Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Расулуллоҳнинг ﷺ минбарлари

23.10.2024   2692   2 min.
Расулуллоҳнинг ﷺ минбарлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларида устун бўлиб турувчи хурмо дарахтининг ёғочлари бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ёғочлардан бирининг ёнида туриб хутба қилардилар. Баъзан узоқ муддат тик туриб қолардилар. Шунинг учун устида ўтириладиган бирор нарса ясаб бермоқчи бўлиб, бир ансорий аёл: “Ё Расулуллоҳ! Менинг дурадгор қулим бор Сизга минбар ясаб берайликми?” деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Майлин, агар (шуни) хоҳласанг” дедилар. Минбар ясаб бердилар.

Келаси жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқмоқчи бўлдилар, шунда хурмо дарахти худди ёш бола каби баланд овозда йиғлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги ёғочни силаб юпатдилар. Шундан кейин тинчланди.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ қачон шу ҳадисни айтиб берсалар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнидан кетганларига бир ёғоч йиғлади-я, биз йиғламаслигимиз мумкинми?” деб, йиғидан соқоллари ҳўл бўлиб кетарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу минбарлари ҳижратнинг сакккизинчи йили ясалган.

Минбарнинг учта поғонаси бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбада оёқларини иккинчи поғонага қўйиб минбарнинг устида ўтирганлар.

Кейинчалик Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу хутбада ўтирганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одоб юзасидан иккинчи поғонага ўтириб оёқларини энг пастки поғонага қўйганлар.

Умар розияллоҳу анҳу ҳам хутбада ўтирганларида биринчи поғонага ўтириб, оёқларини ерга қўйиб турганлар. Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳам шу ҳолат давом этган.

Кейинчалик Муовия розияллоҳу анҳу минбарга поғоналар қўшдирган ва уларнинг сони тўққизтага етган.

Ҳижрий 654 йилда содир бўлган масжид ёнғинида минбар ҳам куйиб кетди.

Ҳижрий 658 йилда Яман подшоҳи Малик Музаффар томонидан ясаттирилган минбар ўрнатилган. Аммо кейинчалик яна бир неча марта бошқа-бошқа минбарлар қўйилган.

Ҳижрий 998 йилда Султон Мурод III Усмоний томонидан юборилган минбар Масжиди Набавийга қўйилган охирги минбар саналади. Минбар мармардан ясалган бўлиб, гўзал нақшлар билан безатилган, тепасида тўртта устунли қуббаси ҳам бор.

Минбарнинг эшиги ҳам бўлиб, эшигидан ташқарисида учта, ичкарисида тўққизта поғонаси бор. Ҳозирда ушбу минбар Масжиди Набавийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари ўрнида турибди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйим билан минбаримнинг орасида жаннат боғларидан бири бор. Минбарим эса ҳовузимнинг устидадир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга жаннат боғларидан бир боғ бўлган муборак Равзада такрор-такрор ибодат қилиш бахтига муваффақ қилсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Никоҳи ҳаром қилинган аёллар (биринчи мақола)

27.11.2024   370   6 min.
Никоҳи ҳаром қилинган аёллар (биринчи мақола)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Аллоҳ таоло, турли сабаб ва ҳикматларга кўра, ҳар бир эркакка бир неча тоифа аёлларнинг никоҳини ҳаром қилган, эр киши уларга уйланиши мум-кин эмас, бундай қилиши ҳаром ҳисобланади. Ким шу ишни қилса, гу-ноҳкор бўлади. Мазкур гуноҳга қолмаслик учун ҳар бир мусулмон бу маса-лани яхшилаб тушуниб олмоғи керак.

Никоҳи ҳаром қилинган аёллар ҳақида Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Аввал ўтгани мустасно. Албатта, Аллоҳ Fафур ва Роҳиймдир. Қўлларингиз мулк қилиб олганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди. Бу) сизларга Аллоҳнинг битганидир» («Нисо» сураси 23-24оятлар).

Исломдан бошқа дин ва жамиятларнинг ҳам ушбу масалада ўз таълимотлари ва ҳукмлари бор. Уларнинг баъзилари Исломники билан тўғри келса, кўплари нотўғридир. Баъзи тузумларда Аллоҳ таоло ҳаром қилган тоифадаги аёлларнинг никоҳини ҳалол қилишган. Ҳатто онасига уйланишга ҳам рухсат берилган. Бошқа бир тузумларда эса қабиласи бошқа, танасининг ранги бошқа, табақаси бошқа ёки шунга ўхшаш бошқа шартлар билан аёлларнинг никоҳи ҳаром қилинган.

Ислом эса улкан ҳикматларни эътиборга олиб, насаб алоқаси, эмикдошлик алоқаси ва қудачилик алоқаси туфайли маълум тоифа аёлларнинг никоҳини маълум тоифа эркакларга ҳаром қилган. Келинг, буларни бирма-бир ўрганиб чиқайлик.

Насаб алоқаси туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар:

«Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари» ҳаром қилинди.

1. Никоҳи ҳаром қилинган аёллар тоифаси ояти каримада «оналар»дан бошланган.

«Она»га момолар ҳам киради. Яъни ўз онасига ҳам, ота-онасининг оналарига ҳам эркакнинг никоҳланиши ҳаромдир. Буни шарҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Ўз онасига эрлик қилиш нафақат инсонга, балки ваҳший ҳайвонлар табиатига ҳам зиддир. Ахир, у онасининг бир парчаси ҳисобланади.

Бунинг устига, насаб жиҳатидан яқин бўлган кишиларнинг никоҳи икки томон соғлиғи учун ҳам зарар экани ҳаммага маълум. Улардан бўлган фарзандлар нимжон, касалманд ва ногирон бўлиб туғилиши аниқланган.

2. Кейинги тоифа «қизларингиз»дир.

Бунга кишининг ўзидан тарқалган зурриётлари, жумладан, набира қизлари ва улардан кейинги табақалар ҳам киради.

Ўз жигаргўшаси бўлмиш қизининг эри бўлишни ўзига эп кўриш учун инсон инсонликдан чиқиши керак! Бу иш инсоний табиатга мутлақо зид бўлганлиги учун ҳам Ислом шариатида ҳаром қилинган.

3. «Опа-сингилларингиз».

Туғишган бўлса ҳам, ота бир-у она бошқа ёки она бир-у ота бошқа бўлса ҳам, опа-сингилларнинг никоҳлари ҳаромдир.

Аввало, буларнинг асллари бир: бир қондан, бир қоринда пайдо бўлиб, бир хил сутдан катта бўлганлар. Инсонийлик табиатининг ўзи уларнинг эру хотин бўлишини кўтармайди. Уларнинг никоҳларидан келадиган тиббий зарарлардан ташқари, ижтимоий зарарлари ҳам кўп.

Агар мазкур шахслар орасида никоҳ жоиз бўлса, улар бир оила аъзолари сифатида бирга яшаш ва инсоний алоқаларда бўлиш имконига эга бўлмай қоладилар. Чунки никоҳи жоиз бўлган эркак-аёл бир жойда туриши, ёлғиз қолиши кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Хотин эрини унинг опа-сингилларидан ҳам қизғанадиган бўлиб қолади. Бу мулоҳаза бошқа тоифаларга ҳам жорийдир.

4. «Аммаларингиз, холаларингиз».

Булар билан ҳам насаб алоқалари мавжуд бўлиб, бу одамлар ҳам юқорида зикр қилинган тоифаларга ўхшашдир. Амма-холалар, одатда, онанинг ўрнига ўтадиган, ота ва она тарафнинг вакиллари ҳисобланадилар. Улар билан никоҳда бўлиш, соғлиқ, ахлоқ-одоб ва қариндошлик жиҳатларидан катта зарарлар келтиради.

5. «Ака‑укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари».

Булар ҳам насаб томонидан алоқадор бўлиб, аввалги зикр қилинган ва яна Аллоҳ таолонинг Ўзи биладиган бошқа ҳикматлар учун улар орасида никоҳ ҳаром қилинган.

Эмизиш туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар.

6. «эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз»нинг никоҳи ҳаром қилинди.

Бу жумлада эмиш орқали никоҳи ҳаром бўлган аёллар зикр қилинмоқда. Ояти каримада фақат икки тоифа – эмиш туфайли аслга айланганлар, яъни – она бўлганлар ва уларнинг шохобчалари бўлмиш эмикдош опа‑сингилларгина зикр қилинмоқда.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса бу борада: «Насаб жиҳатидан (никоҳи) ҳаром бўлганлар эмиш жиҳатидан ҳам ҳаром бўладилар», – деганлар. Яъни насаб жиҳатидан қайси тоифадаги аёлларга никоҳланиш ҳаром бўлса, сут қардошлик туфайли ҳам ўша тоифаларнинг никоҳи ҳаром бўлади.

Бундай ҳукмлар остига кирадиган эмишнинг шарти шуки, икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг қорнига ўз онасидан бошқа бир аёлнинг сути етиб бориши керак. Ана ўшанда у аёл боланинг онасига, эри эса отасига, болалари ака‑укаси ва опа-сингилларига айланадилар. Шунингдек, бошқа қариндошлари ҳам эмган болага хеш бўладилар. Бу ҳукмнинг тўла ҳикмати Аллоҳнинг Ўзига маълум. Аммо баъзи ҳикматлари ушбу ояти карима нозил бўлганидан бир неча асрлар ўтиб, маълум бўлди. Гўдакнинг суяги ва эти она сутидан шаклланар экан. Бир онанинг сутини эмиб катта бўлган инсонларнинг физиологик хусусиятлари бир хил шаклланганлиги туфайли улар орасида никоҳ алоқаси бўлса, ўзларига ҳам, улардан бўлган болаларга ҳам катта зарар етади. Буни мусулмонлардан бошқалар энди-энди тушуниб келмоқдалар.

(давоми бор)

"Бахтиёр оила" китобидан

Мақолалар