Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мўмина аёл эрининг ёки отасининг изнисиз уйдан ташқарига чиқмайди. Аммо бу шунчаки тақиқ эмас. Аёл киши Аллоҳ розилиги учун, Унга осий бўлишдан қўрққани учун кўчага рухсат сўраб чиқади. Фақиҳлар бу борадаги оят-ҳадисларни ўрганиб чиқиб, «Аёл кишининг уйдан рухсатсиз чиқиши ҳаром», деганлар. Демак, турмуш қурган ёки қурмаганлигининг фарқи йўқ.
Ақлли қиз ота-онасини қандай қилиб ишонтиришни, уйдан чиқишга рухсат сўраган пайтда уларни қандай қилиб хотиржам қилишни яхши билади, чунки у ташқарига фақат яхши мақсадлар билан чиқади. Қарабсизки, Роббини ҳам, ота-онасини ҳам, ўзини ҳам хурсанд қилади.
Ўз ҳолига ташлаб қўйилган, раҳбари, қаровчиси, ҳимоячиси йўқ одам кўнглига келган ишни қилади, унинг уйда ёки кўчада экани билан бировнинг иши бўлмайди. Фарзандингиз нима учун кўчага сиздан рухсат сўраб чиқади? Чунки сиз уни яхши кўрасиз, уйда бўлмай қолса ёки кечроқ қолса хавотир оласиз, унга жавобгарсиз.
Демак, уйдан кўчага рухсат сўраб чиқиш – ёмон кўргани, ишонмагани учун, тергаш учун, камситиш учун жорий қилинган қоида эмас экан. Ахир икки ҳарбий зобитнинг ёнига оддий аскар келиб, мурожаат қилмоқчи бўлса, аввал унвони каттароғига «Муҳтарам мингбоши, ўнбошига мурожаат қилишга рухсат этинг» дейди-ку. Ёнида турган одамга тўғри гапираверса бўлар эди, аммо унвони каттароқ ҳарбийнинг ҳурматини сақлаш учун аввал унга мурожаат қилиб, унвони кичикроқ ҳарбийга сўзлаш учун рухсат сўралади. Айтмоқчимизки, кўчага рухсат сўраб чиқиш – оиланинг, уйнинг, эрнинг ҳурматини сақлашдир.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
Аллоҳ таоло бандаларига:
لا تقنطوا
"ноумид бўлманглар" деган.
Яъқуб алайҳиссалом ўғилларига:
لا تياسوا
"ноумид бўлмангиз" деган.
Юсуф алайҳиссалом укасига:
لا تبتئس
"ташвиш чекма" деган.
Шуайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга:
لا تخف
"қўрқма" деган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуга:
لا تحزن
"маҳзун бўлманг" деганлар.
Ташвишли дамларда инсон қалбига хотиржамлик солиш илоҳий манҳаждур. Бас, шундай экан, доимо "алҳамду лиллаҳ" денг.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ