Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Кийимни кийишда “Бисмиллаҳ” дейиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг зикри ва “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” билан бошланмаган аҳамиятли ҳар бир ишнинг орқаси кесикдир», деганлар.
2. Либосни кийишда ўнг тарафдан бошлаш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар кийинсангиз ўнгдан бошланг”, деганлар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).
3. Либосни кийганда қуйидаги дуони қилиш:
الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي كَسَانِي هَذَا وَرَزَقَنِيهِ مِنْ غَيْرِ حَوْلٍ مِنِّي وَلا قُوَّةٍ
Ўқилиши: “Алҳамду лиллаҳиллазий касаний ҳаза ва розоқанийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин”.
Маъноси: “Менга ушбу либосни менинг тарафимдан ҳеч қандай куч-қудратсиз кийдирган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”.
4. Кийимни ечишда чап тарафдан бошлаш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизлардан бирортангиз пойабзал кийса, ўнгдан, ечганда чапдан бошласин. Кийганда ҳар иккисини кийсин, ечганда ҳар иккисини ечсин”, дейилади (Имом Муслим ривояти).
5. Ечганда ҳам “Бисмиллаҳ” ни айтиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Одам болаларининг аврати билан жинларнинг кўзлари ўртасидаги парда кийимни ечганда “Бисмиллаҳ” дейишдир» (Имом Тобароний ривояти).
6. Янги либос кийганда дуо қилиш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иштон, кўйлак, ридо ёки салла кийсалар, қуйидаги дуони ўқир эдилар:
اللَّهُمَّ لَكَ الْحَمْدُ، أَنْتَ كَسَوْتَنِيهِ، أَسْأَلُكَ مِنْ خَيْرِهِ وَخَيْرِ مَا صُنِعَ لَهُ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّهِ وَشَرِّ مَا صُنِعَ لَهُ
Ўқилиши: “Аллоҳумма лакал ҳамду анта касавтанийҳи асалука мин хойриҳи ва хойри ма суниаъ лаҳу ва аъузу бика мин шарриҳи ва шарри ма суниаъ лаҳу”.
Маъноси: “Аллоҳим, сендан ушбу либосдаги яхшиликни ва унга боғлиқ яхшиликни сўрайман. Ундаги ёмонликдан ва унга боғлиқ ёмонликдан паноҳ сўрайман” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ривояти).
7. Янги либос кийган кишининг ҳаққига дуо қилиш:
“Бахтли ҳаёт кечиринг, шаҳодат билан вафот этинг” (Имом Термизий ривояти).
“Кийиб эскиртираверинг, Аллоҳ ўрнига бошқасини бераверсин” (Имом Абу Довуд ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Тобароний, Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм закотни бермаса, албатта, Аллоҳ уларни қаҳатчиликка гирифтор қилади», деганлар.
Камбағалларнинг ҳаққини поймол қилган ҳар қандай жамият ана шу офатга лойиқдир. Оч-наҳор юрган кишиларнинг ҳаққини бермаган бойларнинг ўзлари ҳам қаҳатчиликка учраб, ноилож ҳолга тушишлари, оч-наҳор қолишлари мумкин. Ҳозирги кунда баъзи юртларда очарчилик-қаҳатчилик бўлиб тургани ҳам бежиз эмас. Ана шу юртларда бўлаётган қаҳатчилик бошқаларга сабоқ бўлиши лозим.
Имом Ибн Можа, Байҳақий, Баззор ва Ҳокимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Молларининг закотини бермасалар, албатта, осмондан ёмғир ёғмас», деганлар.
Демак, баъзи юртларда бўлиб турган қурғоқчиликлар ҳам бежиз эмас. Бу ҳодисалар ҳам бева-бечора, камбағал-мискинларнинг ҳаққини поймол қилган жамиятларда юзага келади.
Имом Бухорий, Имом Шофеъий, Имом Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси молга садақа-закот аралашган бўлса, албатта, уни бузади», деганлар. Яъни, закотини бермаса ҳам, бой бўла туриб, закот олиб, молига қўшиб олса ҳам ўша закот молнинг ҳаммаси қирилиб кетишига сабаб бўлар экан.
Моллари тез-тез ҳалокатга учраётган кишиларни кўрганимизда бу иш бекорга бўлмаётганини ўйлаб, хулоса чиқаришимиз ҳамда молимиз нисобга етиши билан дарҳол закотини бермоғимиз керак.
Яна шуни унутмаслик керакки, закотни бермайдиганларга шариатимиз томонидан белгиланган жазо ҳам бор. Бу жазо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида ўз аксини топган.
Имом Насаий, Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Муовия ибн Хайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким у(закот)ни ажр тилаб берса, унга ажр бор. Ким уни ман қилса, албатта, биз ҳам унинг молининг ярмини оламиз. Бу Роббимизнинг азиматларидан биридир. Оли Муҳаммадга ундан бирор нарса ҳалол бўлмас», деганлар.
Хулоса шуки, мусулмон киши молининг закотини ажру савобдан умидвор бўлиб, бериши керак. Закотини бермаган одамнинг закоти ва унга қўшимча равишда молининг ярми ҳам исломий ҳукумат томонидан олиниб, закотга ҳақдорларга тарқатилади. Закот ёки у сабабли олинган мол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига ҳалол бўлмайди. Шунингдек, закот олишга ҳаққи йўқ бўлган бой кишиларга ҳам ҳалол бўлмайди. Бу мол фақир-фуқаро, бечора камбағалларникидир.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди