Эр аёлига: – Сенга кимдир 10 миллион доллар бераман, деса олармидинг?
Аёли: – Ҳа, албатта оламан.
Эр: – Унга нима дер эдинг?
Аёли: – Раҳмат дердим.
Эр: – Агар ўша пулни бир шарт билан, яъни эртага тонгда уйғонмайсан деса ҳам олармидинг?
Аёл: – Йўқ.
Эр: – Англадингми, эрта тонгда уйғониш 10 миллион доллардан ҳам қимматли.
Аёли: – Ҳа, шундай.
Эр: – Шундай экан ҳар тонгда ҳаётингдан рози бўлиб, шукрона билан уйғонгин. Умрнинг ҳар бир сониясини қадрига етгин.
Бу ҳикоядан хулоса шуки, бугун вақтнинг қадрига етишни унутиб қўйяпмиз. Қўлимиздаги телефон сўнгги русумда бўлса-да, янги чиқса ўшани олишга, миниб турган машинамиз ҳолати яхши бўлишига қарамасдан бошқасини олишга ҳаракат қиламиз. Лекин бирор қариндошимиз ёки ён қўшнимизнинг оч-тўқлиги билан ишимиз йўқ. Фақат ўзимизни ўйлаймиз. Нима бўлса ҳам бу ҳаётда камтар, ҳар нарсани қадрига етишимиз ва энг муҳими инсонийлигимизни унутиб қўймайлик.
АЛЛОҲ ҳаммамизга инсоф бериб тўғри йўлдан адаштирмасин!
Акбаршоҳ Расулов
Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
Аллоҳ таоло бандаларига:
لا تقنطوا
"ноумид бўлманглар" деган.
Яъқуб алайҳиссалом ўғилларига:
لا تياسوا
"ноумид бўлмангиз" деган.
Юсуф алайҳиссалом укасига:
لا تبتئس
"ташвиш чекма" деган.
Шуайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга:
لا تخف
"қўрқма" деган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуга:
لا تحزن
"маҳзун бўлманг" деганлар.
Ташвишли дамларда инсон қалбига хотиржамлик солиш илоҳий манҳаждур. Бас, шундай экан, доимо "алҳамду лиллаҳ" денг.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ