Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси "Шамсуддинхон Бобохонов" (олдинги "Мовароуннаҳр") нашриёт-матбаа ижодий уйида бир неча йиллар давомида фаолият юритган Толибжон Қодировнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Толибжон Қодиров "Хожа Бухорий" мадрасаси ва Тошкент ислом институтида илм олиш билан бирга кўп йиллар дину диёнатга хизмат қилиб, кўплаб диний-маърифий китоблар нашр этилишига ҳисса қўшдилар ва мўмин-мусулмонлар меҳру муҳаббатини қозонган эдилар.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Жаноза намози бугун, пойтахтимиздаги "Ваққос ота" жоме масжидида пешин намозидан сўнг ўқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати