Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446

Муфтий ҳазратлари сайловда муносиб номзодларга овоз бердилар

27.10.2024   2551   2 min.
Муфтий ҳазратлари сайловда муносиб номзодларга овоз бердилар
#xabar #saylov
 
Бугун, 27 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимиз тарихидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сайловида қатнашиб, муносиб номзодларга овоз бердилар.

Ватан келажаги, жамият осойишталиги ва халқ саодатини таъминлашда муҳим бўлган мазкур умумхалқ сайлови жараёнлари юртимизда очиқлик ва шаффофлик асосида ўтмоқда. Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган 576-сайлов участкасига келиб, овоз бериш жараёнида қатнашдилар.

Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари ушбу участка мутасаддилари, нуронийлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари билан суҳбат қуриб, овоз бериш жараёнлари ҳақида қуйидаги фикр-мулоҳазаларини билдирлар:

– Аллоҳ таолога шукрки, бугун тарихий воқеада иштирок этиш бахтига муяссар бўлдик. У ҳам бўлса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига овоз бериш кунидир. Мен ҳам мана шундай бир юртнинг фуқароси сифатида овоз беришда иштирок этдим. Биз ҳам она Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигига ҳисса қўшадиган, муносиб номзодларга яхши ният ила овоз бердик.

Сайлов участкаларида овоз бериш учун барча шароитлар ҳозирлангани барчани мамнун этмоқда. Ислом манбаларида сайлаш ва сайланиш ҳақида ҳам баён этилган, халқ жамият бошқарувида иштирок этадиган ўз вакилларини сайлаб олиши зарурдир. Шу боис ҳам давлат ва жамият тараққиёти, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, ёшларни илм-маърифатли қилишга ҳисса қўшадиган муносиб номзодларни танлаш ва сайлаш – ўта муҳим масаладир.

Таъкидлаш жоизки, бугунги овоз бериш жараёнларида диний соҳа ходимлари, уламолар, имом-хатиблар, отинойилар ва мударрислар ҳам фаол иштирок этиб, барчага намуна бўлмоқдалар. Зеро, сайловчилар фаоллиги миллат ҳамжиҳатлигини, ўз келажагига бўлган ишончни, олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватланишини яққол намоён этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Муфтий ҳазратлари сайловда муносиб номзодларга овоз бердилар Муфтий ҳазратлари сайловда муносиб номзодларга овоз бердилар Муфтий ҳазратлари сайловда муносиб номзодларга овоз бердилар Муфтий ҳазратлари сайловда муносиб номзодларга овоз бердилар Муфтий ҳазратлари сайловда муносиб номзодларга овоз бердилар Муфтий ҳазратлари сайловда муносиб номзодларга овоз бердилар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Марям алайҳассалом ташвишларини намоз билан енгар эди

27.11.2024   787   5 min.
Марям алайҳассалом ташвишларини намоз билан енгар эди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Марям алайҳассаломнинг оналари туғилажак ўғил фарзандини Аллоҳ таолога назр қилган эдилар. Аммо ўғил эмас, қиз фарзанд туғилди. Аллоҳ таоло Марям алайҳассаломни тарбиялашни Закариё алайҳиссаломга топширди: «Робби уни ҳусни қабул айлаб, гўзал тарзда ўстирди ва унга Закариёни кафил қилди» (Оли Имрон сураси, 37-оят).

Ийсо алайҳиссалом туғилишларидан бироз аввал, Марям онамиз меҳробда турганларида фаришталар Ийсо алайҳиссаломнинг туғилишлари, пайғамбар бўлишлари ҳақидаги хушхабар келтирдилар.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ўшанда фаришталар «Эй Марям, Аллоҳ сени танлаб олди, поклади ва бутун оламдаги аёллардан устун қилди. Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил, рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», дедилар» (Оли Имрон сураси, 42-43-оятлар).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таолони Марям алайҳассаломни барча ёмон сифатлардан пок сақлади, буюк мўъжиза кўрсатиб, Ийсо алайҳиссаломнинг дунёга отасиз келишларни ирода қилди. Мана шу жиҳат билан Аллоҳ таоло Марям онамизни оламдаги барча аёллардан устун қилди. Бундай шараф бирор аёлга насиб этган эмас! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдаги энг яхши аёллар тўрттадир: Марям бинт Имрон, Хадича бинт Хувайлид, Фотима бинт Муҳаммад ва Фиръавннинг аёли Осиё”, деганлар.

Фаришталар “Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил” деб, Марям онамизга қунут (намозда узоқ қироат қилиш), сажда қилиш, жамоат билан намоз ўқиш, мўминлар билан бир сафда бўлиш буюрилганини хабар қилдилар.

Демак, Марям онамизга икки нарса буюрилган экан.

Биринчиси – қиём ва саждани узоқ қилиш. Бу икки буйруқнинг бир ўринда келишига сабаб шуки, бу икки амалнинг намоздаги ўрни, улуғлиги бир хил, қиём ва саждани узоқ қилиш эса ёлғиз намоз ўқишга хосдир.

Иккинчиси – намозни жамоат билан ўқиш, рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қилиш.

Эътибор беринг, фаришталар Саййида Марям алайҳассаломга бу хушхабарларни айтгач, намоз ҳақидаги буйруқни етказдилар. Зеро, бу улуғ мавқенинг шукри намоз билан адо бўлади. Аллоҳ таоло танлаб олинган зотларга шунга яраша синовлар келади. Синовларга бардош бериш учун энг муносиб омил эса намоздир. Синовлар келгач, Марям онамиз ёлғиз ҳолда ҳам, жамоат билан ҳам намоз ўқишга кўп муҳтож бўладилар. Оятлардан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло бир бандага яхшилик ато этса, ундан талаб этиладиган ибодатларни янада кўпайтиради. Шунинг учун фаришталар Аллоҳ сени танлаб олди, поклади, бутун оламдаги аёллардан устун қилди, деган хабардан кейин Марям онамизга Аллоҳ таолога бардавом ибодат қилиш, сажда ва рукуъни узоқ қилиш ҳақидаги буйруқларни етказдилар.

Демак, Аллоҳ таоло бир инсонга кўплаб неъматлар ато этса, бу неъматларнинг шукри ўлароқ, Аллоҳга янада кўпроқ ибодат қилиш, рукуъ ва сажда қилиш лозим экан.


Бир қиз айтади: «Мен намоз ўқишни жуда яхши кўраман, айниқса саждага ошиқман. Ҳаётимдаги энг яхши маконимжойнамозим. Бунинг сабаби – Қуръон ўргатган муаллимамиз бизга саййида Марям алайҳассаломнинг қиссаларини кўп марталаб айтиб бериб, охирида: «Бахтли бўлиш учун саййидамиз Марям алайҳассалом каби бўлинглар!» дер эдилар. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилган: «Ўшанда фаришталар «Эй Марям, Аллоҳ сени танлаб олди, поклади ва бутун оламдаги аёллардан устун қилди. Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил, рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», дедилар» (Оли Имрон сураси, 42-43-оятлар).

У пайтларда намоз фақат рукуъдан иборат бўлган. Сажда алоҳида ибодат бўлган, намоз амалларининг ичида бўлмаган. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзига яна ҳам яқинроқ бўлсин деб, Марям алайҳассаломга намозда сажда қилишни буюрди. Марям алайҳассалом ҳам фаришталарнинг тавсиясига лаббай деб жавоб берди, шу тариқа намоз ва бошқа ибодатлар учун ажратилган алоҳида жой – меҳроб унинг энг севимли маконига айланди.

Аллоҳ таоло айтади: «Закариё қачон унинг олдига, меҳробга кирса, унинг ҳузурида ризқ кўрар эди» (Оли Имрон сураси, 37-оят).

Закариё алайҳиссалом меҳробда тоат-ибодат, зикр-тасбеҳ ва Таврот тиловати билан машғул бўлар эдилар. «Меҳроб» араб тилида ҳарб, яъни жанг қилинадиган жой деган маънони билдиради. Ибодат қилинадиган жойнинг меҳроб деб аталишига сабаб шуки, бу ерда инсон Аллоҳга ибодат қилиб, шайтон билан курашади, унинг ҳийла-найрангларини даф қилади. Инсон меҳробда, саждагоҳда, жойнамозда фақат шайтон билан эмас, балки ўзининг ғам-қайғулари билан ҳам курашади, Роббига дардларини тўкиб солиб, улардан халос бўлади.

Марям алайҳассалом жуда кўп қийинчиликларга, синовларга, ташвишларга дуч келдилар. Ана шундай қийин вазиятларда сабр қилишлари учун энг яхши ҳамроҳ – намоз бўлди. Шундай экан, сиз ҳам Марям алайҳассалом каби бўлинг, қайғуларингизни рукуъ ва сажда билан қарши олинг! Ҳаёт машаққатларини жойнамоз устида, сажда қилиш билан маҳв этинг!».

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

 

Мақолалар