Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Айрим одамлар Аллоҳ таоло уларга қиз фарзанд берса, хафа бўлишади, баъзан ғазабланишади ҳам. Бугун жамиятимизда бу каби ҳолатлар учрамаса керак, деётганлар адашишади.
Афсуски, орамизда ҳали ҳам шундайлар бор. Улар ўз норозиликлари билан бутун махлуқотни яратган, уларга жон томиридан ҳам яқин бўлмиш меҳрибон Зотга нисбатан одобсизлик қилишаётганини билишмасмикан? Аслида одамзод қиз фарзандни Аллоҳ таолонинг улкан туҳфаси деб қабул қилмоғи ва бунга хурсанд бўлмоғи лозим. Чунки ота-она қиз фарзандларига гўзал таълим ва тарбия берса, уларнинг фарзандлари ота-оналари учун дўзахдан тўсиқ ва парда бўладилар. Қуйидаги ҳадис сўзимизни тасдиқлайди:
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳо айтади:
«Ҳузуримга бир аёл икки қизи билан келиб, «Бирон нарса беринг», деб сўради. Битта хурмодан бошқа ҳеч нарсам йўқ эди. Ўшани унга бердим. Аёл уни иккига бўлиб, ўзи емай, икки қизига берди. Сўнг ўрнидан туриб, улар билан чиқиб кетди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам меникига кириб келдилар. Ўша аёл ҳақида айтиб берган эдим, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга қиз фарзанд бериб имтиҳон қилинса ва уларга яхши қараса, улар унинг учун дўзахдан тўсиқ бўлади», дедилар» (Бухорий ва Муслим иттифоқ қилишган).
Одатда одамлар қиз фарзанд кўришни хушламаганлари учун мазкур ҳадисда «имтиҳон қилинса» дейилди. Аслида бу сўздан «кимга шу каби қизлардан бирортаси берилса», деган маъно ирода қилинган. Қизларга яхшилик қилиш – уларни муҳофаза қилиш, тарбиялаш ва солиҳ жойга турмушга бериш кабилар билан ифодаланади. Қуйидаги ҳадисда ҳам қизларига яхши тарбия берган оталар охиратда муносиб тақдирланиши айтилган:
Абу Ушшона Маъофирийдан ривоят қилинади: «Уқба ибн Омирнинг шундай деётганини эшитдим: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимнинг уч қизи бўлса, отаси уларга сабр қилса, уларни ўз мол-мулкидан едириб-ичирса ҳамда кийинтирса, ўша қизлар отаси учун Қиёмат куни дўзахдан тўсиқ бўлади» (Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Ривоят қилинишича, бир кишининг олти нафар қизи бўлиб, хотини еттинчи фарзандга ҳомиладор экан. Серфарзанд ота ўғил туғилишини жуда қаттиқ хоҳлар, бу сафар ҳам қиз туғилиб қолишидан хавотирда экан. Шунда у ўзига-ўзи «агар бу сафар ҳам хотиним қиз туғса, уни талоқ қиламан», деб қасд қилиб, шу хаёллар билан ухлаб қолибди. Тушида Қиёмат қоим бўлгани, дўзах ҳозирлангани ва у дўзахга ҳукм қилинганини кўрибди. Аммо қачонки уни дўзахнинг эшиги олдига олиб боришса, қизларидан бири уни дўзахдан ҳимоя қилиб, отасининг у ерга киришига тўсқинлик қилар экан. Олти қизнинг отаси дўзахнинг олти эшиги олдидан ҳам шу тариқа ўтиб кетибди, яъни ҳар бир эшик олдида қизларидан бири унинг дўзахга киришига тўсқинлик қилибди. Еттинчи эшик олдида эса бундай ҳолат рўй бермабди. Натижада у даҳшатга тушган ҳолатда уйғониб, ўзича қасд қилган ҳолда хатога йўл қўйганини англабди. Қаттиқ пушаймон бўлиб, Роббига: «Аллоҳим, еттинчисини ҳам қиз қилиб бер!», деб дуо қилибди.
Одамларнинг қиз фарзандни хушламасликлари жоҳилият даврини эсга солади. У вақтда оилалар қиз фарзандли бўлишга рағбат қилишмасди. Аксинча, қиз фарзанд кўришдан нафратланишар, қиз фарзандни ор деб билишарди. Бу ҳақда Қуръони Каримда бундай дейилган:
«Қачонки улардан бирига қизнинг хушхабари берилса, ғам-аламга тўлиб, юзи қорайиб кетур. Унга берилган хушхабарнинг ёмонлигидан (уялиб) қавмидан беркинур. Уни (қизни) хорлик-ла олиб қолсамикин ёки тупроққа кўмсамикин? Огоҳ бўлинг! Улар қилган ҳукм нақадар ёмон!» (Наҳл сураси, 58–59-оятлар).
Ажабланарлиси, жоҳилият аҳли аёл-қизлардан нафратланиш билан чекланишмасди, балки уларни қатл қилиш, тириклайин кўмишгача боришарди. Уларни заифа, кўп ишларга кучи етмайди, жангларда иштирок этолмайди, ўзини ҳимоя қилолмайди, аксинча, ўзи ҳимояга муҳтож бўлади, деб билишарди.
Ислом дини бу ҳолатни бутунлай ўзгартирди. Аёл шаънини кўтарди. Аёлларга улар эркакларнинг бир бўлаги, тенгдоши, ўхшаши деб эътибор қаратди. Ҳатто оятда қизларни эъзозлаб, «У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур» (Шуро сураси, 49-оят) деб, уларни эркаклардан муқаддам зикр қилди.
Аёлларга нисбатан қўполлик қиладиган эркакларнинг қалбини уларга нисбатан юмшатиб, уларни эркакларга суюкли қилиб қўйди. Эркакларга аёллар ўша эркакларни дунёга олиб чиқадиган оналар эканини билдирди. Шу эътибордан аёллар эркакларга нисбатан устунлик ва ортиқликка эга бўлишди.
Ислом дини аёлнинг жамиятдаги ўрни яхши бўлишида аёлнинг валийлари ва васийларига уни муҳофаза қилиши, авайлаб асраши, унга эътибор қаратиши ўта муҳимлиги ҳақида таълим берди. Чунки аёл-қизларга нафрат кўзи билан қаралса, улар эътиборсиз қолдирилса бундай муносабат уларнинг йўлдан тойиши, ҳаётдаги муҳим ролидан воз кечишига сабаб бўлиб қолади. Зеро, қиз болани оиласи яхши кўриб, ҳурмат қилса, қиз ҳам ўзини қадрлашни, ўз ҳурматини ва оиласининг шаънини сақлашни ўрганади, иззат-ҳурматини ҳимоя қилади, бирор кимса томонидан таҳқирланишни қабул қилмайди, ундан эрмак сифатида фойдаланишларига асло йўл қўймайди.
Оиласи даврасида қадр-қиммат ва ҳурмат-эҳтиром билан улғайган қиз шу оиланинг азиз аъзоси ҳисобланади. Шунинг учун ҳеч ким унга, ҳатто бир оғиз ортиқча сўз айтишга, алдашга журъат қилолмайди. Чунки унинг ортида оила-аъзолари ва қариндош-уруғлари ҳимоячи бўлиб турибди. Баъзи миллатлар аёл-қизларини қаттиқ ҳимоя қилишларини эшитганмиз. Шу сабабли ўша миллат аёл-қизларининг турли юртларда шаъни топталаётганини эшитмаймиз, кўрмаймиз. Шундай экан, оиланинг эркаклари – ота, ака-ука, ўғил, амаки ва тоғалар – аёл-қизларига уларни қадрлашларини кўрсатиб қўйишлари керак. Ана шунда аёл-қизлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиқишларига ҳеч қандай зарурат ҳам туғилмайди.
Оиласида, ўзи яшаб турган жамиятда иззат-ҳурматини топган аёл-қизлар касб қилиш борасида ҳам кўп пул топишдан кўра ўз шаънини юқори қўяди, камроқ пул топса ҳам иззат-ҳурматини сақлайдиган касблар билан машғул бўлишга ҳаракат қилади. Миллатимиз аёллари, айниқса, китобхон, зиёли опа-сингилларимиз ана шундай аёллардандир. Бунинг акси ўлароқ, оиласида таҳқирланиб хорланган, ўз қадр-қимматини топмаган, оилада ўзининг муҳим ўрни борлигини билмаган, оила аъзолари томонидан турли турткиларга учраб улғайган айрим қизлар ўз қадрини тушириб, ўзлари ва яқинларига хиёнат қила бошлайдилар. Охир-оқибат ўзгаларнинг бир оғиз «ширин» сўзига алданиб, уларнинг эрмаги бўлиб қоладилар...
Шундай экан, қиз тарбиясида машғул бўлганимизда уларни оиламизнинг энг қардли вакили сифатида вояга етказайлик. Уларни яхши кўришимизни, улар биз учун энг азиз инсон эканликларини ҳис қилсинлар.
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Қудратуллоҳ Сидиқметов.
«Ҳилол» журнали 3(60) сон
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Маккаи Мукаррамада жойлашган, дунёдаги энг мўътабар мусулмон ташкилоти бўлмиш Робитаи Олами Исломий ҳузуридаги Ислом фиқҳи Академияси қарорини эътиборингизга ҳавола қилишдан олдин Робитанинг таъсис мажлисига ҳам, Фиқҳ Академиясига ҳам Саудиянинг бош муфтиси, Шайх Абдулазиз Ибн Боз раислик ва у кишининг бир неча сафдошлари аъзолик қилишларини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Чунки мазҳабни инкор қилувчиларнинг кўплари ўша кишиларга эргашишларини даъво қиладилар. Биз қуйида келтирилган ҳужжатлар билан танишилгач бу даъво қанчалик тўғри эканлиги аён бўлар, деган умиддамиз.
Тўққизинчи қарор
Ислом фиқҳи академиясининг 1408 ҳижрий санада бўлиб ўтган ўнинчи йиллик мажлисда қабул қилинган мазҳаблар ўртасидаги фиқҳий хилофлар ва мазҳабга мутаассиблик қилиш ҳақида Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ҳамдлар бўлсин. Ортларидан набий йўқ, саййидимиз ва набиййимиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловоту дурудлар бўлсин. Аммо баъд:
Робитаи Олами Исломий қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси кенгаши ўзининг Маккаи Мукаррамада, 1408 ҳ.с. 24 сафар. (1987 м.с. 17 октябр) шанба кунидан 1408 ҳ.с. 28 сафар (1987 м.с. 21 октябр) чоршанба кунигача бўлиб ўтган ўнинчи йиллик мажлисида эргашиладиган мазҳаблар орасидаги фиқҳий хилофлар ва баъзи бир мазҳаб атбоълари томонидан содир бўладиган, мўътадиллик чегарасидан чиқадиган ва ҳатто бошқа мазҳабларга ҳамда уларнинг уламоларига таъна тоши отишгача етиб борадиган кўнгилсиз таассуф масаласини кўриб чиқди. Мажлис ўсиб келаётган ҳамаср авлоднинг ақлида ва тасаввурида мазҳаблар орасидаги ихтилофлар ҳақида ориз бўладиган муаммоларни текшириб чиқди. Кўпинча, ўша(ёш)лар бу муаммоларнинг маъносини ҳам, асосини ҳам билмайдилар. Натижада, баъзи адаштирувчилар, модомики, Ислом шариати битта бўлса, унинг асли Қуръони Карим ва Суннати Набавияда собит бўлган бўлса, нима учун мазҳаблар ихтилоф қиладилар, нима учун улар бирлаштирилиб, мусулмонлар битта мазҳабда бўлмайдилар ва бир хил шаръий мазҳабга эргашмайдилар, деб кўпчиликни йўлдан оздиришга ҳаракат қиладилар. Шунингдек, мажлис мазҳабий мутаассибчилик ва ундан келиб чиқадиган муаммоларни, хусусан, бугунги кунда пайдо бўлган, янги иждиҳодий йўл тутишга даъват қилаётган, Ислом уммати қадимги исломий асрлардан бери қабул қилиб келаётган мавжуд мазҳабларга ва уларнинг уламоларига тил теккизаётган, кишилар орасига фитна солаётган хатокор янги йўналишлар ҳақидаги масалани ҳам кўриб чиқди.
Мажлис мазкур масалани, унинг сабабларини ва ундан келиб чиқадиган залолату фитналарни атрофлича ўрганиб чиқиб, икки томонга-адаштирувчи ва мутаассибларга қуйидаги баёнотни эслатма тарзида йўллашга қарор қилди:
Биринчидан: мазҳаблар ихтилофи ҳақида:
Мусулмон юртларидаги фикрий мазҳаблар орасидаги мавжуд ихтилофлар икки хилдир:
1. Ақидавий мазҳаблар орасидаги ихтилоф.
2. Фиқҳий мазҳаблар орасидаги ихтилоф.
Биринчи хилдагиси, эътиқодга оид ихтилофдир. Бу иш воқеъликда Ислом юртларига бало-офатлар олиб келган, мусулмонларнинг сафини бузган ва тафриқага солган катта мусибатдир. Бу жуда ҳам афсусланарли ва бўлмаслиги вожиб ишдир. Ислом уммати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ва рошид халифалар давридаги саломат ва пок ислом фикрини тамсил қилувчи «Аҳли суннат вал жамоат» мазҳабида жам бўлмоғи лозимдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ўзлари: «Сизларга Менинг суннатимни ва рошид халифаларнинг суннатини тутмоқлик лозимдир. Бас уни маҳкам тутинглар», деб эълон қилганлар.
Иккинчиси, фиқҳий мазҳабларнинг баъзи масалаларга оид ихтилофидир. Буни тақозо қилган илмий сабаблари бор. Бу ишда Аллоҳ Таолонинг катта ҳикмати, жумладан, бандаларига раҳмат ва шаръий далиллардан ҳукм чиқаришга кенг йўл очиш бордир. Сўнгра бу нарса бир неъмат ва фиқҳий-қонуний бойлик бўлиб, Ислом умматига диний ва шаръий ишларда кенглик яратиб беради. Шунда биргина, бошқасига ўтиб бўлмайдиган шаръий татбиқ ила чегараланиб қолинмайди. Балки, умматга баъзи вақтларда ва ишларда фақиҳ имомлардан бирларининг мазҳаби торлик қилиб қолса, бошқа мазҳабда кенглик, юмшоқлик ва осонлик топилади. Мазкур нарса ибодатга, муомалотга ёки оила, маҳкама ва жиноий ишларга ҳамда ҳаётнинг бошқа соҳаларига оид бўлиши мумкин.
Мазҳабларнинг ушбу иккинчи хилдаги ихтилофи-фиқҳий ихтилофдир. Бу динимизнинг камчилиги ҳам, динимиздаги қарама-қаршилик ҳам эмас. Бундоқ ихтилофнинг бўлмаслиги мумкин ҳам эмас. Ўзининг комил фиқҳи, ижтиҳоди ва қонуний низомига эга бўлган ҳар бир умматнинг фиқҳий ижтиҳодий ихтилофи бўлмай иложи йўқ.
Воқеъликдан келиб чиқиб айтиладиган бўлса, ушбу хилдаги ихтилоф бўлмаслиги мумкин эмас. Чунки аслий далиллар кўпинча бир неча маънони ўз ичига олган бўлади. Шунингдек, далил ҳамма муҳтамал ҳодисаларни қамраб ололмайди. Чунки баъзи уламоларимиз раҳматуллоҳи алайҳимлар айтганларидек, далиллар чегаралангандир, ҳодисалар эса чегараланмагандир. Бас, шундоқ экан, қиёсга мурожаат қилиш ва ҳукмларнинг иллатига, шариат соҳибининг ғаразига, шариатнинг умумий мақсадларига назар солиш ҳамда ҳодисалару янги пайдо бўлган масалаларда унинг ҳукмини жорий қилиш лозим бўлади. Бундоқ ҳолатда уламоларнинг фаҳмлари ва бир неча эҳтимолдан бирини устун қўйишлари ҳамда шунга биноан бир масала бўйича чиқарадиган ҳукмлар ҳар хил бўлиши табиийдир. Улардан ҳар бирлари ҳақни қасд қилади ва уни излайди. Бас, улардан ким тўғри топса икки ажр, ким хато қилса, бир ажр олади. Худди шу жойдан кенгчилик чиқиб, торчилик йўқолади.
Ушбу мазҳабий ихтилофнинг нимаси камчилик бўлиши мумкин?! Аввал очиқлаб ўтганимиздек бунда фақат яхшилик ва раҳматдан бошқа нарса йўқ. Воқеъликда бу нарса Аллоҳнинг мўмин бандаларига неъмат ва раҳматидир. Шу билан бир вақтда бу нарса қонуншунослик бўйича улкан бойлик ва Ислом уммати фахрланса арзийдиган устунликдир. Лекин баъзи мусулмон ёшларнинг, хусусан, улардан чет элларда дарс олаётганларининг исломий маданияти заифлигидан фойдаланган ажнабий залолатга бошловчилар, уларга фиқҳий мазҳаблар ихтилофини зулм ва бўҳтон ила эътиқодий ихтилофларга тенг қилиб кўрсатмоқдалар. Улар мазкур икки хил ихтилофни фарқламай, шариатда қарама-қар-шилик бор демоқдалар. Аслида эса ундоқ эмас.
Иккинчидан: мазҳабларни тарк қилишга даъват қилаётган, одамларни янги ижтиҳодий йўлга мажбурламоқчи бўлаётган ва мавжуд фиқҳий мазҳабларга ва уларнинг имомларига таъна тошини отаётган тоифаларга келсак, бизнинг фиқҳий мазҳаблар ва уларнинг имомлари фазилатлари ҳақидаги ҳозирги баёнотимизда улар учун ўзларининг тутган бу жирканч услубларидан тийилишни, одамларни адаштириб, ораларини бузишни ва уларни тафриқага солишни вожиб қилувчи нарса бор. Ҳозирги пайтда биз беҳуда, одамларни тафриқага солувчи даъватга эмас, Ислом душманларининг хатарли уринишлари қаршисида бирлашишга муҳтожмиз.
Аллоҳ саййидимиз Муҳаммадга ва У зотнинг Олиларию асҳобларига кўплаб саловоту саломлар йўлласин. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
(Ҳужжат «Ислом Фиқҳи Академияси мажалласи»нинг саккизинчи сана, ўнинчи сонидан сўзма-сўз таржима қилинди.)
Албатта, жаҳондаги энг мўътабар исломий ташкилотлардан бири бўлмиш Робитаи Олами Исломийнинг Ислом Фиқҳи Академияси кенгашининг ушбу баёнотидан кейин ўзини билган ҳар бир мусулмонда фиқҳий мазҳабни ҳақ эканлигида ва уларни эҳтиром қилиш зарурлигида ҳеч шубҳа қолмаслиги лозим. Шу ила гапга хотима ясасак бўларди. Лекин... Лекин ҳозирда мазҳабни инкор этиб, мужтаҳид уламоларимизга таъна тоши отиб турган биродарларимиз, «бу ҳужжатга қарийб ўн йил бўлибди. Унинг устига шайх Ибн Боз ва у кишининг ҳамфикрларига қўшилиб, ҳужжатга баъзи «мазҳабпараст» мутаассиблар ҳам имзо қўйган. Бу эса ҳужжатнинг кучини йўқотади», деб қолишлари эътиборидан хотимани ортга суриб турамиз.
Энди эътиборингизга шайх Ибн Боз ва у кишининг ҳамфикрларининг фиқҳий мазҳаблар ҳақидаги 1997 мелодий сана охирларида чиқарган баъзи фатволарини тақдим қиламиз:
3897 рақамли фатводан
Олтинчи савол:
Тўрт имомлар орасидаги хилофнинг ҳукми қандоқ?
Ёлғиз Аллоҳга ҳамд бўлсин. Унинг Расулига ва У кишининг Олию асҳобларига саловоту саломлар бўлсин. Ва баъду:
Жавоб:
Тўрт имомлар орасидаги хилоф уларнинг илм ва фаҳмдаги ихтилофларига боғлиқдир. Улардан тўғри топганларига икки ажр, хато қилганларига бир ажр бордир. Ал-Авзоъий, Суфён ас-Саврий, Исҳоқ Ибн Роҳавайҳ ва бошқа мусулмон уламолар ҳам шунга ўхшашлар.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Набиййимиз Муҳаммадга ва У зотнинг Олию асҳобларига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.
Илмий баҳслар ва фатво бўйича доимий қўмита.
Абдулазиз Ибн Абдуллоҳ Ибн Боз – Раис.
Абдурраззоқ Афифий – Раис ноиби.
Абдуллоҳ Ибн Ғидайян – Аъзо.
Абдуллоҳ Ибн Қаъуд – Аъзо.
4272 рақамли фатводан
Тўртинчи савол:
Ҳар бир мазҳаб имомининг ўзидан бошқасига хилоф қилганини кўрамиз. Кўпинча улар орасидаги жан-жал баъзи намозхонларнинг тарки намоз қилишига олиб боради. Ушбу мавзуъда шофий ва кофий жавоб умидидамиз. Бир мазҳабга эргашайликми? Иш тўғри бўлиши учун қандоқ қилиб мазҳабларни мувофиқлаштирамиз?
Ёлғиз Аллоҳга ҳамд бўлсин. Унинг Расулига ва У кишининг Олию асҳобларига саловоту саломлар бўлсин. Ва баъду:
Жавоб:
Тўрт мазҳаб имомлари орасидаги фиқҳ фаръидаги мавжуд хилоф ҳадиснинг баъзи имомлар наздида саҳиҳ бўлиб, бошқаси наздида саҳиҳ бўлмагани ёки ҳадис бирларига етиб, бошқаларига етмагани каби хилофга сабаб бўлувчи омилларга бориб тақалади.
Мусулмон кишига улар ҳақида яхши гумонда бўлиш вожибдир. Улардан ҳар бирлари мужтаҳиддир. Ўзларидан содир бўлган фиқҳий уринишларда ҳақни талаб қилгандирлар. Улардан ким тўғри топган бўлса икки ажр: ижтиҳоди ажрини ва тўғри топгани ажрини олади. Ким хато қилган бўлса, бир ажр, яъни ижтиҳоди ажрини олади.
Мазкур тўрт имомларга тақлид қилишга келсак. Кимнинг ҳақни далилдан олишга имкони бўлса, унга далилдан олиш вожиб бўлади. Кимнинг имкони бўлмаса ўз наздидаги энг ишончли аҳли илмга тақлид қилади. Фарълардаги бундоқ хилофлар ихтилоф қилувчиларни бир-бирларининг ортларидан намоз ўқишни ман қилмаслиги керак. Аксинча, баъзилари баъзиларининг ортидан намоз ўқимоқлари вожибдир. Саҳобалар, розияллоҳу анҳум, фаръий масалаларда ихтилоф қилсалар ҳам бир-бирларининг ортларида намоз ўқир эдилар. Тобеъинлар ва уларга яхшилик ила эргашганлар ҳам шундоқ қилганлар.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Набиййимиз Муҳаммадга ва У зотнинг Олию асҳобларига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.
Илмий баҳслар ва фатво бўйича доимий қўмита:
Абдулазиз Ибн Абдуллоҳ Ибн Боз – Раис.
Абдурраззоқ Афифий – Раис ноиби.
Абдуллоҳ Ибн Ғидайян – Аъзо.
Абдуллоҳ Ибн Қаъуд – Аъзо.
(Фатволар «Мажаллату ал-Буҳус ал-Исломия»нинг 51 сонидан сўзма-сўз таржима қилинди.)
Шу ерда икки оғиз изоҳ беришга тўғри келади. Иккинчи фатводаги, «Кимнинг ҳақни далилдан олишга имкони бўлса», деган ибора ким ижтиҳод қилиш даражасига етган бўлса, деганидир. Ҳамма уламоларнинг иттифоқ қилишларича, ҳозирда ижтиҳод даражасига етган шахс йўқ. Энди ҳамма нарса равшан бўлган бўлса, ажаб эмас. Ушбу ҳужжатлар билан танишиб чиқилганидан сўнг ўз-ўзидан бир неча ҳақли савол пайдо бўлади. Хўш, ҳозирда мазҳабни инкор қилаётганлар кимга эргашяптилар ўзи? Нима асосда фаолият олиб бормоқдалар ўзи? Мазҳаб боши имомларга нисбатан беодоблик қилишга нима ҳақлари бор? Агар улар ўзлари даъво қилаётганларидек, шайх Ибн Боз ва у кишига ҳамфикр шахсларга тақлид қилаётган бўлсалар, нима учун уларнинг юқорида зикри ўтган фатволарига амал қилишмайди?
Аслида фиқҳий мазҳаблар ҳақида ихтилофларга аталган асарда бунчалик кўп гапириш ният йўқ эди. Фиқҳ илми ва фуқаҳолар ҳақида «Ислом мусаффолиги йўлида» номли китобчамизда ва бошқа мақола ва маърузаларимизда, хусусан, «Ҳадис ва Ҳаёт» номли китобимизда қисман айтиб ўтганмиз. Аллоҳ насиб этса, келажакда бу муҳим мавзуда батафсил сўз юритиш имкони ҳам бўлиб қолар деган умиддамиз. Аммо ҳозирги ихтилофларга сабаб бўлаётган бош омиллардан бири айнан шу масала бўлгани учун бир оз бўлса ҳам тўхталиб ўтишни маъқул топдик.
Кейинги мавзулар:
Тарихдан сабоқ олайлик;
Кишиларнинг фиқҳдан узоқлашиш сабаблари;
Нима қилмоқ керак?