Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Олим зотга айтишди: "Фалончи осмонда қанотсиз учар экан?".
Олим жавоб берди: "Бунинг ҳеч ажабланарли ери йўқ, пашша ҳам учади". Яна дейишди: "Фалончи эса, сувнинг устида юрар экан? Олим деди: Оддий ёғоч ҳам сувнинг устида сузади. Ундай бўлса, ажабланарли нима бор?" деб сўрашди.
Олим деди: "Одамларни орасида ахлоқ-одоб қоидаларига риоя қилиб яшаш, ёлғон гапирмаслик, ўғрилик қилмаслик, фириб бермаслик, ғийбат, хиёнат қилмаслик, бир сўз билан айтганда инсон бўлиб яшашлик ҳақиқий кароматдир".
Тасаввуфда шундай қоида бор: тўғри яшашлик қирқта кароматдан яхшироқдир.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
Аллоҳ таоло бандаларига:
لا تقنطوا
"ноумид бўлманглар" деган.
Яъқуб алайҳиссалом ўғилларига:
لا تياسوا
"ноумид бўлмангиз" деган.
Юсуф алайҳиссалом укасига:
لا تبتئس
"ташвиш чекма" деган.
Шуайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга:
لا تخف
"қўрқма" деган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуга:
لا تحزن
"маҳзун бўлманг" деганлар.
Ташвишли дамларда инсон қалбига хотиржамлик солиш илоҳий манҳаждур. Бас, шундай экан, доимо "алҳамду лиллаҳ" денг.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ