Шу йилнинг 14-17 октябрь кунларида Санкт-Петербург ва Россиянинг Шимоли-Ғарбий минтақаси мусулмонлари Диний идораси, Россиянинг Осиё қисми мусулмонларининг Диний идораси, Санкт-Петербург давлат университети, Ислом маданияти, илм-фан ва таълимни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан “Ҳозирги замонда маънавий ва ахлоқий қадриятлар” мавзусида I Халқаро диний саммит ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон домла Иномов иштирок этди.
Конференцияда 55 дан зиёд давлатдан вазирлар ва вазир ўринбосарлари, муфтийлар, диний соҳа ходимлари, академия ва университет ректорлари, мутахассислар, илмий тадқиқотчилар, етакчи диншунос олимлар, илмий, сиёсий ва жамоат арбоблари, миллий диаспоралар вакиллари, талабалар ҳамжамияти ҳамда дипломатик корпус вакиллари қатнашди.
Нуфузли симпозиумда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон домла Иномов томонидан I Халқаро диний саммит иштирокчиларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг салом ва дуою хайрларини етказиб, юртимизда диний-маърифий соҳадаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Саммит доирасида Ўзбекистондаги бу хайрли ишларга юксак баҳо берилди. Шунингдек, бир қатор юқори мартабали меҳмонлар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотуридийлар юртига бориш истакларини самимий изҳор этишди.
Анжуман давомида мавзу доирасида маърузалар қилиниб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Андижон вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Шоирахон ҳожи онанинг умр йўлдошлари Одилжон отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Шоирахон ҳожи онага, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz