо.
(Фатволар «Мажаллату ал-Буҳус ал-Исломия»нинг 51 сонидан сўзма-сўз таржима қилинди.)
Шу ерда икки оғиз изоҳ беришга тўғри келади. Иккинчи фатводаги, «Кимнинг ҳақни далилдан олишга имкони бўлса», деган ибора ким ижтиҳод қилиш даражасига етган бўлса, деганидир. Ҳамма уламоларнинг иттифоқ қилишларича, ҳозирда ижтиҳод даражасига етган шахс йўқ. Энди ҳамма нарса равшан бўлган бўлса, ажаб эмас. Ушбу ҳужжатлар билан танишиб чиқилганидан сўнг ўз-ўзидан бир неча ҳақли савол пайдо бўлади. Хўш, ҳозирда мазҳабни инкор қилаётганлар кимга эргашяптилар ўзи? Нима асосда фаолият олиб бормоқдалар ўзи? Мазҳаб боши имомларга нисбатан беодоблик қилишга нима ҳақлари бор? Агар улар ўзлари даъво қилаётганларидек, шайх Ибн Боз ва у кишига ҳамфикр шахсларга тақлид қилаётган бўлсалар, нима учун уларнинг юқорида зикри ўтган фатволарига амал қилишмайди?
Аслида фиқҳий мазҳаблар ҳақида ихтилофларга аталган асарда бунчалик кўп гапириш ният йўқ эди. Фиқҳ илми ва фуқаҳолар ҳақида «Ислом мусаффолиги йўлида» номли китобчамизда ва бошқа мақола ва маърузаларимизда, хусусан, «Ҳадис ва Ҳаёт» номли китобимизда қисман айтиб ўтганмиз. Аллоҳ насиб этса, келажакда бу муҳим мавзуда батафсил сўз юритиш имкони ҳам бўлиб қолар деган умиддамиз. Аммо ҳозирги ихтилофларга сабаб бўлаётган бош омиллардан бири айнан шу масала бўлгани учун бир оз бўлса ҳам тўхталиб ўтишни маъқул топдик.
Кейинги мавзулар:
Тарихдан сабоқ олайлик;
Кишиларнинг фиқҳдан узоқлашиш сабаблари;
Нима қилмоқ керак?