Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Январ, 2025   |   24 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:19
Қуёш
07:41
Пешин
12:40
Аср
15:48
Шом
17:32
Хуфтон
18:49
Bismillah
24 Январ, 2025, 24 Ражаб, 1446
Мақолалар

Ёлғон гапиришнинг соғлиққа таъсири

25.10.2024   4087   3 min.
Ёлғон гапиришнинг соғлиққа таъсири

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Дунёнинг қатор университетларининг олимлари ёлғон гапириш соғлиққа зарар қилиши борасида тадқиқотлар олиб борганлар. Масалан, АҚШдаги энг нуфузли университетлардан бири сифатида тан олинган Нотр-Дам университети физиологлари томонидан 18 ёшдан 71 ёшгача бўлган 110 киши иштирокида тадқиқот ўтказилди.

Кўнгилли иштирокчиларнинг ярми (55 нафари)га 10 ҳафта давомида ёлғон гапирмаслик “вазифаси” топширилди, қолган ярмига эса ёлғон гапириш ёки ҳақиқатни айтиш ҳақида ҳеч қандай кўрсатма берилмади.

Тажрибадан 10 ҳафта ўтгач, “ёлғон гапиришдан қочган” биринчи гуруҳ иккинчисига қараганда жисмоний саломатлик кўрсаткичлари юқори бўлган. Шунингдек, фақат ҳақиқатни айтган иштирокчилар бу вақт ичида яқинлари билан муносабатлари сезиларли даражада яхшиланган ва ўзларини бахтли ҳис қилишган.

 

Стресс – асаб тизими

Аризона университети олимлари, ёлғон гапириш мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатишини аниқлашди. Чунки ёлғон гапирганда одам стрессни бошдан кечиради.

 

Юрак хуружи – инсульт

Мунтазам равишда бундай ҳолатнинг содир бўлиши натижасида юрак-қон томир тизими зарар кўради. Натижада, юрак хуружи ва инсульт эҳтимоли сезиларли даражада ошади.

 

Уйқусизлик

Ёлғон натижасида инсон “катта энергия” сарфлайди. Ёлғоннинг сезилмаслигини таъминлаш учун “катта ақлий энергия” сарфланади. Бу асаб тизимининг фаоллашишига олиб келади. Натижада уйқусизлик келиб чиқади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ёлғон гапирадиган одамлар уйқу муаммоларидан кўп шикоят қиладилар.

 

Иммунитет тизимининг заифлашиши

Ёлғон сурункали ҳолатга келганда, у иммунитет тизимига жиддий зарар этказади. Стресс гормонларининг мунтазам ишлаб чиқарилиши танани заифлаштиради, бу эса одамни вируслар ва инфекцияларга мойил қилади. Тадқиқотларда ушбу ҳақиқат тасдиқланган: ёлғон гапиришни одат қилган одамларда бош оғриғи, шамоллаш ва ошқозон муаммолари кўпроқ учрайди.

 

Ошқозон муаммолари

Ёлғон сўзлаш – овқат ҳазм қилиш тизимини ҳам ишдан чиқаради. Одамнинг оғзидан ёлғон чиқиши биланоқ организм миядаги кортизол гормонини чиқаради.

Кортизол ички органларнинг ишини мураккаблаштиради, уларни стресс ҳолатига олиб келади, бу эса қорин оғриғи, диарея, кўнгил айниши ва ошқозон касаллигига олиб келади. Натижада овқат ҳазм қилиш функцияси бузилади, кислоталик ошиб кетади ва ичакдаги фойдали бактериялар йўқолади.

 

Яна бошқа касалликлар...

Шунингдек, ёлғон гапириш – бодомсимон безга, саратон, семизлик, руҳий тушкунлик, ўз ишидан қониқмаслик ва одамлар билан ёмон муносабатда бўлиш хавфини ошириши аниқланган.

 

Энг катта ва оғир гуноҳ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттаси ҳақида хабар берайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, дедилар ва ёнбошлаган ҳолларидан ўтириб олдиларда: “Ёлғон гувоҳлик бериш ёки ёлғон гапириш”, деб қайта-қайта такрорладилар.

Шундай экан, ёлғон сўзлашни тарк қилишга ҳаракат қилинг. Энг аввало гуноҳдан тийилган, қолаверса, соғлиқингизни сақлаган бўласиз.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ўзга дин вакиллари билан муомала

22.01.2025   3695   6 min.
Ўзга дин вакиллари билан муомала

Инсониятга гўзал ахлоқни ўргатиб, уларни комил инсон бўлиб етишишларида йўл-йўриқлар кўрсатишлари учун Пайғамбарларни йўлчи юлдуз қилиб юборган Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналар бўлсин.

Гўзал хулқларни камолга етказиш учун юборилган ва ўзининг ҳаётида барчага энг олий намуна бўлган ҳазрати Пайғамбаримизга беадад дуруду салавотлар ва саломлар бўлсин.

Юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт, кучли ҳуқуқий-демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эзгу мақсад замирида инсон ва унинг манфаатлари мужассам бўлиб, унинг самарадорлиги халқимиз маънавий-руҳий ва маърифий қарашларидаги янгила­ниш, жамиятимиз онгу тафаккуридаги юксалиш билан узвий боғлиқ.

Бағрикенглик мавзусида  фикр юритган уламолар ҳам Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар асосида унинг ўзига хос усулларини ишлаб чиқдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар, тобеинлар томонидан асос солиб бойитилган бағрикенглик борасидаги қарашлар  мусулмонларнинг бошқа дин вакиллари билан аҳил-иноқ бўлиб яшашларида ўзига хос из қолдирган. Ота-боболаримиз ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратишган.

Жаҳонда глобалашув жараёни давом этаётган бир пайтда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик  муҳим тушунча саналиб, инсоният тарихида юз берган кўплаб аҳолининг осойишталигига раҳна солувчи дунё миқёсидаги урушларнинг, агрессив сиёсатларнинг, ирқчилик ва сегрегация(одамларни мажбурий тарзда ирқий, этник ва бошқа гуруҳларга ажратиш) каби разил одатларнинг барҳам топишида, халқлар, давлатлар, жамиятлар ва миллатлар ўртасида дўстона муносабатларнинг шаклланиши ва ривожланишида асосий ҳамда самарали йўлдир.

Ислом тарихида мусулмонларнинг бошқа дин вакиллари билан ўрнатган муносабатларини ўрганиш, унинг ижтимоий-сиёсий манбалари ва ривожланишининг асосий йўналишлари масаласи ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда.

Ўзбекистоннинг стратегик тараққиётида “Динга ҳурмат ва эътиқод – ўлмас қадрият” сифатида белгилаб қўйилган. Унга кўра, икки тушунча муҳим ўрин тутади:

"Биз ўз муқаддас динимиз ва эътиқодимиздан ҳеч қачон воз кечмаймиз".

 "Муқаддас динимиз шаънига доғ тушурмоқчи бўлган, ундан ғаразли сиёсий мақсадларда фойдаланишни истайдиган кимсалар ва кучлар билан ҳеч қачон муроса қилмаймиз".

Бу икки муҳим омил жамиятимизда диний бағрикенглик туйғусини шакллантиришда асосий рол уйнайди. Чунки халқимизнинг аксар қисми ислом динига эътиқод қилади. Қолаверса, халқимизнинг миллий қадриятлари ва урф-одатлари ислом дини билан боғлиқдир. Ҳамда бошқа дин эътиқодчилари билан диний бағрикенглик муносабатида бўлиш биз ўйлаган эзгу мақсадларга эришишни осонлаштиради.

Ислом нуқтаи-назаридан бошқа дин вакиллари икки тоифага бўлинади: 

1. Бутпараслар, мажусийлар, даҳрийлар  ва собийилар (юлдузларга сиғинувчилар)

2. Аллоҳ тарафидан туширилган самовий китобларга эътиқод қилувчи яҳудийлар, насронийлар; мусулмонларга қарши уруш очмаган барча халқлар билан уларнинг дину диёнати, ижтимоий ҳолати, ирқи ва насаби, танасининг рангидан қатъи назар, доимий ҳамкорлик олиб боришга, уларга яхшилик ва адолат қилишга тарғиб бор.

Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасида шундай марҳамат қилади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана сураси, 8-оят).

Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин – мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан, агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда.

Ушбу ҳукм Ислом динининг нақадар инсонпарвар ва кенгбағр дин эканининг ёрқин далилидир. Бу дин бошқа диндагиларга яхшилик қилишдан ҳеч кимни ман қилмайди. Ислом динида бошқа дин вакиллари орасида айниқса, аҳли китобларга муомала қилишга алоҳида аҳамият берилган бўлиб, Аллоҳ таоло уларнинг таомларини ейишни ва аёлларига уйланишни ҳалол  қилди. Моида сурасининг 5-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, Аҳли Китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол ва таомингиз улар учун ҳалолдир. Зинокорлик ва махфий ўйнаш қилиб олиш учун эмас, балки маҳрларини берсангиз, мўмина аёлларнинг иффатлилари ва сизлардан олдин китоб берилганларнинг иффатли аёллари (ҳам ҳалолдир)...”     

Мусулмонлар билан бир жамиятда  яшайдиган аҳли китоблар аҳли зимма деб аталиб уларнинг исломда ўзига яраша ўрни бор ҳамда уларга ўзига хос муомала қилинади.

Исломда мусулмонлар билан бир ўлкада яшайдиган бошқа дин вакилларини “Аҳли зимма” ёки “ Зиммий” номи билан ишлатиш жорий бўлган. “Зимма” сўзи аҳд, кафиллик, омонлик деган маъноларни англатади. Бундай номланишининг сабаби шундаки улар учун Аллоҳ ва унинг расулининг, қолаверса мусулмон жамоасининг аҳди бўлганлиги учундир. Ушбу аҳди туфайли улар ислом ҳимоясида тинч, хотиржам яшашади. Шунингдек улар мусулмонларнинг омонлигида ва кафиллигида бўлади. Бу аҳд уларга ўзига яраша ҳақ- ҳуқуқлар бериши билан бирга ўзига хос бурч ва вазифаларни ҳам юклайди.

Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан қабул этардилар.

Мусулмонлар томонидан фатҳ этилган халқлар исломни қабул қилишга мажбурланган, деган сохта даъволар ва тасаввурлар ғарб тадқиқотчиларининг ўзлари томонидан ҳам рад қилинди, мусулмонларнинг адолатли ва диний хайрихоҳлик билан муносабатда бўлишини ҳамма тан олди. Бу тўғрида дин тарихчиси Л. Браун шундай дейди: "Мусулмонлар ўз давлатларига қўшиб олган халқларни қилич билан исломни қабул қилишга мажбурлаган, деган даъволар ғирт тўқима. Буни исбот талаб қилмайдиган далиллар тасдиқлаб турибди. Уларни янги фатҳларга руҳлантирган динамик омил бу бирдамлик ва иймон эди. Бу худди сел каби кенгайиб бораётган дарёга ўхшайди".

Тарих давомида жуда кенг ҳудудларни бошқарган мусулмон ҳукмдорлар бошқа динларнинг вакилларига фавқулодда ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлганлар. Ислом давлатларида яҳудий динидагилар ҳам, насронийлар ҳам ҳамиша тўла хавфсизликда, тинч-осойишталикда, диний эркинликда яшаб келганлар.

Буларнинг барчаси ислом бутун оламларга раҳмат ўлароқ келганидандир. Бундай мурувват бошқа бирор маконда ва замонда кўрилган эмас.

 

Асадуллоҳ Қудратуллоҳ,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси