Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Август, 2025   |   13 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:53
Қуёш
05:24
Пешин
12:34
Аср
17:28
Шом
19:37
Хуфтон
21:01
Bismillah
07 Август, 2025, 13 Сафар, 1447
Мақолалар

Ким номаҳрамга қарашдан кўзини олиб қочса

24.10.2024   4774   3 min.
Ким номаҳрамга қарашдан кўзини олиб қочса

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўн еттинчи чора:

Нафсни жазолаш. Ҳазрати Ашраф Али Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дер эдилар: «Бадназарлик учун йигирма ракат нафл намоз ўқиш жазосини тайин қилиб қўйсин. Бир-икки кунда бу жазога чидай олмай нафс чинқириб юборади ва бадназарликдан воз кечади. Шайтон ҳам шундай дейди: "Бу шахс битта бадназарлик учун йигирма марта сажда қиляпти яна унинг гуноҳлари яхшиликларга алмаштириб қўйилмасин. Менинг бутун умр қилган меҳнатим зое бўлиб кетади. Демак, уни бадназарликка ундамаслик лозим"».

Ўн саккизинчи чора:

Илоҳий дийдордан маҳрум бўлишни ўйлаш.

Ҳадиси шарифлардан маълумки, жаннатийларга Аллоҳ таолонинг дийдори насиб бўлади. Баъзиларга бир марта, баъзиларга ҳар йили бўлади, баъзиларга ҳар ой, кимгадир ҳар жума куни ва баъзиларга ҳар куни насиб бўлади. Дунёда кўр ҳолида туғилган ва солиҳ тақводор, собир ва шокир бўлиб яшаган инсон ҳар вақт Аллоҳ таолонинг дийдорига мушарраф бўлади. Аллоҳ таоло: "Бу менинг шундай бандамки, у дунёда ҳеч кимга муҳаббат назари ила боқмади. Энди, у қачон хоҳласа, Менинг дийдоримга эришсин", дейди. Баъзи уламолар ёзганларки, ким дунёда Аллоҳнинг розилиги учун номаҳрамдан назарини сақласа, Аллоҳ таоло жаннатда ҳар бир сақланган назарининг эвазига Ўзининг дийдорини ато қилади. Мўмин киши мана шу абадий бахт ҳақида фикр қилсин, бир неча лаҳзалик бадназарлик сабабидан Аллоҳ таолонинг дийдоридан маҳрум бўлиш нақадар катта маҳрумлик эканини ўйласин. Ибн Қаййим раҳматуллоҳи алайҳ бундай ёзганлар: «Жаннатда амалларнинг мукофоти айнан ўзининг жинсидан бўлади. Шунга кўра, ким номаҳрамнинг юзидан кўзини олиб қочса, унга Аллоҳ таолонинг дийдори саодати насиб бўлади. Мўмин одам номаҳрамдан назарини олиб қочиши лозим. Токи, Аллоҳ таолонинг дийдорини кўришга ҳақли бўлсин».

Ўн тўққизинчи чора:

Онаси, синглиси ва қизини тасаввур қилиш.

Инсон нафси номаҳрам тарафга очкўз назар ила қарашни истаса, дарҳол онаси, синглиси ёки қизини тасаввур қилсин ва улар ҳақида менинг ҳам онам бор, синглим бор, қизим бор, уларга ҳам кимдир қараётгандир, деб ўйласин. Шу нарсани ўйласа, худди оловга сув қуйгандек, нафс хоҳишлари ҳам барҳам топади.

Йигирманчи чора:

Дуруди шарифни кўп айтиш.

Ҳазрати Мавлоно Қори Сиддиқ Баандавий рахматуллоҳи алайҳга бир киши ўзининг ҳолатини шундай тушунтирди: «Ҳазрат! Мен паришонман, васваса ва нопок хаёллар кўп келади. Ҳаром назарга мубталоман. Ҳолатимни ислоҳ қилинг». Ҳазрат бундай жавоб ёздилар: «Ҳар бир одам паришондир. Васваса ва нопок хаёллар келиб-кетишига эътибор қилма. Бадназарликдан сақланиш қўлингдан келади. Назарни пастга қарат ва кўп дуруди шариф, яъни салавот айт. Шунда ундан сақланиш осон бўлади, иншаАллоҳ».

«Бадназарлик ва зинодан сақланиш» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Машинада қолдирилган буюмларнинг ҳукми

04.08.2025   7912   1 min.
Машинада қолдирилган буюмларнинг ҳукми

Савол: Мен Туркия давлатида автомашиналарни ювиш хизмати (автомойка)да ишлайман. Баъзан такси ҳайдовчиларининг машиналарини ювганимизда ичида мижозларнинг буюмлари ва пуллари тушиб қолган бўлади. Шу пулларни ўзимизга олсак бўладими ёки таксичига беришимиз керакми?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазкур буюм ва пуллар сизнинг ҳам, таксичининг ҳам мулки эмас, балки ўз эгасининг мулкидир. Шунинг учун эгасига қайтариш лозим. Бунинг учун сиз топилмани таксичининг ўзига қайтариб берасиз ва у ҳақиқий эгаларини топиш чорасини кўради. Эгасидан берухсат ишлатиб юбориши гуноҳ ҳисобланади.

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким йўқолган нарсани танитмай ўзиники қилиб олса, залолатга кетувчидир”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилган).

Ҳозирги вақтда унутиб қолдирилган буюмларнинг эгасини топишнинг турли йўллари мавжуд. Унутиб қолдирилган нарсалар буюм ва пул сингари чириб, айниб қолмайдиган нарсалар бўлса, эгаси чиққунича ўзида сақлаб туради ва эгасини топишга жиддий киришади.

Эгасини топишдан буткул умиди узилган вақтда ўзи муҳтож бўлса, садақа ўрнида ўзига ишлатиши, бой бўлса, фақирларга эгасининг номидан садақа қилиб юбориши лозим бўлади.

Кейинчалик эгаси топилиб қолса, ҳолатни тушунтиради. Агар эгаси рози бўлса, садақанинг савоби унга бўлади. Эгаси рози бўлмай, нарсасини талаб қилса, қийматини тўлаб беради ва қилинган садақанинг савоби ана шу таксичининг ўзига бўлади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.