Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Январ, 2025   |   22 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:43
Пешин
12:40
Аср
15:46
Шом
17:30
Хуфтон
18:47
Bismillah
22 Январ, 2025, 22 Ражаб, 1446
Мақолалар

Қабрларга нисбатан наҳий қилинган ишлар

28.10.2024   2508   4 min.
Қабрларга нисбатан наҳий қилинган ишлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: نَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يُجَصَّصَ الْقَبْرُ، وَأَنْ يُقْعَدَ عَلَيْهِ، وَأَنْ يُبْنَى عَلَيْهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ. وَلَفْظُ التِّرْمِذِيِّ: نَهَى النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ تُجَصَّصَ الْقُبُورُ، وَأَنْ يُكْتَبَ عَلَيْهَا، وَأَنْ يُبْنَى عَلَيْهَا، وَأَنْ تُوطَأَ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрни бўр билан сувашни, унинг устига ўтиришни ва унинг устига бино қуришни наҳий қилганлар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Термизийнинг лафзида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларнинг бўр билан сувалишидан, уларнинг устига ёзилишидан, уларнинг устига бино қурилишидан ва босилишидан қайтарганлар», дейилган.

Шарҳ: Фақат Имом Шофеъий қабрни лой билан суваб қўйишга рухсат берганлар.

Қабр устига бошқа ҳар қандай нарсани қилиш мумкин эмас. Албатта, юқорида айтиб ўтилган белгилаш учун тош қўйиш бундан мустасно.

Қабрлар инсон хотирасидаги ҳассос нарсалардан бўлганлиги учун ва ўтган умматларнинг залолатга кетишининг сабабларидан бири айнан қабрлар бўлганлиги сабабли Исломда бу масалага алоҳида эътибор билан қаралган. Биз ўрганаётган ҳадиси шарифларда ҳам мазкур эътибор қисман ўз аксини топган.

Ушбу ҳадисда қабрларга нисбатан наҳий қилинган ишлар санаб ўтилмоқда:

1. «Қабрни бўр билан суваш».

Бўрсувоқ лойсувоқдан кўра бир оз зийнатли чиқиши, ранги оқ бўлиши маълум. Шуни эътиборга олган ҳолда қабрга нисбатан бу иш ман қилинган. Чунки бу ишда тириклар учун керак бўлган молни зое қилиш бор. Исломда эса ҳар қандай молни зое қилиш ҳаромдир. Бир оз ақл юритилса, қабр устига бўрсувоқ ман қилинганидан кейин ундан кўра кўп маблағ сарфланадиган нарсаларни қилиш умуман мумкин бўлмайди. Бинобарин, турли бошқача сувоқлар қилиш, тошлар ётқизиш, занжир, панжара тортиш ва ҳоказолар мутлақо ман этилади.

Иккинчидан, қабрнинг устига олтин суви юритишдан ҳам на қабрнинг ичидаги ўликка, на бу ишни қилган тирикка ва ёки бошқа бирор жонзотга ҳеч бир фойда бўлмайди. Бефойда ишни қилиш эса мусулмон инсон учун ҳаромдир.

Учинчидан, қабр оддий, табиий ҳолида турса, ёққан қор-ёмғирдан, ўсган ўт-ўланлардан қабр ичидаги маййитга фойда тегади. Қабр устини турли нарсалар билан ёпганлар эса маййитни бу хайрдан маҳрум қиладилар.

2. «Қабр устига ўтириш».

Шунингдек, қабр устида тик туриш ёки ётиш ҳам мумкин эмас. Чунки бу ишда қабр ичидаги мусулмон бандага ва унинг яқин кишиларига нисбатан ҳурматсизлик бор.

3. «Қабр устига бино қуриш».

Бунда ҳам бўр билан сувашдаги ҳикматлар каттароқ ҳажмда айтилади.

Имом Моликнинг шогирдлари Ибн Абдулҳакам: «Қабри устига бино қуришни васият қилган одамнинг васиятига амал қилинмайди. Шунга биноан, қабрлар устига қурилган нарсалар бузиб ташланиши керак», деган.

4. «Қабрнинг устига ёзиш».

Жумҳур уламолар «Қабр устига унинг эгасининг исмини ҳам, бошқа бирор нарсани ҳам ёзиш мумкин эмас», деганлар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари «Қабрнинг йўқолиб кетиши ёки хорланиши эҳтимоли бўлганда ҳожат тушса, белги бўладиган нарсани ёзса бўлади», деганлар.

Ҳозирги кунда ушбу нарсаларни яхшилаб ўрганиб, шариат бўйича иш кўришга жуда катта эҳтиёж бор. Баъзи жойларда ушбу таълимотларга мутлақо амал қилмай қўйилган.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

2025 йилги қорақалпоғистонлик илк зиёратчилар умра амалини бажариб келди

21.01.2025   3286   1 min.
2025 йилги қорақалпоғистонлик илк зиёратчилар умра амалини бажариб келди

Шу йил январь ойининг биринчи ярмида юртимиздан умра зиёратини адо қилиш учун кетган 48 нафар ҳамюртимиз умра амалларини бажариб, юртимизга келди. Уларни Нукус халқаро аэропортидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний мадрасаси, имом-хатиблар, зиёратчиларнинг яқин қариндошлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олишди. 

ؘ– Умра амалларини адо этишга улкан имконият ва қулайликларни ҳозирлаб берган муҳтарам Юртбошимиз ва мутасадди раҳбарларга ташаккур. Мадина ва Макка шаҳарларида зиёратчилар учун кўрсатилаётган хизматлар ҳаммаси кўнгилдагидек. Ҳамсафарларимиз ҳам миннатдор. Сафар давомида ибодат амалларини адо этиш чоғида юртимиз тинчлиги ва хотиржамлиги учун дуолар қилдик», – дейди зиёратчилардан бири. 

Дарҳақиқат, барча мўмин-мусулмонлар катта савобларга эришиш ва гуноҳлардан покланишдан умид қилган ҳолда Умра ибодатини бажаришга интилади. 


Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал бажаринг”, – дейди. Шунингдек, умра амали учун катта мукофотлар ваъда қилинган. Пайғамбар алайҳиссалом ўз ҳадиси шарифда: “Умра (олдин қилинган) умрагача (бўлган) иккаласининг ўртасидаги (сағира гуноҳлар)га каффорот бўлади” (Имом Муслим ривояти). 

Мирас АББАЗОВ,

Қорақалпоғистон мусулмонлари

қозиёти ходими

2025 йилги қорақалпоғистонлик илк зиёратчилар умра амалини бажариб келди
Дунё янгиликлари