Эр аёлига: – Сенга кимдир 10 миллион доллар бераман, деса олармидинг?
Аёли: – Ҳа, албатта оламан.
Эр: – Унга нима дер эдинг?
Аёли: – Раҳмат дердим.
Эр: – Агар ўша пулни бир шарт билан, яъни эртага тонгда уйғонмайсан деса ҳам олармидинг?
Аёл: – Йўқ.
Эр: – Англадингми, эрта тонгда уйғониш 10 миллион доллардан ҳам қимматли.
Аёли: – Ҳа, шундай.
Эр: – Шундай экан ҳар тонгда ҳаётингдан рози бўлиб, шукрона билан уйғонгин. Умрнинг ҳар бир сониясини қадрига етгин.
Бу ҳикоядан хулоса шуки, бугун вақтнинг қадрига етишни унутиб қўйяпмиз. Қўлимиздаги телефон сўнгги русумда бўлса-да, янги чиқса ўшани олишга, миниб турган машинамиз ҳолати яхши бўлишига қарамасдан бошқасини олишга ҳаракат қиламиз. Лекин бирор қариндошимиз ёки ён қўшнимизнинг оч-тўқлиги билан ишимиз йўқ. Фақат ўзимизни ўйлаймиз. Нима бўлса ҳам бу ҳаётда камтар, ҳар нарсани қадрига етишимиз ва энг муҳими инсонийлигимизни унутиб қўймайлик.
АЛЛОҲ ҳаммамизга инсоф бериб тўғри йўлдан адаштирмасин!
Акбаршоҳ Расулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Овқатланишда ўн икки хусусиятга риоя қилиш лозим. Улардан тўрттаси фарз, тўрттаси суннат ва тўрттаси одоб.
Фарзлар:
1. Аллоҳнинг номини зикр қилиш (бисмиллаҳ айтиш),
2. Ҳалол ва пок овқат истеъмол қилиш,
3. Бор нарсага рози бўлиш,
4. Неъмат учун шукр қилиш.
Суннатлар:
1. Ўнг оёқ устида ўтириш,
2. Овқатни ўз олдидан олиб ейиш,
3. Ўнг қўлнинг учта бармоғи билан овқатланиш,
4. Бармоқларни ялаб тозалаш.
Одоблар:
1. Овқатдан олдин ва кейин қўл ювиш,
2. Луқмани кичик қилиш,
3. Овқатни яхши чайнаш,
4. Бошқа овқатланаётган кишиларнинг юзларига тикилмаслик.
(Ҳасан Басрийнинг одоблари, зуҳди ва мавъизалари, Ибн Жавзий, 50-бет).
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ