Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўн еттинчи чора:
Нафсни жазолаш. Ҳазрати Ашраф Али Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дер эдилар: «Бадназарлик учун йигирма ракат нафл намоз ўқиш жазосини тайин қилиб қўйсин. Бир-икки кунда бу жазога чидай олмай нафс чинқириб юборади ва бадназарликдан воз кечади. Шайтон ҳам шундай дейди: "Бу шахс битта бадназарлик учун йигирма марта сажда қиляпти яна унинг гуноҳлари яхшиликларга алмаштириб қўйилмасин. Менинг бутун умр қилган меҳнатим зое бўлиб кетади. Демак, уни бадназарликка ундамаслик лозим"».
Ўн саккизинчи чора:
Илоҳий дийдордан маҳрум бўлишни ўйлаш.
Ҳадиси шарифлардан маълумки, жаннатийларга Аллоҳ таолонинг дийдори насиб бўлади. Баъзиларга бир марта, баъзиларга ҳар йили бўлади, баъзиларга ҳар ой, кимгадир ҳар жума куни ва баъзиларга ҳар куни насиб бўлади. Дунёда кўр ҳолида туғилган ва солиҳ тақводор, собир ва шокир бўлиб яшаган инсон ҳар вақт Аллоҳ таолонинг дийдорига мушарраф бўлади. Аллоҳ таоло: "Бу менинг шундай бандамки, у дунёда ҳеч кимга муҳаббат назари ила боқмади. Энди, у қачон хоҳласа, Менинг дийдоримга эришсин", дейди. Баъзи уламолар ёзганларки, ким дунёда Аллоҳнинг розилиги учун номаҳрамдан назарини сақласа, Аллоҳ таоло жаннатда ҳар бир сақланган назарининг эвазига Ўзининг дийдорини ато қилади. Мўмин киши мана шу абадий бахт ҳақида фикр қилсин, бир неча лаҳзалик бадназарлик сабабидан Аллоҳ таолонинг дийдоридан маҳрум бўлиш нақадар катта маҳрумлик эканини ўйласин. Ибн Қаййим раҳматуллоҳи алайҳ бундай ёзганлар: «Жаннатда амалларнинг мукофоти айнан ўзининг жинсидан бўлади. Шунга кўра, ким номаҳрамнинг юзидан кўзини олиб қочса, унга Аллоҳ таолонинг дийдори саодати насиб бўлади. Мўмин одам номаҳрамдан назарини олиб қочиши лозим. Токи, Аллоҳ таолонинг дийдорини кўришга ҳақли бўлсин».
Ўн тўққизинчи чора:
Онаси, синглиси ва қизини тасаввур қилиш.
Инсон нафси номаҳрам тарафга очкўз назар ила қарашни истаса, дарҳол онаси, синглиси ёки қизини тасаввур қилсин ва улар ҳақида менинг ҳам онам бор, синглим бор, қизим бор, уларга ҳам кимдир қараётгандир, деб ўйласин. Шу нарсани ўйласа, худди оловга сув қуйгандек, нафс хоҳишлари ҳам барҳам топади.
Йигирманчи чора:
Дуруди шарифни кўп айтиш.
Ҳазрати Мавлоно Қори Сиддиқ Баандавий рахматуллоҳи алайҳга бир киши ўзининг ҳолатини шундай тушунтирди: «Ҳазрат! Мен паришонман, васваса ва нопок хаёллар кўп келади. Ҳаром назарга мубталоман. Ҳолатимни ислоҳ қилинг». Ҳазрат бундай жавоб ёздилар: «Ҳар бир одам паришондир. Васваса ва нопок хаёллар келиб-кетишига эътибор қилма. Бадназарликдан сақланиш қўлингдан келади. Назарни пастга қарат ва кўп дуруди шариф, яъни салавот айт. Шунда ундан сақланиш осон бўлади, иншаАллоҳ».
«Бадназарлик ва зинодан сақланиш» китоби асосида тайёрланди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши якунланиш босқичида турибди. Айни вақтда марказ биносида қурилиш ва ички безак ишлари деярли тугалланган, экспозиция ва контент билан бойитиш ишлари фаол равишда олиб борилмоқда.
Ҳозирда мамлакатимиз ва хориждан жалб қилинган 2000 га яқин олим, мутахассис, дизайнер, уста ва меъморлар 800 дан ортиқ лойиҳа устида иш олиб бормоқда.
Биринчи босқичда намойиш этилиши режалаштирилган тахминан 400 та лойиҳа Президентимиз томонидан илгари сурилган “Цивилизация, шахс, кашфиёт” концепцияси асосида шакллантирилмоқда. Мазкур концепцияга мувофиқ, экспозициялар тарихий, илмий манбалар ва археологик далилларга асосланган ҳолда мазмун билан тўлдирилмоқда.
Жумладан, марказ контентини бойитиш мақсадида 59 та макет яратиш режалаштирилган бўлиб, улардан 24 таси замонавий 3D форматида бўлади. Барча макетлар юқори сифатли, аниқ ва илмий асосланган бўлиши талаб этилади. Макетлар музей даражасига мос бўлиши ва вақт омили сифатга таъсир қилмаслигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу соҳадаги муҳим ҳамкорлик ташаббусларидан бири алоҳида эътиборга сазовор. Ўзбекистондаги энг оммабоп телеплатформалардан бири — “Sevimli” телеканали тарихий ёдгорликларнинг макетларини тайёрлаш ишларини амалга оширмоқда.
“Sevimli” телеканали томонидан Ислом цивилизацияси маркази музейига 25 та тарихий меъморий ёдгорлик макетини бепул тақдим этиш режалаштирилган. Ушбу макетлар “Artefact” компанияси томонидан телеканал буюртмасига биноан тайёрланмоқда. Ушбу жараёнда 15 нафар мутахассис – техник ходим ва моделлаштириш дизайнерлари фаол иштирок этмоқда.
И.Аҳмедов тайёрлади.