Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳар бир мўмин ўз биродари ва яқинлари ҳақида яхши гумонда бўлиши лозимдир. Айниқса, эр-хотин ўртасида “ҳусни зонн”, яхши гумоннинг бўлиши ниҳоятда муҳим саналади.
Афсуски, баъзан яқинларимизга нисбатан қиладиган салбий шубҳаларимиз нафақат юзаки, балки кўпинча асоссиздир. Аллоҳ таоло Қуръони бундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Таниқли психотерапевт Жон Готтман 1999 йилда “Love Lab” университетида тадқиқот ўтказиб, бахтли жуфтликлар бир-бирлари ҳақида ижобий гумонда бўлишларини, муваффақиятсиз жуфтликлар эса шериги тўғрисида салбий гумонда бўлишини аниқлаган. Бу ҳақда 2000 йилда “Journal of Family Psychology” журналида ҳам салбий гумонлар оилани қандай қилиб ҳалокатга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида мақола чоп этилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминага ғазаб қилмасин, агар унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқасини ёқтирур”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Афсуски, бундай муборак таълимотларга амал қилмаймиз. Албатта, ҳеч бир инсон хато-камчиликдан холи эмас. Шу боис, баъзан низолар келиб чиқиши табиий ҳолат. Бироқ, бахтиёр оила қуриш учун ҳамиша яхши гумонда бўлиш ва Қуръонда белгилаб қўйилган ушбу кўрсатмага амал қилиш талаб этилади: “...улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” (Нисо сураси, 19-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД
Бир ўғил кекса онасини ресторанга овқатланишга олиб борди. У анча қувватдан қолгани учун қўлларидан овқат тушиб кийимини ифлос қилар эди. Бу ҳолатни кўрганлар онахонга жирканиб қарашарди. Лекин ўғил бунга эътибор қилмас, онасини эҳтиром қилишда давом этарди.
Овқатланиб бўлгач, ўғил онасининг кўйлагини тозалаб қўйди. Ўтирганларнинг ҳаммаси буни жим кузатишди. Она бола секин эшик томонга юраётганида бир ёши улуғ одам ўғилни чақириб: “Ҳеч нарса қолдирмадингми?” деб сўради. Шунда ўғил: “Йўқ ҳамма нарсани олдим”, деди. Ёши катта одам: “Сиз ҳозир барча ўғил фарзандлар учун дарс, оналар учун умид қолдириб кетдингиз”, деб жавоб қилди.
Ҳозир онангиз ҳаётми? Унинг қадрига етинг, эъзозланг! Кейин армон бўлиб қолмасин! Бу оламни тарк этсалар, бу дақиқалар армон бўлиб қолишини, унутманг.
Акбаршоҳ Расулов таржимаси